Ўзбекистон ва Қозоғистон ҳамкорликда автомобиль саноати яратишни мўлжалламоқда
Ўзбекистон ва Қозоғистон ҳамкорликда автомобиль саноати яратишни мўлжалламоқда Фото: UZ24.uz
  • 22 Февраль 2018

Ўзбекистон ва Қозоғистон ҳамкорликда автомобиль саноати яратишни мўлжалламоқда

 “Биз автомашиналарни шунчаки йиғиш масаласини муҳокама этмадик, балки биргаликда автомобилсозлик саноатини яратишни режалаштираяпмиз”, — деди Қозоғистоннинг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Ерик Утембаев Андижон вилоятига амалга оширган ишчи ташрифи чоғида.

“Казинформ”нинг элчининг гапидан иқтибос келтиришича, қишлоқ хўжалиги машиналари кластерини тузиш бўйича келишув аллақачон имзоланган. Айни пайтда автомбилсозлик тармоғини яратиш бўйича Қозоғистондаги бир қатор ҳудудлар кўриб чиқилаяпти.

Дипломат бугунги кунда Қозоғистон билан “GM Motors Uzbekistan” компанияси ўртасидаги ҳамкорлик катта истиқболга эгалигини эътироф этди. “Ҳозирда ўзаро ҳамкорликнинг иккинчи босқичи бошланди — бу автокомпонент базасини ривожлантириш учун муайян шароитлар яратишдир. Ўтган йили катта узелли “Ravon” маркасидаги машинани йиғиш бўйича яхши пойдевор қўйилди ва мазкур маҳсулот бозорларимизда ўзининг рақобатбардошлигини кўрсатди”, — дейди дипломат.   
Элчининг таъкидлашича, “СариаркаАвтоПром” “GM Motors Uzbekistan” билан биргаликда нафақат икки мамлакатда талабгор бўлган, балки энг яқин бозорларга ҳам чиқарилаётган автомобиллар йиғиш бўйича яхши база вужудга келтирилди.

“GM Motors Uzbekistan” билан ҳамкорликка узоқ муддатли ва стратегик лойиҳа сифатида қараймиз. Айни пайтда йилига 7 мингтагача автомобиль йиғиш бўйича шартнома тузилди. Жорий йилда “R2 Ravon” ва “R4 Ravon”  моделлари туркумини кенгайтиришни мўлжаллаяпмиз”, — дейди Е. Утембаев.

Унинг сўзларига қараганда, Самарқанд автомобиль заводи билан “Isuzu” русумидаги автобуслар тайёрлаш бўйича ҳам келишувга эришилди. Яқин келажакда бундай транспорт воситаларидан “Чимкент — Тошкент” йўналишида фойдаланиш ҳамда Қозоғистонда уларни биргаликда йиғиш ишлари йўлга қўйилади.
Элчи Андижон вилоятига ташрифи чоғида вилоят ҳокими Ш. Абдураҳмонов ва ҳудуддаги бир қатор етакчи корхоналар раҳбарлари билан учрашди.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn