Қонунчилик палатасида учрашув
  • 11 Июнь 2014

Қонунчилик палатасида учрашув

Мамлакатимизга ташриф буюрган Литва Сейми раисининг биринчи ўринбосари Видас Гядвилас раҳбарлигидаги делегация аъзолари 10 июнь куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Спикери Дилором Тошмуҳамедова билан учрашди.

Мулоқот чоғида Ўзбекистон билан Литва ўртасидаги алоқалар кўплаб йўналишларда ривожланиб бораётгани, бунда икки давлат раҳбарларининг учрашувларида эришилган келишувлар муҳим ҳуқуқий асос бўлиб хизмат қилаётгани алоҳида таъкидланди. Икки томонлама муносабатларнинг ҳуқуқий асосини мустаҳкамлашда парламентлараро ҳамкорлик муҳим аҳамият касб этиши қайд этилди.

Музокара давомида меҳмонларга Ўзбекистоннинг икки палатали парламенти фаолияти тўғрисида сўзлаб берилди. Президент Ислом Каримов томонидан ишлаб чиқилган ва босқичма-босқич амалга оширилаётган тараққиётнинг “ўзбек модели” барқарор ривожланишга хизмат қилаётгани алоҳида таъкидланди.

— Литва Ўзбекистон билан ўзаро алоқаларни мустаҳкамлаш ва янада кенгайтиришга катта эътибор қаратмоқда, — деди Видас Гядвилас. — Мамлакатингизда қонун ижодкорлиги соҳасида олиб борилаётган кенг қамровли ислоҳотлар юксак самаралар бераётганининг гувоҳи бўлдик. Делегациямиз таркибида бизнес, таълим, транспорт ва логистика каби соҳаларнинг вакиллари бор. Мақсадимиз — ижтимоий-сиёсий, савдо-иқтисодий ва гуманитар алоқаларни янада кенгайтириш. 

Учрашувда икки мамлакат олий қонун чиқарувчи органлари ўртасидаги ҳамкорликка доир масалалар юзасидан атрофлича фикр алмашилди. 

Литва делегацияси Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги ҳамда “Ўзбекнефтгаз” Миллий холдинг компаниясида ҳам музокара ўтказди.

Нодира МАНЗУРОВА,

ЎзА мухбири.

 

 

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn