АҚШ Афғонистон масаласи бўйича Тошкент конференциясини ўтказиш ташаббусини қўллаб-қувватлашини яна бир бор таъкидлади
  • 07 Март 2018

АҚШ Афғонистон масаласи бўйича Тошкент конференциясини ўтказиш ташаббусини қўллаб-қувватлашини яна бир бор таъкидлади

АҚШ Афғонистондаги тинчлик ва хавфсизлик масалаларига бағишлаб март ойи охирида Ўзбекистонда ўтказиладиган халқаро конференцияда қатнашиш ниятини билдирди. Бу ҳақда АҚШ Давлат котибининг Жанубий ва Марказий Осиё масалалари бўйича ёрдамчиси ўринбосари  Элис Уэллс маълум қилди, деб хабар берди “ТАСС” ахборот манбаси.

“Биз Тошкентдаги конференцияда иштирок этишни режалаштираяпмиз, — дейди АҚШ ташқи сиёсат идораси ходими. — Биз бу қайси даражада бўлиши ҳақида бир тўхтамга ҳозирча келганимиз йўқ, лекин тез орада шу бўйича қарорни ишлаб чиқамиз”.

“Биз Тошкентда бўлиб ўтадиган конференцияга “Кобул жараёни”ни ривожлантиришнинг бир қисми сифатида қараяпмиз. Мазкур механизмлар ва конференция афғонларга “тегишли” бўлиши ва уларга йўналтирилиши биз учун муҳим”, — дейди Элис Уэллс.

“Хабарингиз бор, Тошкент конференцияси Афғонистон Президенти Ашраф Ғани ва Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг декабрь ойида Тошкентдаги учрашувидан келиб чиқди. Бу афғон етакчисининг Ўзбекистонга биринчи ташрифи бўлиб, унинг давомида, жумладан, икки давлат ўртасидаги алоқаларни кенгайтиришга қаратилган муҳим иқтисодий шартномаларни ўз ичига олган келишувларга эришилди”, — дейди америкалик дипломат.

“Биз Марказий Осиёни, айниқса, Президент Мирзиёев пайтидаги Ўзбекистон олдида Афғонистонни минтақага қайта “бириктириб қўйиш”дек муҳим роль турибди деб ҳисоблаймиз. Энергетика алоқалари, савдо муносабатлари, одамлар ўртасидаги мулоқотлар Афғонистон барқарорлиги учун ниҳоятда муҳимдир. Шундай экан, ҳа, биз мазкур ташаббусни қўллаб-қувватлаймиз”, — деди Уэллс хоним яқин кунларда Тошкентда бўлиб ўтадиган анжуманни шарҳлар экан.

Эслатиб ўтамиз, шу йил февраль ойида Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов Россия Ташқи ишлар вазири Сергей Лавров билан олиб борган муҳокамалари якунида Тошкентда ўтказиладиган конференцияга таклифномалар Москва, Вашингтон, Пекин, БМТ ва Европа Иттифоқига юборилганини тасдиқлаган эди. Анжуман 26-27 март кунларига белгиланган. “Мазкур йиғилиш ташқи ишлар вазирлари даражасида ташкил этилади”, — деб қайд этганди А. Комилов.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn