Зайд Раад ал-Ҳусайн: «Ўзбекистон раҳбариятининг жадал олиб бораётган ислоҳотларини қўллаб-қувватлаймиз ва бу жараёнга ҳисса қўшишга тайёрмиз»
  • 03 Март 2018

Зайд Раад ал-Ҳусайн: «Ўзбекистон раҳбариятининг жадал олиб бораётган ислоҳотларини қўллаб-қувватлаймиз ва бу жараёнга ҳисса қўшишга тайёрмиз»

Шу кунларда Швейцариянинг Женева шаҳрида бўлиб ўтаётган БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаши 37-сессияси доирасида Ўзбекистон Республикаси адлия вазири Русланбек Давлетов, Инсон ҳуқуқлари бўйича Миллий марказ директори Акмал Саидовдан иборат мамлакатимиз делегацияси Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари Зайд Раад ал-Ҳусайн билан учрашди.

Учрашув давомида Ўзбекистоннинг БМТ билан инсон ҳуқуқлари соҳасидаги ҳамкорлиги ҳолати ва истиқболдаги вазифалари муҳокама қилинди.

Олий комиссар мамлакатимизда кейинги пайтларда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар, жумладан, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш, адолатга эришишни такомиллаштириш, суд жараёнларининг самарадорлиги ва сифатини ошириш борасидаги ишларни эътироф этди.

Мулоқот давомида Зайд Раад ал-Ҳусайнга Ҳаракатлар стратегиясини Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йилида амалга оширишнинг асосий натижалари, шунингдек, Ўзбекистон билан БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари бошқармаси ўртасидаги ҳамкорликни янада ривожлантириш юзасидан “Йўл харитаси” ижроси ҳақида маълумот берилди.

БМТ Олий комиссари 2017 йилнинг май ойида Ўзбекистонга ташриф буюргани, Президентимиз Шавкат Мирзиёев билан Тошкент ва Нью-Йорк шаҳарларида музокаралар ўтказганини катта мамнуният ила эслади.

Олий комиссар Ўзбекистонда барча жабҳада давом этаётган демократик ўзгаришларни ижобий натижа сифатида баҳолади. Жумладан, суд-ҳуқуқ тизимидаги ислоҳотлар, миллий қонунчиликни халқаро стандартларга мос равишда такомиллаштириш бўйича олиб борилаётган ишларнинг муҳимлигини таъкидлади.

“Мамлакатингизга ташрифим чоғида ўзим гувоҳ бўлганларим, қолаверса, ходимларимдан эшитаётганларимни инобатга оладиган бўлсам, Ўзбекистоннинг саъй-ҳаракатлари хурсанд қилади ва умид уйғотади ҳамда сизлар тўғри йўлда ривожланаётганингизни тасдиқлайди”, дейди БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари.

У Ўзбекистон Президентининг 2018 йил кузида Самарқандда Инсон ҳуқуқлари бўйича Осиё форумини ўтказишга доир ташаббусини ҳамда мамлакатнинг 2021 — 2023 йилларда БМТ Инсон ҳуқуқлари кенгаши аъзолигига илгари сурилганини қўллаб-қувватлади.

Олий комиссар ўз бошқармаси Ўзбекистон билан ҳар томонлама самарали ҳамкорликка тайёрлигини билдирди. 

Мулоқот якунида Зайд Раад ал-Ҳусайн Ўзбекистонга оиласи билан норасмий ташриф буюриш истаги борлигини ҳам айтди.

Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги

Матбуот хизмати.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn