Озарбайжон элчиси: “Сайёҳлик мавсуми пайтида бир ойдан зиёд вақт мобайнида чипта қидиришимга тўғри келган”
Озарбайжон элчиси: “Сайёҳлик мавсуми пайтида бир ойдан зиёд вақт мобайнида чипта қидиришимга тўғри келган” Фото: Ҳасан Пайдоев "Халқ сўзи".
  • 05 Март 2018

Озарбайжон элчиси: “Сайёҳлик мавсуми пайтида бир ойдан зиёд вақт мобайнида чипта қидиришимга тўғри келган”

Ўзбекистон ва Озарбайжон — тарихий қадриятлари, дунёқараши, маданияти ўхшаш, қардош эллар. Бугунги кунда давлатларимиз ўртасида ўзаро манфаатли ҳамкорлик борасида тўпланган тажрибани янада бойитиш, мамлакатларимиз ва халқларимиз манфаатларига хизмат қилувчи янги қўшма лойиҳалар ва келишувларни изчил ҳаётга татбиқ этишда муҳим саъй-ҳаракатлар олиб борилмоқда.

Ана шу янгиликларни сайтимиз ўқувчиларига яқиндан етказиш мақсадида “Халқ сўзи онлайн” нашри мухбири Омонулла Файзиев Озарбайжон Республикасининг мамлакатимиздаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Ҳусейн Гулиев билан суҳбатда бўлди.

— Элчи жаноблари, аввало, сизни яқинлашиб келаётган Наврўзи олам билан чин қалбдан табриклаймиз. Айтингчи, бу байрамнинг озарбайжонликлар турмуш-тарзида тутган ўрни қандай?

— Наврўз — Озарбайжонда ўзгача шукуҳда нишонланади. Байрам муносабати билан аҳолимиз тўрт кун дам олади. Бу гал шу тўрт кун шанба ва якшанбага уланаётгани боис энди халқимиз олти кун байрам қилиб, ҳордиқ чиқаради. 

Наврўз кунлари қадриятларимиз, урф-одатларимиз янада кенг қулоч ёзади. Масалан, ўша кунларда ҳар бир хонадонда дастурхон ёзилиб, у турли егуликлар, ширинликлар билан тўлдирилади. Эшикни тақиллатиб келган ҳар қандай киши уй эгасининг азиз меҳмони саналади ва дастурхон тўрига таклиф қилинади. Меҳмон кетаётганида эса мезбон, албатта, унга бирор совға бериб юборади. 

Болажонлар билан боғлиқ бир одат ҳам мавжуд. Наврўз кунларида ўғил-қизларимиз бош кийимларини уйлар остонасига қўйиб, хонадон эшигини тақиллатиб кетишади. Мезбон ўша бош кийим ичини совғага тўлдириб, яна остонага қўйиши керак. Навбатдаги бош кийимини қолдириб кетишга келган бола эса совғани олиб кетади. 

Боғларда, маданият масканларида сайиллар ташкил этиш одатга айланган. Кеч тушганда байрамона кайфият улашиш мақсадида мушаклар отилади.  

— Ўзбекистонда бугун туризмни ривожлантириш, сайёҳлар оқимини кескин ошириш бўйича кўплаб ишлар олиб борилаяпти. Сиз фаолиятингиз давомида Озарбайжонда Ўзбекистонни, унинг сайёҳлик имкониятларини реклама қилиб турасизми?

— Албатта, бу ҳақда кўп такрорлайман. Аслини олганда Озарбайжонда Ўзбекистонни реклама қилишга ҳожат йўқ. Чунки ўз вақтида юртингизда 120 мингдан зиёд озарбайжонлик яшаган. Улар сони ҳозир бироз пасайган бўлса-да, аммо кўплаб юртдошларим бу ерда аҳил-иноқ ҳаёт кечираяпти. Улар яқинларини кўриш учун Бокуга борганида Ўзбекистондан кўплаб эсдалик совғаларини ҳам олиб кетишади. Бу ердаги ўзгаришлар, бунёдкорликлар ҳақида гапириши шубҳасиз.

Қолаверса, Озарбайжон халқи Ўзбекистоннинг сайёҳлик салоҳияти, бу ердаги тарихий масканлар ҳақида жуда яхши билади. Нафақат бизда, балки бутун дунёда Амир Темур мақбараси, Регистон майдони, Ичан-қалъа, Бухородаги жойлар маълуму машҳур. Сўзимнинг исботи тариқасида бир мисолни келтирсам. “Ўзбекистон ҳаво йўллари” миллий авиакомпанияси Бокуга ҳафтасига икки марта парвозни амалга оширади. Бу йўналишда бориш ва келиш доим йўловчилар билан тўла бўлади. Мен ҳам сайёҳлик мавсуми роса авжига чиққан пайтда бир ой чипта қидиришимга тўғри келган.

Озарбайжон Республикасининг мамлакатимиздаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Ҳусейн Гулиев билан суҳбатнинг тўлиқ шаклини яқин кунлар ичида “Халқ сўзи” ва “Народное слово” газеталарида ўқийсиз!

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn