Қардош эл вакиллари Сирдарё вилоятида
  • 21 Февраль 2018

Қардош эл вакиллари Сирдарё вилоятида

Қирғизистон Республикасининг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Данияр Сидиков бошчилигидаги бир гуруҳ қирғизистонлик меҳмонлар Сирдарё вилоятига ташриф буюрди.

Гулистон шаҳрида бўлиб ўтган учрашув чоғида меҳмонлар маҳаллий ҳокимият идоралари мутасаддилари, тадбиркорлар, вилоятдаги Қирғиз миллий маданий маркази вакиллари билан дилдан суҳбат қурдилар.

Элчи юртимиздаги ислоҳотларга юқори баҳо берар экан, жумладан, Президентимиз Шавкат Мирзиёев раҳнамолигида олиб борилаётган сиёсат нафақат Ўзбекистон, балки қўшни мамлакатлар халқларининг фаровонлигига ҳам улкан ижобий таъсир этаётганини таъкидлади. Мисол тариқасида кейинги пайтларда давлатлараро савдо-иқтисодий, транспорт-коммуникация ва маданий-гуманитар ҳамкорликни ривожлантириш, давлат чегараларини делимитация қилиш, ўтказиш пунктларини очиш ва уларнинг самарали фаолият юритишини таъминлаш борасида бир қанча амалий саъй-ҳаракатлар рўёбга чиқарилмоқда.

— Мамлакатларимиз ўртасидаги ўзаро савдо айланмаси авваллари йилига ўртача 200 миллион долларни ташкил этган бўлса, 2017 йилнинг ўзида бу кўрсаткич 310 миллион доллардан ошди, — дейди Данияр Сидиков. — Бишкек ва Ўш шаҳарларида Ўзбекистон маданияти кунлари ўтказилди. Тадбиркорларимиз пойтахтингизда бўлиб ўтаётган йирик бизнес форумларида самарали иштирок этиб келмоқда. Энди ана шундай тадбирларни ҳудудларда ташкиллаштириш бугунги кунда олдимизда турган устувор вазифалардан саналади. Сирдарё вилоятидаги мавжуд ресурслар, ҳудуднинг географик жойлашуви, бу ерда етиштирилаётган сифатли қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари, ўйлайманки, қирғизистонлик тадбиркорларда катта қизиқиш уйғотади. 

Учрашув иштирокчилари халқлар ўртасидаги қардошлик, яқин қўшничиликнинг кучайишидан мамнун эканликларини изҳор қилишди.

— Вилоятимизда айни пайтда қирғиз миллатига мансуб 16 мингдан зиёд аҳоли яшайди, — дейди Сирдарё вилоятидаги Қирғиз миллий маданий маркази раҳбари Нодира Жанибекова. — Марказимиз қошида “Жон-жоной” фольклор-этнографик ансамбли фаолият юритади. Истиқболда ўтказадиган кўплаб тадбирларимизга Қирғизистон элчихонаси ҳам хайрихоҳ бўлишини таъкидлаб ўтди. Биз бундан жудаям хурсандмиз. 

Тадбир қатнашчилари икки мамлакат ўртасидаги муносабатлар барча соҳада изчил равнақ топаётганига ишонч билдиришди. 

Ғайрат ЭРНАЗАРОВ.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn