Ўзбекистон ва Тожикистон фуқароларига икки давлат ҳудудида бир ой муддатгача визасиз юриш тартиби жорий этилиши мумкин
  • 22 Февраль 2018

Ўзбекистон ва Тожикистон фуқароларига икки давлат ҳудудида бир ой муддатгача визасиз юриш тартиби жорий этилиши мумкин

Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг жорий йил март ойида Тожикистонга амалга ошириши режалаштирилган давлат ташрифи доирасида давлатлараро ва ҳукуматлараро 20дан ортиқ келишувлар имзоланиши кўзда тутилаяпти.

“Азия-Плюс”нинг ёзишича, уларнинг ичида икки давлат фуқароларининг Ўзбекистон ва Тожикистон ҳудудида бир ой муддатгача визасиз ҳаракатланишига оид келишув энг долзарбларидан биридир. Шунингдек, томонлар икки давлат чегараларини демаркация ва делимитация қилиш келишувини имзолаши кутилаяпти.

Ўзбекистон тарафидан икки давлат бизнес тузилмаларини ривожлантиришга 100 млн. АҚШ доллари миқдорида имтиёзли кредит берилишига оид ҳужжат ҳам бу борада катта аҳамиятга эга.

Қолаверса, транспорт, коммуникация соҳалари, Ўзбекистон томонидан Тожикистон ҳудудларида биттадан мактаб ва шифохона қурилишини молиялаштиришга доир келишувга эришилиши мақсад қилинган.

Ташриф асносида Душанбеда ҳар икки мамлакат ишбилармон доиралари иштирокида бизнес-форум ўтказилади. Унда Ўзбекистон ва Тожикистон бизнесининг етакчи вакиллари қатнашиб, йирик шартномалар тузиш тадбири бўлиб ўтади.

Эслатиб ўтамиз, икки давлат ўртасидаги товар айланмаси ўтган йилда 126 миллион АҚШ долларини ташкил этган. 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn