Аҳоли билан тўғридан-тўғри мулоқотни йўлга қўйишда Ўзбекистон тажрибаси Женевада катта қизиқишларга сабаб бўлди
  • 05 Март 2018

Аҳоли билан тўғридан-тўғри мулоқотни йўлга қўйишда Ўзбекистон тажрибаси Женевада катта қизиқишларга сабаб бўлди

 

Женевада БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашининг 37-сессияси доирасида “Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларациясининг 70 йиллиги доирасида Марказий Осиё мамлакатларида инсон ҳуқуқларининг ривожланиши” мавзуига бағишланган брифинг бўлиб ўтди. 

Ушбу тадбир Женевадаги БМТ бўлинмаси ҳузуридаги Ўзбекистон Республикасининг доимий ваколахонаси ҳамда Туркманистон ва Тожикистон дипломатия миссиялари билан ўзаро ҳамкорликда ташкил этилди.  

Брифингда Ўзбекистон адлия вазири Р.Давлетов, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори А.Саидов, Туркманистон омбудсмани Я.Гурбанназаров, Тожикистоннинг Женевадаги доимий вакили Д.Ҳамидов ҳамда БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари бошқармаси вакили Х.Аранас сўзга чиқди.

Ўзбекистон томонидан сўзга чиққан маърузачилар мамлакатимизда сиёсий, суд-ҳуқуқ ва ижтимоий-иқтисодий соҳаларда олиб борилаётган тизимли ва босқичма-босқич ислоҳотлар ҳақидаги батафсил маълумотларни тақдим этдилар.

Ўзбекистоннинг Виртуал ва халқ қабулхоналари воситасида аҳоли билан тўғридан-тўғри мулоқотни йўлга қўйиш бўйича янги концепцияси ва тажрибаси тадбир иштирокчиларида катта қизиқиш уйғотди. Таъкидланганидек, қабулхоналарга турли масалалар билан 1,6 миллион киши мурожаат этди, энг аввало, қишлоқ жойларда фуқароларнинг турмуш шароитларини яхшилаш бўйича амалий ишлар олиб борилмоқда. 

Шунингдек, тадбир қатнашчилари 2017 йилда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг Ҳаракатлар стратегиясини амалга ошириш якунлари ҳамда унинг мамлакатимиздаги ижтимоий-иқтисодий жараёнларга таъсири билан ҳам танишдилар. Алоҳида қайд этилганидек, бундай барча ўзгаришларнинг замирида, биринчи навбатда, инсон ва унинг манфаатлари ётади.

Юқоридагилар билан бирга, брифинг иштирокчилари Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларациясининг 70 йиллигини нишонлаш бўйича ишлаб чиқилаётган давлат дастури, шунингдек, 2018 йил ноябрь ойида Самарқандда бўлиб ўтадиган Инсон ҳуқуқлари бўйича Осиё форуми ҳақидаги маълумотлар билан ҳам танишдилар. 

Мазкур брифинг Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашга аъзо давлатлар ҳамда дунёнинг бошқа турли минтақалари мамлакатларининг эътиборини ўзига жалб этди. Учрашув қатнашчилари жамият ҳамда давлатнинг демократик тамойиллари ва ҳуқуқий асосларини мустаҳкамлаш, инсоннинг шахсий, сиёсий, иқтисодий, ижтимоий ва маданий ҳуқуқларини рўёбга чиқариш Марказий Осиё минтақаси давлат сиёсатининг энг муҳим устуворликларидан бири ҳисобланишини қайд этдилар, деб ёзади “Жаҳон” АА.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn