Давлат дастури ҳақидаги материал БМТ Бош Ассамблеяси 72-сессиясининг расмий ҳужжати сифатида тарқатилди
  • 03 Март 2018

Давлат дастури ҳақидаги материал БМТ Бош Ассамблеяси 72-сессиясининг расмий ҳужжати сифатида тарқатилди

Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Нью-Йоркдаги қароргоҳида 2018 йил Ўзбекистонда “Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йили” деб номлангани ҳамда тегишли Давлат дастури қабул қилингани ҳақидаги материал Бош Ассамблея 72-сессиясининг расмий ҳужжати сифатида ташкилотнинг расмий олти тилида тарқатилди.

Ҳужжатда Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Фармони билан 2017 — 2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича  Ҳаракатлар стратегиясини “Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йили”да амалга оширишга оид Давлат дастури тасдиқлангани маълум қилинган. 

Таъкидланганидек, мазкур Давлат дастури беш бўлимдан иборат бўлиб, давлат ва жамият қурилиши тизимини такомиллаштириш, қонун устуворлигини таъминлаш ва суд-ҳуқуқ тизимини янада ислоҳ қилиш, иқтисодиётни ривожлантириш ва фаол тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш, ижтимоий соҳани ривожлантириш, хавфсизлик, миллатлараро тотувлик ва диний бағрикенгликни таъминлаш, шунингдек, ташқи сиёсат йўналишларини қамраб олган.

Шу билан бирга, Давлат дастури доирасида 37 та қонун (Сайлов кодекси, “Давлат хизмати тўғрисида”, “Шахсий маълумотларни ҳимоя қилиш тўғрисида”, “Ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқлари тўғрисида”, “Фан тўғрисида”, “Инновацион фаолият тўғрисида”ги ва бошқалар)ни ишлаб чиқиш, 142 та норматив-ҳуқуқий ҳужжатни қабул қилиш ҳамда турли соҳаларни қамраб оладиган 52 та амалий чора-тадбирни ҳаётга татбиқ этиш кўзда тутилгани қайд этилган.  

Материалда  “Давлат хизмати тўғрисида”ги қонуннинг қабул қилиниши бу борада муҳим қадам бўлиб, ушбу ҳужжат, аввало, давлат идоралари хизматини ҳақиқатан нуфузли фаолиятга айлантиради, давлат хизматчиларининг меҳнат ҳақи ва ижтимоий ҳимояси учун муносиб тизимни шакллантиради, шунингдек, юклатилган вазифаларнинг сифатли ижроси учун давлат хизматчилари жавобгарлигини ошириши ҳам маълум қилинган.

Хабар берилганидек, фуқароларнинг давлатни бошқаришда иштирок этишга бўлган ҳуқуқини рўёбга чиқаришнинг янги механизми сифатида  электрон жамоавий мурожаат қилиш — петиция йўллаш тизими жорий этилади. Ушбу тизим фуқароларга давлат ҳокимиятининг вакиллик органларига аниқ саволлар қўйиш имконини беради, органлар эса маълум сонли фуқаролар томонидан маъқулланган мурожаатлар юзасидан чора кўриши шарт бўлади. Мазкур механизм туфайли фаол фуқаролар ва жамоат ташкилотлари турли муаммолар ечими бўйича ташаббус кўрсатишлари мумкин. Шу орқали “Мамлакат ҳаётига алоқадор энг муҳим қарорлар бевосита мулоқот асосида қабул қилинади”, деган тамойил амалда рўёбга чиқарилади. 

Иқтисодиётни ривожлантириш ва либераллаштириш соҳасида илғор ғоялар, смарт технологиялар ва “ноу-хау”ларга асосланган инновацион тараққиётнинг янги моделига босқичма-босқич ўтиш кўзда тутилган.

Мазкур ҳужжатда венчур фондлар, венчур молиялаштиришни ташкил этиш ва ривожлантириш учун ҳуқуқий асослар, шунингдек, иқтисодиётга инновациялар ҳамда янги технологиялар жорий қилишни рағбатлантирувчи механизмлар ишлаб чиқилиши ҳам қайд этилган.

Ер участкалари беришда шаффофлик ва қонунийликни таъминлаш мақсадида интернет тармоғида электрон савдолар ўтказишни йўлга қўйиш режалаштирилган. Давлат активларини  электрон савдо майдонлари орқали сотиш тизимини яратиш мўлжалланмоқда.

“Банклар ва банк фаолиятига доир қонунчилик тубдан қайта кўриб чиқилиб, соҳада “рақамли банкинг”, “интернет-банкинг” ва бошқа замонавий технологиялар татбиқ қилинади. Шунингдек, солиқ ва божхона сиёсатини такомиллаштириш ва оптималлаштириш, солиқ юкини камайтириш, солиқ ва божхона маъмурчилигини соддалаштириш бўйича ишлар давом эттирилади. Туризм соҳасини ривожлантириш, кириш туризми ва ички туризмни ривожлантиришни рағбатлантириш, сайёҳлар учун маъмурий ва виза билан боғлиқ тартиботларни соддалаштиришга алоҳида эътибор қаратилади”, дея таъкидланади ҳужжатда.

Алоҳида қайд этилганидек, тиббий ёрдам тизимини янада такомиллаштириш ва тиббий хизмат сифатини ошириш бўйича ишлар изчил давом эттирилади. Соғлиқни сақлаш соҳасида  “ақлли тиббиёт”  тизими, инновацион технологияларни жорий қилиш кўзда тутилмоқда.

Шунингдек, аҳолини телекоммуникация хизматлари билан тўлиқ қамраб олиш учун чекка ҳудудларда 2000 километр оптик толали алоқа линиялари  тортиш, интернет тезлигини 2,5 баробар ошириш ва  4 мингдан зиёд мобиль алоқа таянч станцияларини ишга тушириш кўзда тутилаётгани ҳам маълум қилинган.

Ушбу материалда Давлат дастурида кўзда тутилган чора-тадбирларни амалга оширишга 13,5 триллион сўм ва 1,3 миллиард АҚШ доллари йўналтирилиши таъкидланган.

Ҳужжат якунида Давлат дастурида кўзда тутилган чора-тадбирларни амалга ошириш мамлакатимизнинг барқарор иқтисодий ривожланишини таъминлаш, аҳоли фаровонлигини амалда юксалтириш ва фуқароларнинг ҳаёт сифатини яхшилашда муҳим асос бўлиб хизмат қилиши қайд этилган. 

«Жаҳон» АА.

Нью-Йорк

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn