Инсон ҳуқуқлари бўйича Миллий маъруза тайёрланмоқда
  • 12 Март 2018

Инсон ҳуқуқлари бўйича Миллий маъруза тайёрланмоқда

Инсон ҳуқуқ ва эркинликлари ҳамда қонуний манфаатларининг таъминланиши эркин фуқаролик жамиятини барпо қилиш йўлидаги ислоҳотларнинг бош мақсади этиб белгиланган.

Шу боис бугунги кунда мазкур соҳадаги халқаро, минтақавий ва ихтисослаштирилган ташкилотлар билан ўзаро манфаатли алоқаларни ўрнатиш мамлакатимиз учун долзарб масала ҳисобланади. Айни чоғда БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича Кенгаши билан яқин ҳамкорлик муносабатлари йўлга қўйилгани бу борада устувор аҳамиятга эгадир.

Қуйи палатанинг Демократик институтлар, нодавлат ташкилотлар ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, Халқаро ишлар ва парламентлараро алоқалар қўмиталари ҳамда Олий Мажлис ҳузуридаги Қонунчилик муаммолари ва парламент тадқиқотлари институти ҳамкорлигида ташкил қилинган Инсон ҳуқуқлари бўйича БМТ Кенгашига тақдим этиладиган Учинчи Миллий маъруза юзасидан қўмиталар эшитувида шулар хусусида сўз юритилди.

Таъкидланганидек, шу пайтгача Ўзбекистон Республикаси томонидан Инсон ҳуқуқлари бўйича БМТ Кенгашига икки маротаба Миллий даврий маърузалар тақдим қилинган бўлиб, уларда давлатимиз қўшилган инсон ҳуқуқлари соҳасидаги 70 дан ортиқ халқаро ҳужжатларнинг юртимизда қандай ижро этилаётгани хусусида батафсил маълумот берилган. Мамлакатимизнинг навбатдаги Учинчи Миллий даврий маърузаси Кенгашнинг жорий йил апрель-май ойларида ўтказилиши режалаштирилаётган 30-сессиясида кўриб чиқилади. У аввалги маърузалар юзасидан БМТнинг шартномавий органлари ҳамда Инсон ҳуқуқлари бўйича Кенгаш томонидан билдирилган таклифлар асосида ишлаб чиқилиб, 60 дан ортиқ давлат идоралари ва фуқаролик жамияти институтлари вакиллари, БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий Бош Комиссариати ҳамда БМТнинг Ўзбекистондаги ихтисослаштирилган агентликлари экспертлари кўмаги ва иштирокида тайёрланган.

Учинчи Миллий даврий маърузада инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро механизмлар ҳамда шартномавий органлар билан ҳамкорликни янада ривожлантириш ва халқаро нормаларни қабул қилиш, хусусан, атроф табиий муҳитни муҳофаза қилиш, фикр, виждон ва диний эркинликларни ҳимоялаш, меҳнат қилиш, таълим олиш, соғлиқни сақлаш, хотин-қизларнинг жамиятдаги ўрни ҳамда ролини ошириш, болалар ва ногиронлар ҳуқуқлари ҳамда миллий ҳуқуқий тизимни келгусида янада такомиллаштириш каби кўплаб масалалар қамраб олинган.

Тадбир иштирокчилари қайд этганидек, келгусида Ногиронлар тўғрисидаги, Қийноқларга қарши конвенцияларнинг факультатив протоколини ратификация қилиш, Халқаро меҳнат ташкилоти билан мажбурий меҳнатнинг олдини олишга қаратилган чора-тадбирларни амалга ошириш, БМТнинг махсус механизмлари, айниқса, махсус маърузачилари ва шартномавий органлари билан ҳамкорликни кенгайтириш масалаларига эътибор қаратилгани Учинчи Миллий даврий ҳисоботнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича БМТ Кенгаши томонидан юксак баҳоланишига асос бўлиб хизмат қилади.

Давра суҳбати якунида Миллий даврий маърузаларни тайёрлаш сифатини яхшилаш юзасидан билдирилган фикр-мулоҳаза, таклифлар асосида тегишли тавсиялар ишлаб чиқилди.

Зиёда АШУРОВА.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn