Ўзбекистон илк бор БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашига аъзо бўлиш истагини билдирди
  • 28 Февраль 2018

Ўзбекистон илк бор БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашига аъзо бўлиш истагини билдирди

Халқаро анжуман

Шу кунларда Швейцариянинг Женева шаҳрида БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаши 37-сессияси бўлиб ўтмоқда.

Ушбу халқаро анжуман Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси қабул қилинганининг 70 йиллигини нишонлаш доирасида ташкил этилди. Инсон ҳуқуқларини таъминлаш ва ҳимоя қилишнинг долзарб масалалари муҳокама қилинаётган сессиянинг олий даражадаги сегментида 180 дан зиёд мамлакатдан уч мингдан ортиқ вакил, жумладан, давлат ва ҳукумат, шунингдек, қатор халқаро ташкилотлар раҳбарлари қатнашмоқда. Ўзбекистон томонидан адлия вазири Русланбек Давлетов, Инсон ҳуқуқлари бўйича миллий марказ директори Акмал Саидов, Ташқи ишлар вазирлиги ва мамлакатимизнинг Женевадаги доимий ваколатхонаси ходимлари ҳам иштирок этаяпти.

Йиғилишнинг очилиш маросимида БМТ Бош котиби Антониу Гутерриш, Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссар Зайд Раад ал-Ҳусайн ва БМТ Бош Ассамблеяси 72-сессияси раиси Мирослав Лайчак сўзга чиқиб, бутун дунёда инсон ҳуқуқларига риоя қилиш ва ушбу соҳада ҳамкорликни ривожлантириш зарурлигини қайд этди.

Олий даражадаги сегментда адлия вазири Р.Давлетов тадбир иштирокчиларини Ўзбекистонда фуқароларнинг асосий ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш бўйича амалга оширилаётган ислоҳотлар, Ўзбекистоннинг ушбу соҳада БМТ билан ҳамкорлигининг жорий ҳолати ва истиқболлари, шунингдек, 2017 — 2021 йилларга мўлжалланган Ҳаракатлар стратегиясини ҳаётга татбиқ этиш жараёнлари билан таништирди. Халқаро жамоатчилик Ўзбекистоннинг халқ билан мулоқотни ривожлантириш, мамлакатимиздаги Халқ қабулхоналари орқали уларнинг шикоят ва мурожаатларини кўриб чиқиш, қолаверса, жойларда долзарб ижтимоий-иқтисодий муаммоларни комплекс равишда ҳал этиш бўйича ўзига хос тажрибаси ҳақида маълумотга эга бўлди.

Жиноятчиликка қарши курашишнинг бутунлай янги, энг аввало, олдини олиш ва уни эрта аниқлашга йўналтирилган тизимини жорий этиш масаласи алоҳида таъкидланди. Суд-ҳуқуқ соҳаси ва жиноятни фош этиш тизимидаги ислоҳотлар, хусусан, Судьялар олий кенгашининг таъсис этилгани, янги иқтисодий ва маъмурий судларнинг тузилгани, юртимизда илк бор жорий этилган фуқароларни афв этиш, жиноятчиликда ноқонуний далил турларини қабул қилиш, айниқса жисмоний куч ишлатиш ва бошқа зўравонлик турларини қўллашга йўл қўймаслик бўйича талабларнинг амалга оширилишига доир дастлабки натижалар тақдим этилди.

Иқтисодиётни кенг кўламли либераллаштириш ва давлатимизнинг янгича бўлган очиқ молиявий, савдо, солиқ ва инвестициявий сиёсатини жорий этиш масаласи иштирокчилар эътиборини жалб этди.

Мамлакатимизда инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, соҳага оид халқаро ҳамкорликни фаоллаштириш борасида олиб борилаётган изчил ишлар, шунингдек, халқаро ташкилотларнинг республикамиздаги ислоҳотларга берган ижобий баҳоси эътироф этилди. Диққатга сазовор жиҳати шундаки, юксак даражали сегмент йиғилиши доирасида Ўзбекистон илк бор 2021 — 2023 йиллар мобайнида Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаш аъзоси сифатида сайланиш истагини билдирди. 

Ўзбекистон делегацияси томонидан тақдим этилган маълумотлар, хусусан, 2018 йилнинг ноябрь ойида Самарқандда бўлиб ўтадиган Инсон ҳуқуқлари бўйича Осиё форуми анжуман қатнашчиларида катта қизиқиш уйғотди.

БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаши 37-сессияси шу йилнинг 23 мартига қадар давом этади.

 

О. ЛУТФУЛЛАЕВ тайёрлади.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn