Содиқ Имомий: «Ўзбекистон ва Тожикистоннинг ўзаро муносабатлари тарихида янги саҳифа очилмоқда»
  • 03 Март 2018

Содиқ Имомий: «Ўзбекистон ва Тожикистоннинг ўзаро муносабатлари тарихида янги саҳифа очилмоқда»

Сўнгги пайтларда Ўзбекистон Марказий Осиё минтақасидаги барча мамлакатлар, хусусан, Тожикистон билан ўзаро ҳамкорликни сифат ва суръат жиҳатидан мутлақо янги босқичга олиб чиқди.

Чунончи, икки давлат ўртасидаги конструктив сиёсий мулоқот тинчликсеварлик, ўзаро дўстлик ва ҳамжиҳатлик ҳамда аҳиллик принципларига таянилган ҳолда, савдо-иқтисодий, маданий-гуманитар соҳалардаги муносабатларнинг изчил ривожида яққол акс этмоқда. 

Мухбиримиз Тожикистон Республикасининг Ўзбекистон Республикасидаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Содиқ Имомий билан шу мавзуда суҳбатлашди.

— Ўзбекистон ва Тожикистон ўртасидаги ҳамкорлик алоқалари ривожланишининг бугунги суръатларини қандай баҳолайсиз?

— Бугун Тожикистон билан Ўзбекистон ўртасидаги муносабатлар янги босқичга чиқди. Ўзаро ҳамкорликдаги ишлар ҳукумат, турли вазирликлар, идоралар раҳбарлари, экспертлар даражасида жадал кетаяпти. Фаол олиб борилаётган мазкур саъй-ҳаракатлар мавжуд муаммоларни яхши қўшничилик ва шерикчилик руҳида ҳал этиш, шу асосда уларни сифат жиҳатидан юксак поғонага кўтариш учун платформа яратишга қаратилган.

Эътиборлиси, ушбу интилишлар икки мамлакат раҳбарлари томонидан доимий ҳамда жиддий назоратга олингани шарофати билан ўз самараларини бераяпти. Демак, икки томонлама алоқаларда пойдевор яратиш муваффақиятли кечмоқда. Ҳозирги кунга келиб ўзаро манфаатларни ифодаловчи деярли барча жабҳани қамраб олган қарийб ўттизта ҳужжат маъқуллангани бунинг ёрқин тасдиғидир.

— Ўзбекистон ўз ташқи сиёсатида қўшни давлатларга алоҳида эътибор қаратаяпти. Фикрингизча, буларнинг самарадорлиги нималарда кўринаяпти?

— Ўзбекистоннинг 2017 — 2021 йилларга мўлжалланган Ҳаракатлар стратегиясида белгилаб қўйилган ҳамда амалий қадамлар билан мустаҳкамланган янги ташқи сиёсати минтақада яхши қўшничилик алоқаларини ривожлантириш учун қулай муҳитни вужудга келтираяпти. Бу эса, ўз навбатида, барчамиз учун Марказий Осиё мамлакатларидаги мавжуд муаммоларни бартараф этиш имконини бермоқда. Зеро, бу муаммолар шунчаки оддий масалалар эмас. Бизнинг умумий хавфсизлигимизга таҳдидлар ва хатарлар, мураккаб экологик ҳамда иқтисодий масалалар ҳамда бошқалар шулар жумласидандир. Таъкидлаш лозимки, Тожикистон ҳам қўшни мамлакатлар билан муносабатларга устувор аҳамият қаратади. Улар орасида Ўзбекистон алоҳида ўрин эгаллайди. Биз ўзаро ҳамкорликда умумий тарихий-маданий қадриятларимиз ва халқларимиз ўртасидаги яхши алоқаларнинг бой анъаналари ҳамда бугунги кун реал ҳаётида кўпайиб бораётган имкониятлардан келиб чиқамиз. Бу эса ўз саъй-ҳаракатларимиз ва салоҳиятимизни бирлаштириш, нафақат мавжуд муаммоларга ечим топиш, балки халқларимиз ва давлатларимиз учун ёрқин келажакни таъминлашга имкон беради. Бугун олиб борилаётган ишлардан кўзланган мақсад ҳам шу ва у ўзаро узоқ муддатли яқин шерикчилик алоқаларига замин яратади. Зеро, бизнинг минтақа ўзига тўқ ҳамда дунёнинг энг ривожланган ҳудудларидан бирига айланиши учун барча зарур ресурсларга эга. Биз эса биргаликда ана шу эзгу мақсадни рўёбга чиқаришга интиламиз.

— Кўп йиллардан бери икки мамлакат давлат чегараси, назорат-ўтказиш пунктлари фаолияти, виза режими каби масалаларда муаммолар мавжуд эди. Шундай эмасми?

— Дарҳақиқат, яқин тарихда мамлакатларимиз ўртасидаги мулоқот муҳим ўзгаришлар суръатлари ва жўшқинликни намоён эта олмади. Бу нафақат ўтмишдан қолган масалаларга ечим топилмаслигига олиб келди, балки қўшнилар ўртасидаги нормал ҳамкорлик йўлига ғов бўлган муаммолар қатламини юзага келтирди. Уларнинг сирасига нафақат сиз айтиб ўтган масалалар, балки хоҳ савдо, хоҳ маданий-гуманитар алоқалар бўлсин, деярли барча соҳадаги, бир қисми сунъий ҳосил қилинган жиддий тўсиқларни киритиш мумкин. Чегараларда вужудга келган вазият халқларимизнинг кўп асрлик дўстлик, оға-инилик ва қардошлик муносабатларига салбий таъсир кўрсатди. Бугун биз ўзбекистонлик ҳамкорларимиз билан бу тўсиқларни аниқлаб, бартараф этаяпмиз. Ва жуда қисқа вақт ичида халқларимиз ушбу умумий интилишларимиз самарасини кўради. Бунда икки давлат раҳбарларининг қатъий сиёсий иродаси, уларнинг икки қардош халқ ўзаро муносабатлари тарихида янги саҳифани очишга бўлган ишончи ва қатъийлиги ҳал қилувчи омилга айланди.

— Ўзбекистон ва Тожикистон ўртасидаги сиёсий мулоқот хусусида ҳам фикрларингизни билдириб ўтсангиз.

— Икки давлат ўртасидаги муносабатлар битмас-туганмас салоҳият касб этишига ишончим комил. Уни тўлиқ рўёбга чиқаришга ҳам эришилади. Зеро, бу мамлакатларимиз туб манфаатлари ва халқларимиз орзу-умидларига ҳам мосдир. Бинобарин, Тожикистон ҳамда Ўзбекистоннинг истиқболдаги алоқаларига кўтаринки кайфият ва некбинлик билан қараяпман. Шубҳасиз, бугунги кунда барпо этилаётган платформа яқин келажакда икки давлат ўртасидаги ўзаро муносабатларни биргаликдаги саъй-ҳаракатлар билан ички ва ташқи мақсад ҳамда вазифаларни муваффақиятли амалга оширадиган ишончли ҳамкорлар ва шериклар қиёфасида қайта тузиб беради.

— Давлатларимиз ўртасидаги иқтисодий, маданий-гуманитар ва таълим соҳасидаги алоқалар қандай кечаяпти?

— Олиб бораётган ишларимиз бугунги кунда кўплаб соҳалар ва айниқса, савдо алоқаларида ўзининг ижобий ифодасини топаяпти. Маълумотларга кўра, 2016 йилда икки давлат ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажми қарийб 70 миллион АҚШ долларини ташкил этган бўлса, ўтган йилда бу кўрсаткич 125 миллион доллардан ошди. Шубҳасиз, бу ҳали бошланиши. Ўзаро товар ва инвестиция оқими йўлидаги ғовларни олиб ташлашимиз, юк ташиш номенклатурасини кенгайтиришимизга қараб, ушбу рақамлар бир неча баробар ўсади. Ҳозир энг қисқа муддатларда ўзаро товар айирбошлаш ҳажмини 500 миллион АҚШ долларигача етказиш вазифаси қўйилган ва фикримча, буни тўлиқ амалга оширса бўлади. Бундай оптимизм охирги йилларда мамлакатларимиз иқтисодиётида барқарор ўсиш кузатилаётгани, юқори қўшимча қийматга эга маҳсулотлар ишлаб чиқарилаётган янги технологик корхоналар пайдо бўлгани билан изоҳланади. Айни чоғда давлатларимиз иқтисодиёти бир-бири билан рақобатлашмайди, балки бир-бирини тўлдиради. Бу эса ўзаро юк ташиш ҳисобига эҳтиёжларимизни қондириш ва кооперацияни ривожлантириш эвазига биргаликда ташқи бозорга чиқиш учун қулай база яратади.

Ўтган йили Тошкентда Тожикистон маданияти кунлари, Душанбеда Ўзбекистон маданияти кунлари ўтказилди. Улар халқларимизнинг том маънодаги дўстлик байрамига айланиб кетди. Ўзим ҳам Тошкентда ўтказилган тожик маданияти кунларига қандай катта қизиқиш билдирилганига гувоҳ бўлдим.

Пойтахтларимиз ўртасидаги авиақатновлар йўлга қўйилганига ҳам ҳадемай бир йил тўлади. Ва биз нафақат Душанбе билан Тошкентни, балки Бохтар ва Кўлобни Самарқанд ҳамда Бухоро билан боғлайдиган парвозлар частотаси ҳамда географиясини кенгайтириш бўйича келишувга эришдик. Асосий вазифа эса икки давлатнинг оддий фуқаролари учун ҳам мазкур рейслардан фойдаланиш имкониятини яратиш бўйича захиралар топишдир.

Умуман олганда, ҳар куни қардош Ўзбекистоннинг турли бурчакларидаги одамлар билан мулоқот қилар эканман, халқларимиз бир-бири билан чин дилдан ва самимият ила суҳбатлашишни соғинганини яққол ҳис қиламан. Зеро, улар бугун қўлга киритилган натижаларни кўтаринки кайфият билан кутиб олаяпти.

— Маълум бўлишича, яқин кунларда Ўзбекистон Президенти Тожикистонга давлат ташрифи билан бориши кутилаяпти. Мамлакатингизда мазкур тарихий аҳамиятга эга воқеага қандай тайёргарлик кўрилмоқда?

— Ўзбекистон Республикаси Президенти муҳтарам Шавкат Мирзиёевнинг Тожикистонга давлат ташрифи икки қардош давлат ўртасидаги муносабатларда тарихий воқеа сифатида баҳоланмоқда. У бугун яқин ҳамкорликда синчковлик ва қунт билан олиб борилаётган ишларга муносиб баҳо бўлади ҳамда ўзаро алоқаларни тараққиёт йўлида янада олға силжитиш учун йўналишларни белгилаб беради. Шунинг учун мазкур ташриф кун тартиби ва уни ташкил этиш билан боғлиқ барча масала шахсан Тожикистон Республикаси Президенти муҳтарам Имомали Раҳмон назоратига олинган.

Бугун иккала мамлакатда ҳам кенг миқёсдаги тайёргарлик ишлари кетаяпти. Бу борада йил бошидан буён икки давлат Бош вазирлари даражасидаги иккита учрашув, Бош вазир ўринбосарлари даражасидаги ҳукумат делегациялари Душанбе ва Тошкентда уч бора муҳокама ўтказгани, деярли ҳар кунлик режимда телефон орқали мулоқотлар қилиб борилаётгани ҳақида сўз юритишнинг ўзи кифоя. Буларнинг барчаси яқинда бўлиб ўтадиган воқеалар билан боғлиқ масалалар миқёси ва жиддийлигини ифодалайди.

Давлат ташрифи дастури бой ва кўп қирралидир. У нафақат расмий учрашувлар ва муҳокамаларни, балки фан, маданият, бизнес соҳаларининг кенг доирадаги вакиллари ўртасидаги мулоқотни ҳам назарда тутади. Икки мамлакат раҳбарлари учрашуви фақатгина қатъий протокол доираси билан чекланиб қолмайди, балки халқларимиз бир-бирини дўстона бағрига босиш йўлида жадал қадам ташланаётганининг гултожига айланади. Мазкур тарихий ўзгаришларга дахлдор учрашув кўпчилик қатори шахсан мен учун ҳам шарафли миссия ва юксак масъулиятдир.

Сўзимнинг якунида газетангиз орқали бутун Ўзбекистон халқига тинчлик-омонлик ва фаровонлик тилаб қоламан.

Саиджон МАХСУМОВ

суҳбатлашди.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn