Ҳайдар Али ЙИЛДИЗ: «Ўзбекистон барча соҳада жуда катта ютуқларни қўлга киритмоқда»
Ҳайдар Али ЙИЛДИЗ: «Ўзбекистон барча соҳада жуда катта ютуқларни қўлга киритмоқда» Фото: Ҳасан Пайдоев /"Халқ сўзи"/
  • 06 Март 2018

Ҳайдар Али ЙИЛДИЗ: «Ўзбекистон барча соҳада жуда катта ютуқларни қўлга киритмоқда»

— Бугунги кунда Ўзбекистон жадал суръатларда тараққий топмоқда. Президент Шавкат Мирзиёев томонидан юритилаётган оқилона сиёсат ташқи алоқалар ривожида муҳим ўрин тутаяпти.

Жумладан, мамлакатларимиз ўртасида савдо-иқтисодий, фан-таълим, транспорт, маданий ҳамда гуманитар, туризм соҳаларида 60 дан зиёд шартнома ва битимлар имзоланган бўлиб, ҳамкорлигимиз йилдан-йилга мустаҳкамланиб бораётир. Парламентлараро алоқалар хусусида ҳам ана шундай илиқ фикр билдириш мумкин.

Ўзбекистон барча соҳада жуда катта ютуқларни қўлга киритмоқда. Буни бугун жаҳон ҳамжамияти ҳам кўриб, билиб турибди. Хусусан, Туркия билан ҳамкорликнинг кучайишида икки давлат раҳбарларининг олий даражадаги учрашувлари чоғида эришилган келишувлар муҳим асос бўлаяпти.

Эътироф этиш жоизки, Ўзбекистон раҳбарияти сайёҳлар оқимини кўпайтириш бўйича янги, самарадор чора-тадбирларни кўрмоқда. Кўплаб давлатлар фуқароларига виза бериш тартиби соддалаштирилди. Шулар қаторида жорий йилнинг 10 февралидан бошлаб, Туркиядан келаётган туристларга ҳам Ўзбекистонда 30 кунгача визасиз бўлишга рухсат берилди.

Ўзбекистон ҳам, Туркия ҳам туризм соҳасида улкан имкониятларга эга. Ушбу салоҳиятдан тўлиқ фойдаланиш, туристик алмашинувни ўстириш иқтисодиёт ривожига катта туртки беради.

Ҳозирги кунда Ўзбекистондан Туркияга, Туркиядан Ўзбекистонга қўшимча авиақатновларни йўлга қўйиш бўйича музокаралар олиб бораяпмиз. Нега деганда, бунинг учун салоҳият ҳам, имконият ҳам етарли. Бундан унумли фойдалансак, айни муддаодир. Ўтган йили Туркиядан Ўзбекистонга 50 минг нафар киши турист сифатида келди. Бу, албатта, кўп эмас. Ташриф чоғида ана шу масалаларни ҳам муҳокама қилаяпмизки, келгусида бу кўрсаткич сезиларли даражада ортади.

Туркия Ўзбекистоннинг асосий савдо шерикларидан бири ҳисобланади. Ўзаро савдо айланмасида ўсиш кузатилмоқда. Бироқ бу ҳали икки дўст мамлакатнинг мавжуд салоҳиятини тўла акс эттирмайди. Шу боис келгусида савдо ҳажмини 2-3 маротаба ошириш кўзда тутилган.

Дилимдаги яна бир гапни айтмоқчиман. Президент Шавкат Мирзиёевнинг Олий Мажлис палаталарига Мурожаатномасини катта ҳаяжон билан ўқидим, танишиб чиқдим. Унда парламент олдига улкан масалалар қўйилган, қонун устуворлигини таъминлаш, ижтимоий масалаларни босқичма-босқич ҳал қилишга алоҳида эътибор қаратилган. Айниқса, Мурожаатномада тадбиркорликни ривожлантириш, уларга зарур шарт-шароитлар яратиш бўйича истиқболли ғоя ҳамда таклифлар илгари сурилгани катта таассурот қолдирди.
Ишонамизки, ўзаро ишонч ва манфаатга йўғрилган икки давлат алоқалари бундан кейин жадал ривожланаверади.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn