Солиқ тизими ва АКТ: Замонавий, қулай ва фойдали
  • 11 Июнь 2014

Солиқ тизими ва АКТ: Замонавий, қулай ва фойдали

Замонавий ахборот-коммуникация технологиялари бугунги кунда барча соҳаларда бўлгани каби солиқ тизимида ҳам муҳим аҳамият касб этмоқда. Хусусан, ушбу тизимда йўлдош алоқадан оптик толали алоқага ўтилгач, давлат солиқ инспекцияларида маълумотларни узатиш тезлиги 71 баробар ошди.

Айниқса, алоқа тармоғи орқали солиқ тўловчиларга электрон рақамли имзо бериш, солиқ ва молия ҳисоботларини электрон кўринишда қабул қилиш жараёнлари жадал тус олди. 

Айни пайтда Давлат солиқ қўмитаси томонидан расмий www.soliq.uz сайти орқали солиқ тўловчи юридик ва жисмоний шахсларга кенг кўламдаги электрон ахборот ҳамда хизматлар тақдим этилмоқда. Жумладан, солиқ тўловчиларга 33 турдаги интерактив давлат хизмати кўрсатилмоқда. Эътиборлиси, солиқ тўловчиларни рўйхатдан ўтказиш, фуқаролар мурожаатларини қабул қилиш, СТИРни аниқлаш, солиқ текшируви натижалари билан танишиш учун солиқ идораларига боришга ҳожат қолмади. Негаки, солиқ тўловчи ўз офиси ёки уйида туриб, Давлат солиқ қўмитаси сайтига кирган ҳолда, ана шу хизматлардан фойдаланиш имкониятига эга.

Жорий йилнинг тўрт ойи давомида вилоятимизда 27,8 мингдан ортиқ киши интерактив хизматларга 825 минг маротаба мурожаат қилишдики, бу мазкур хизматдан фойдаланувчилар ўтган йилнинг шу давридагига нисбатан 120 фоизга ортганини кўрсатади. 

Таъкидлаш керакки, республика Давлат солиқ қўмитасининг расмий www.soliq.uz сайти “Миллий UZ домени — 2012” интернет-фестивалининг “Давлат бошқаруви органи соҳасидаги энг яхши сайт” номинацияси бўйича ғолиб бўлгани ҳамда 2014 йил 6 март ҳолатига кўра, давлат бошқаруви органлари ўртасида 1-ўринни эгаллагани соҳада интерфаол хизматларни жорий этишга катта эътибор қаратилаётганлиги самарасидир. 

Президентимизнинг 2014 йил 15 апрелдаги “Тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш ва давлат хизматларини кўрсатиш билан боғлиқ тартиботларни янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорида эса шу йилнинг 1 октябридан бошлаб Ўзбекистон Республикасининг Интерактив давлат хизматлари ягона порталида, жумладан, молия, солиқ ҳисоботларини интерактив расмийлаштириш ва тақдим этиш хизматидан фойдаланишни жорий этиш белгиланган. Бу, албатта, солиқ тўловчилар учун яна бир катта имкониятдир. 

Давлатимиз раҳбарининг 2012 йил 16 июлдаги “Статистик, солиқ, молиявий ҳисоботларни, лицензияланадиган фаолият турларини ва рухсат бериш тартиб-таомилларини тубдан қисқартириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармонига мувофиқ, шунингдек, 2014 йилнинг охиригача барча тадбиркорлик субъектларини статистик, солиқ ва молиявий ҳисоботларни топширишнинг электрон тизимига тўла ҳажмда босқичма-босқич ўтказиш, жойларда ахборот-коммуникация технологияларини кенг жорий этиш ва улардан мақсадли фойдаланиш бўйича бир қатор зарурий тадбирлар комплекси амалга оширилмоқда. Натижада интерактив хизматлар кўрсатиш сифати кескин яхшиланиб, кўлами кенгайиб бораётир.

Солиқ органлари билан электрон мулоқот, молия-хўжалик фаолияти ҳақидаги маълумотларни уларга электрон почта орқали юбориш, жавоб тариқасида ахборот олиш эндиликда одатий кундалик ишга айланиб улгурди. Айтайлик, ўтган йилнинг биринчи чорагида 14760 та юридик шахсдан солиқ ҳисоботлари электрон тарзда қабул қилинган бўлса, жорий йилнинг шу даврида мазкур кўрсаткич 18911 тани ташкил этди. 

Бундан ташқари, интерактив хизматлар воситасида жами йиллик даромадлари тўғрисидаги декларацияларни жўнатиш, мол-мулк ва ер солиғи бўйича қарзларини олдиндан билиш, солиқ текширишлари режа жадвалидан кўчирма ва солиштирма далолатнома олиш каби имкониятлар яратилгани ҳам айни муддао бўлмоқда. 

Шу билан бирга, тан олиш керакки, замонавий ва қулай янги усулни давр талаблари асосида амалга ошириш борасида ҳали қилинадиган ишлар талайгина. Нега деганда, ҳамма ҳам бу ҳақда тўлиқ маълумот ва тушунчага эга эмас. Шу боис солиқ ходимлари томонидан ҳисоботларни қоғоз кўринишида тақдим этган ва етарли кўникмага эга бўлмаган вилоятдаги 1141 корхона ва ташкилот раҳбарлари ҳамда ҳисобчилари иштирокида “Солиқ ва молиявий ҳисоботларни электрон кўринишда тақдим этиш” мавзуида семинарлар ўтказилиб, доимий равишда тушунтириш ишлари олиб борилмоқда. 

Хулоса ўрнида айтиш жоизки, солиқ органларининг бундан кейинги фаолиятини замонавий ахборот-коммуникация технологияларисиз тасаввур этиб бўлмайди. Демак, соҳада илғор технологияларга асосланган интерфаол хизматларнинг жорий қилиниши тадбиркорлик субъектлари вакилларига янада кенг имконият ва қулайликлар яратади. 

Худойберди ХОЛБОЕВ, 

Қашқадарё вилояти 

Давлат солиқ бошқармаси бошлиғи.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn