“Central Asian Analytical Network CAAN”: “Бутун Марказий Осиё учун олтин кун. Бу кун тарих дарсликлари саҳифасидан жой олади”
  • 12 Март 2018

“Central Asian Analytical Network CAAN”: “Бутун Марказий Осиё учун олтин кун. Бу кун тарих дарсликлари саҳифасидан жой олади”

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Тожикистон Республикаси Президенти Имомали Раҳмоннинг таклифига биноан 9-10 март кунлари ушбу мамлакатга амалга оширган давлат ташрифи нафақат икки мамлакат ва минтақа ҳаётида яна бир улкан бурилиш даврига асос солди, балки дунё сиёсат майдонида прагматизмнинг ёрқин кўриниши ва йирик ўзгаришларнинг жиддий дебочаси сифатида кутиб олинди. 

Энг муҳими, янгиланиш айёмидаги кўтаринки руҳда ўтказилган тадбирларни оддий одамлардан тортиб сиёсатчилар, журналистлар, ишбилармонлар, хоҳ у ўзбек бўлсин, хоҳ тожик, катта қувонч ва некбинлик билан кузатиб борди. 

Буни тожикистонлик қардошларимизнинг интернет саҳифаларида билдираётган кўплаб фикрлари мисолида ҳам яққол кўриш мумкин. Мана, уларнинг айримлари билан танишиб кўринг. 

“Мен ўз хоҳиш-иродам билан шодликларга тўлиб Шавкат Мирзиёевга пешвоз чиққан бўлар эдим. Ватанимизга хуш келибсиз! Энди виза тизими бекор қилиниши билан дўстларимни оламан-да, Ўзбекистонга бораман”, — дейди тожикистонлик оддий меҳнаткаш Раҳим Сафарзода.

Бундай юракдан чиққан сўзларни ушбу мамлакатдаги таниқли сиёсатчи, социал-демократик партия етакчиси Раҳматилло Зоиров ҳам ўзининг “Facebook” ижтимоий саҳифасида билдириб ўтган. Р. Зоировнинг ёзишича, Ўзбекистон раҳбарининг ташрифи унинг қачондан бери қилиб келаётган орзусини рўёбга чиқарди. У маъмурий тўсиқлар бартараф этилиши, таълим, маданият, дин ва инсон ҳуқуқлари принципларига риоя қилиш соҳасидаги ҳамкорлик йўлга қўйилишига умид билдириб, Шавкат Мирзиёевнинг Тожикистонга ташрифи иккитомонлама муносабатларда янги саҳифа очишини айтиб ўтган. 

Фуқаролар фаоли Идрис Жонмамадов ҳаяжон билан ёзади:

“Қардош Тожикистонга хуш келибсиз, муҳтарам Шавкат Миромонович. Ниҳоят, бизнинг қардош халқлар бир-бирларига ўз эшикларини очди. Буни биз қанчалик кутган эдик!”

Тожикистонлик олим ва жамоат арбоби Анвар Мақсудов эса икки халқ ўртасидаги дўстлик рамзи сифатида ўз юртидаги парк ёки майдонлардан бирига Қори Ниёзий номини бериш кераклиги таклифига тўхталиб ўтган.

Хабарингиз бор, Қори Ниёзий Хўжандда туғилган бўлиб, Ўзбекистон Фанлар академиясининг биринчи президенти сифатида фаолият олиб борган.

Тожикистонлик Дилшод Жўраев ҳам ўз хурсандчилигини “Facebook” ижтимоий саҳифасида шундай изҳор этиб ўтган: “Ниҳоят, 25 йил ўтиб мамлакатларимиз ўртасидаги алоқалар яна мустаҳкамланмоқда ва бу катта қувончдир. Айни пайтда ҳар биримиз учун имконият пайдо бўлдики, Самарқанд ва Бухорога исталган вақтда бора оламиз, у ерда тажриба алмашиб, дўстларни таклифи қиламиз ва ўз бизнесимиз географиясини кенгайтирамиз.

Бизнинг “#55” компанияси ўз йўлида давом этади: қўшни Ўзбекистон бизга дунёқараш ва маданият бўйича жуда яқин ва биргаликда аъло даражадаги қўшма лойиҳалар қила оламиз”.

Табиийки, бундай фикрлар билдиришда Ўзбекистон Президентининг ташрифига бевосита гувоҳ бўлган тожикистонлик журналистлар ҳам фаол бўлди.  

“Муҳитдан шуни билиш мумкинки, муҳокамалар жуда самарали бўлди, - деб ёзади интернетдаги саҳифасида журналист Назарали Пирназаров. – Иккала Президент ҳам тез-тез табассум қилиб, бир-бирларига нафақат дўст дея, балки ака-ука дея мурожаат қилишди. Ҳурмат-иззат кўрсатишда жуда кўп сўзлар айтилди. Шавкат Мирзиёев бунга жавобан Имомали Раҳмон Ўзбекистонга ташрифи чоғида ҳурмат-иззат бундан кам бўлмаслигига ваъда берди. Ўзаро товар айирбошлаш ҳажмини 1 миллиард долларгача етказиш марраси ўртага қўйилди, бу билан икки мамлакат Бош вазирлари шуғулланади. Томонлар савдони 100 миллион долларга молиялаштириш бўйича келишувга имзо чекишди. Шавкат Мирзиёев ва Имомали Раҳмон икки ўртада ҳал этилмаган масала қолмагани, ўзаро чегара эса “дўстлик ва тотувлик” чегараси бўлишини таъкидлади. Шавкат Мирзиёев Роғун ва бошқа гидроэнергетика объектларини қуриш кераклигини, чунки Ўзбекистоннинг электр энергиясига бўлган эҳтиёжининг 32 фоизи келгусида ГЭСларда ишлаб чиқарилган электр энергияси ҳисобига қопланишини айтиб ўтди. Бу Тожикистоннинг мазкур соҳадаги салоҳиятини инобатга олганда жуда муҳимдир. Томонлар, шунингдек, Тожикистондаги Сарез кўли ресурсларидан биргаликда оқилона фойдаланишга келишиб олишди. Қисқачаси шу”.

Шу каби самимий фикрлар “Central Asian Analytical Network CAAN” нашри расмий саҳифасида ҳам қайд этилган:

“Ҳақиқатан ҳам, бутун Марказий Осиё учун олтин кун. Бу кун тарих дарсликлари саҳифасидан жой олади. Ўзбекистон байроқлари Душанбедаги тожикистонлик ўқувчилар қўлида. Душанбеда мустақиллик йилларидан бери уларга йўлларни тўғри ва кўчма маънода очиб берган ҳеч кимни Ўзбекистоннинг янги Президентини кутиб олишганчалик қарши олишмаган”.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn