Тинчлик ва барқарор тараққиёт йўлидаги ҳамкорлик
  • 02 Март 2018

Тинчлик ва барқарор тараққиёт йўлидаги ҳамкорлик

Бирлашган Миллатлар Ташкилоти турли қитъада жойлашган ва турли сиёсий табиатга эга бўлган давлатлар ўртасидаги ўзаро узвий ҳамкорликни йўлга қўйишга бел боғлаган, жаҳонда тинчлик ҳамда барқарорликни қарор топтириш ва мустаҳкамлашга интилаётган нуфузли халқаро ташкилот ҳисобланади.

Бугунги кунда БМТ дунёда кечаётган муҳим сиёсий жараёнларни мувофиқлаштириш ва бошқариш, минтақавий можароларни бартараф этиш, табиий офатларнинг олдини олиш, камбағалликка қарши курашиш, ривожланишга кўмаклашиш каби кенг қамровли муаммоларни ҳал қилиш йўлида самарали фаолият юритиб келмоқда.

Ўзбекистон БМТга 1992 йилнинг 2 мартида аъзо бўлган. Ўша кундан бошлаб юртимиз байроғи мазкур ташкилотнинг Нью-Йоркдаги бош қароргоҳи олдида ҳилпираб турибди. Айнан шу санадан эътиборан мамлакатимиз глобал ва минтақавий муаммоларнинг муҳокамасида ҳамда муҳим халқаро қарорларни қабул қилиш жараёнида бевосита қатнашиш имкониятига эга бўлди.

Ўтган даврда Ўзбекистон БМТ билан ҳамкорликнинг устувор йўналишларини белгилаб олди. Ҳозирги кунда мамлакатимизнинг БМТ ихтисослаштирилган ташкилотлари билан ўзаро алоқалари тобора мустаҳкамланиб бораётгани диққатга сазовор. Чунончи, БМТнинг Болалар жамғармаси — ЮНИСЕФ ҳамкорлигида болалар саломатлигини асраш, улар орасида юқумли касалликлар тарқалишининг олдини олиш, эмлаш, мактаблар ва мактабгача таълим муассасаларида тиббий маданиятни ошириш, соғлом турмуш тарзини шакллантириш бўйича кўплаб тадбирлар ўтказилмоқда. 

Биз учун БМТнинг фан, таълим ва маданият масалалари бўйича ихтисослаштирилган ташкилоти — ЮНЕСКО билан ҳамкорлик ҳам алоҳида аҳамиятга эга. Мазкур тузилма дунё мамлакатларида фан, таълим, маданиятни ҳар томонлама ривожлантириш орқали инсоният тараққиётига беқиёс ҳисса қўшиб келаяпти. 

Ўзбекистон БМТнинг низомий, ёрдамчи ва конвенциявий ташкилотлари билан ҳам инсон ҳуқуқларини муҳофаза қилиш соҳасида яқиндан ҳамкорликни йўлга қўйган. Ушбу йўналишда мамлакатимиз 80 дан ортиқ ҳужжатлар билан бирга, олтита асосий битимга қўшилди. Ушбу ҳужжатлар доирасида Ўзбекистон ўзининг халқаро мажбуриятларини изчил равишда бажариб, улардаги энг муҳим нормаларнинг миллий қонунчилигимизга имплементация қилинишига катта аҳамият қаратаяпти. 

Шу ўринда БМТнинг 2015 йилда 193 давлат вакиллари иштирок этган олий даражадаги Саммитида эълон қилинган Барқарор тараққиёт мақсадларига алоҳида тўхталиш мақсадга мувофиқ. Таъкидлаш жоизки, республикамизда Барқарор тараққиёт мақсадларига эришишда бир қатор ютуқлар қўлга киритилмоқда. Хусусан, таълим сифатини кучайтириш, хотин-қизларнинг жамиятдаги роли ва фаоллигини ошириш, болалар ўлимини камайтириш, оналар соғлиғини яхшилаш, турли юқумли ҳамда хавфли касалликларнинг олдини олиш, экологик барқарорликни таъминлаш борасида ижобий натижаларга эришилаяпти. Кейинги ўн йил давомида Ўзбекистон йиллик Давлат бюджети харажатларининг салкам 60 фоизи ижтимоий соҳа эҳтиёжлари учун сарфланаётгани эса алоҳида эътиборга моликдир.

Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан ишлаб чиқилган 2017 — 2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси давлат ва жамият қурилиши тизимини такомиллаштириш, қонун устуворлигини таъминлаш ҳамда суд-ҳуқуқ тизимини янада ислоҳ қилиш, иқтисодиёт ва ижтимоий соҳани ривожлантириш, хавфсизлик, миллатлараро тотувлик ҳамда диний бағрикенглик муҳитини таъминлашга қаратилгани билан БМТнинг Барқарор ривожланиш мақсадларига тўла ҳамоҳангдир. Унда белгилаб берилган устувор вазифаларнинг изчил ижроси бизни олдимизга қўйган улуғ мақсад — буюк келажак сари янада яқинлаштиради. 

Айтиш мумкинки, давлатимиз раҳбарининг 2017 йилда БМТ Бош Ассамблеясининг 72-сессиясида сўзлаган нутқи Ўзбекистон — БМТ муносабатларининг янги босқичини бошлаб берди. Дунё жамоатчилиги диққатини тортган ушбу маърузада Президентимиз, энг аввало, мамлакатимизда мустақиллик йилларида барча соҳада чуқур ислоҳотлар амалга оширилгани, Ўзбекистоннинг янги қиёфасини шакллантириш йўлида изчил саъй-ҳаракатлар рўёбга чиқарилаётганини алоҳида таъкидлади. Шу билан бирга, халқаро аҳамиятга эга бўлган бир қатор долзарб вазифаларга эътибор қаратди. Айниқса, ёшлар масалаларига алоҳида урғу бериб, глобаллашув ва ахборот-коммуникация технологиялари жадал ривожланиб бораётган бугунги шароитда ёшларга оид сиёсатни шакллантириш ва амалга оширишга қаратилган умумлаштирилган халқаро ҳуқуқий ҳужжат 

— БМТнинг Ёшлар ҳуқуқлари тўғрисидаги халқаро конвенциясини ишлаб чиқиш ташаббусини илгари сурди. Давлатимиз раҳбари билдирган таклифлар халқаро жамоатчилик томонидан катта қизиқиш билан қабул қилинди. Ушбу тарихий аҳамиятга эга нутқ бугунги кунда минтақа давлатлари, қолаверса, дунё аҳлини ташвишга солаётган турли глобал муаммолар ва уларнинг олдини олиш чора-тадбирларига бағишлангани билан ҳам муҳимдир.  

Бундан ташқари, мамлакатимиз раҳбарининг қўшни Афғонистондаги вазиятни барқарорлаштириш ҳамда Ўзбекистон ҳеч қандай блокка қўшилмаслик мақомини сақлаб қолган ҳолда, очиқ мулоқотга тайёр эканлиги борасида билдирган қатъий позицияси жаҳон ҳамжамияти томонидан ижобий баҳоланди ва қўллаб-қувватланди. 

Умуман олганда, ўтган даврда Ўзбекистон Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг фаол аъзоларидан бирига айланди, десак, асло янглишмаймиз. Зеро, 26 йилдирки, мамлакатимиз ушбу халқаро ташкилот билан узвий ҳамкорлик қилиб, дунёда ва минтақада тинчлик ҳамда барқарорликни таъминлашга муносиб ҳисса қўшиб келмоқда. Бу борадаги  эзгу саъй-ҳаракатларимиз, дадил ташаббусларимиз изчил давом этади.   

Қодир ЖЎРАЕВ, 

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси
Халқаро ишлар ва парламентлараро алоқалар қўмитаси аъзоси.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn