Қонун ижодкорлиги фаолиятида янгича ёндашув
  • 06 Март 2018

Қонун ижодкорлиги фаолиятида янгича ёндашув

Қонун ижодкорлиги — мураккаб жараён. Ҳаётий, пишиқ-пухта қонунларнинг ишлаб чиқилиши бу борадаги механизмларнинг самарали қўлланилиши ҳамда татбиқ этилишига бевосита боғлиқ.

Шу мақсадда Президентимиз ташаббуси билан Олий Мажлис ҳузурида Қонунчилик муаммолари ва парламент тадқиқотлари институти ташкил қилинди.
Айни пайтда ушбу институтнинг сиёсий партиялар фракциялари билан ҳамкорлиги долзарб аҳамият касб этмоқда. Ўтган ойда ЎзЛиДеП билан мазкур институт ўртасида ижтимоий шериклик соҳасидаги муносабатларни мустаҳкамлаш бўйича Меморандум имзолангани бунга яққол мисолдир.

Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати — Ўзбекистон Либерал-демократик партиясининг Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракцияси томонидан Қонунчилик муаммолари ва парламент тадқиқотлари институти билан ҳамкорликда “Ўзбекистон Республикасида қонун ижодкорлиги фаолиятини ривожлантиришнинг долзарб масалалари” мавзуида ташкил қилинган давра суҳбатида шулар хусусида сўз юритилди.

Унда тадбиркорларнинг ҳуқуқ ҳамда манфаатларини ишончли ҳимоя этишга қаратилган қонунчиликни янада такомиллаштиришда икки томонлама амалий алоқаларни ривожлантириш муҳим ўрин тутиши таъкидланди.

Иштирокчилар ривожланган хориж мамлакатларида кенг тарқалган “smart regulation”, яъни “ақлли бошқарув” ёки қонунчилик фаолиятида бошқарув сиёсати амалиёти ҳақида тўхталиб, у ишлаб чиқарувчилар ва истеъмолчилар ўртасида ҳаққоний ҳамда самарали бозор муносабатларини тартибга солиш билан бирга, савдо ва инвестиция учун қулай шароитлар яратишини билдирдилар.

Илғор хориж давлатлари қонунчилигидаги бу каби замонавий қоида ҳамда мезонларнинг юртимиз тажрибасида татбиқ этилиши, экспертларнинг фикрича, тадбиркорларнинг манфаатларини янада кафолатлаш, бу борадаги янги қонун ва бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг қабул қилинишида муҳим роль ўйнайди.

Тадбирда ЎзЛиДеП ҳамда Қонунчилик муаммолари ва парламент тадқиқотлари институтининг маълумотлар базаси ҳамда интеллектуал салоҳиятидан самарали фойдаланишни йўлга қўйиш, тайёрланган қонун лойиҳаларини илмий экспертизадан ўтказиш ва қонунчиликдаги долзарб муаммолар бўйича давра суҳбатлари, жамоатчилик муҳокамалари, социологик сўровларни ташкил этиш каби масалаларга алоҳида эътибор қаратилди.
Якунда томонларнинг тегишли тавсиялари ишлаб чиқилди.
Зиёда АШУРОВА.


Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn