Нефрология ва гемодиализ хизмати ҳолати қандай?
Версия для печати
  • 06 Март 2018

Нефрология ва гемодиализ хизмати ҳолати қандай?

Гемодиализ — буйрак вазифасини бажарувчи даво муолажаси бўлиб, муҳтож беморлар ҳаётини сақлайди. Мамлакатимизда нефрология ҳамда гемодиализ хизмати ҳолатини таҳлил қилиш, буйрак касалликларини эрта аниқлаш ва диспансер назоратини кучайтириш, бу борадаги меъёрий-ҳуқуқий базани такомиллаштириш бугунги кунда долзарб ҳисобланади.

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Фуқароларнинг соғлиғини сақлаш масалалари қўмитаси томонидан ўтказилган давра суҳбатида ушбу масалалар атрофлича муҳокама этилди.

Тадбирда ўтган йил мамлакатимизда соғлиқни сақлаш соҳаси учун улкан ислоҳотлар йили сифатида тарихга киргани таъкидланди. Хусусан, юртимизда 793 та қишлоқ оилавий поликлиникаси ташкил қилиниб, уларда тор соҳа мутахассислари фаолияти йўлга қўйилди, аксариятида тез тиббий ёрдам шохобчалари ҳамда кундузги стационарлар очилди. Натижада жойларда аҳолига кўрсатилаётган тиббий хизматлар сифатининг муайян даражада яхшиланиши ва уларнинг кўлами кенгайиши таъминланди.

Шунингдек, хусусий тиббиёт муассасалари 400 тага кўпайиб, уларнинг сони ҳозирги пайтда қарийб 4 мингтага етди. Тиббий фаолият турлари 50 тадан 126 тагача кўпайди. Бир қатор солиқ ҳамда божхона имтиёзлари жорий этилди ва “Асака” банки ҳузурида Нодавлат тиббиёт муассасаларини ривожлантириш жамғармаси ташкил қилинди. Бу каби омиллар соҳанинг янада ривожланишида муҳим ўрин тутмоқда.

Маълумки, давлатимиз раҳбарининг 2017 йил 22 декабрдаги парламентга Мурожаатномасида аҳолига тиббий хизмат кўрсатиш ҳамда дори воситалари таъминотини янада яхшилаш, ушбу соҳадаги қонунчиликни амалиётга самарали татбиқ этиш борасида устувор вазифалар белгилаб берилган эди. Шундан келиб чиққан ҳолда, Қонунчилик палатаси томонидан бу бўйича кенг кўламли ишлар тизимли равишда давом эттирилмоқда. Жорий йилнинг январь-февраль ойларида қўмита аъзолари томонидан жойларда ҳақиқий ҳолатни ўрганиш жараёнида ҳудудлардаги гемодиализ хизмати ҳолати ўрганилгани бунинг амалий ифодасидир.

Йиғилишда республика бўйича 3608 нафар бемор гемодиализга муҳтож экани, ўтган йилда ҳудудларда буйрак етишмовчилиги юзага келган жами 3967 нафар беморда гемодиализ муолажалари ўтказилгани айтиб ўтилди. Бугунги кунда мавжуд гемодиализ ускуналарининг 11 таси таъмирталаб ҳолатда экани маълум қилинди.

Ўрганишлар натижасида аҳолига кўрсатилаётган нефрология ва гемодиализ хизмати сифатини яхшилаш учун барча ҳудудни соҳа мутахассислари ҳамда гемодиализ аппаратлари билан эҳтиёждан келиб чиқиб тўлиқ таъминлаш, мавжуд тиббиёт ускуналарига ўз вақтида техник хизмат кўрсатиш ва гемодиализ жараёнида фойдаланиладиган сарфлов материалларини узлуксиз етказиб бериш чораларини кўриш лозимлиги иштирокчилар томонидан қайд этилди. Шу билан бирга, буйрак касалликларини эрта аниқлаш, бунда аҳолининг ушбу хасталиклар ҳамда улар асоратларининг олдини олиш бўйича тиббий маданиятини юксалтириш, нефрология ва гемодиализ хизматининг меъёрий-ҳуқуқий асосларини такомиллаштириш зарурлиги таъкидланди.

Давра суҳбатида кўриб чиқилган масалалар юзасидан фикр-мулоҳазалар ҳамда аниқ таклифлар билдирилди.
Зиёда АШУРОВА.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn