Ўзбекистон ва Туркия ўртасида парламентлараро ҳамкорликни ривожлантириш бўйича “йўл харитаси” имзоланди
Ўзбекистон ва Туркия ўртасида парламентлараро ҳамкорликни ривожлантириш бўйича “йўл харитаси” имзоланди Фото: Ҳасан Пайдоев "Халқ сўзи"
  • 05 Март 2018

Ўзбекистон ва Туркия ўртасида парламентлараро ҳамкорликни ривожлантириш бўйича “йўл харитаси” имзоланди

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва Сенатида Туркия Республикаси Буюк миллат мажлисидаги (парламент) “Туркия – Ўзбекистон” парламентлараро дўстлик гуруҳи раиси Ҳайдар Али Йилдиз бошчилигидаги Туркия парламенти делегацияси билан учрашувлар бўлиб ўтди.

Қайд этилганидек, мамлакатимизда Туркиянинг 500 га яқин корхона ва фирмалари фаолият юритади, 53 та компаниясининг ваколатхонаси аккредитациядан ўтказилган. 2017 йилда ўзаро савдо айланмаси 1,5 миллиард доллардан ошиб, 2016 йилдаги кўрсаткичларга қараганда 30 фоизни кўпайди. 

Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг ўтган йили 25-26 октябрь кунлари Туркияга амалга оширган давлат ташрифи ҳамкорлик муносабатларида янги саҳифа очди. Музокаралар якунида турли соҳаларда икки томонлама муносабатларни ривожлантириш бўйича 20 дан ортиқ ҳужжатлар имзоланди. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси билан Туркия Республикаси Буюк миллат мажлиси ўртасида ҳамкорлик тўғрисида меморандум имзоланиши ушбу йўналишда ўзаро мулоқотни фаоллаштиришга хизмат қилди. 

Ўтган йили, шунингдек, икки мамлакат парламентларида парламентлараро дўстлик гуруҳлари ташкил этилди. Жорий йилнинг 5 март куни Олий Мажлис Сенатида ушбу дўстлик гуруҳларининг илк мажлиси бўлиб ўтди.

Туркия делегациясига Ўзбекистонда Ҳаракатлар стратегияси доирасида амалга оширилаётган ислоҳотлар ҳақида маълумот берилди. Томонлар икки мамлакат парламентлари ҳамкорлигининг бугунги аҳволини таҳлил қилишди. Шериклик муносабатларини янада кенгайтиришнинг зарур ҳуқуқий асосларини яратишда парламентлараро ҳамкорликни мустаҳкамлашнинг аҳамияти катта эканлиги таъкидладилар. Бунинг учун улкан салоҳият ва сиёсий хоҳиш-ирода мавжудлиги эътироф этилди.

Ҳамкорлик муносабатларини мустаҳкамлаш, қонун ижодкорлиги ва парламент назорати соҳасида тажриба алмашиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди. Мажлис иштирокчилари фикрича, савдо-иқтисодий, инвестициявий ва маданий-гуманитар ҳамкорликни илгари суриш учун икки мамлакат қонунчилик органларида парламентлараро дўстлик гуруҳлари институти имкониятларидан фойдаланиш зарур. Бунда инновацион ривожланиш, туризм ва бизнесга кўмаклашишнинг аҳамияти ниҳоятда катта. Ўзбекистон ва Туркия ўртасида олий даражадаги учрашувларда имзоланган шартнома ва битимларнинг ўз вақтида бажарилиши устидан парламент назоратини амалга оширишга келишиб олинди. 

Мажлис қатнашчилари 2018 йилда иккитомонлама парламентлараро ҳамкорликни ривожлантириш бўйича амалий тадбирлар режаси — “йўл харитаси”ни муҳокама қилишди ҳамда маъқуллашди. Парламентлараро дўстлик гуруҳларининг иккинчи мажлисини ўтказиш бўйича ташкилий масалалар кўриб чиқилди. 

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn