Очиқ мулоқотлар амалий ишлар жадаллашувига туртки бермоқда
Очиқ мулоқотлар амалий ишлар жадаллашувига туртки бермоқда Фото: parliament.gov.uz
  • 21 Февраль 2018

Очиқ мулоқотлар амалий ишлар жадаллашувига туртки бермоқда

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари ва Сенати аъзолари ҳудудларга чиқиб, аҳоли кенг қатлами билан амалий мулоқотларни олиб бораётгани одамларнинг турмуш даражасини, ҳаётий истак ва эҳтиёжларини яқиндан ўрганиб, жойларда тўпланиб қолган долзарб муаммолар ечимини топишда, қонун ҳужжатлари ижросидаги бўшлиқларни аниқлашда муҳим омил бўлаётир.

Буни айни кунларда республикамиз бўйлаб ўтказилаётган ана шундай учрашувлар мисолида ҳам яққол кўриш мумкин.
Бухоро вилоятининг Ғиждувон туманидаги Зарангари қишлоғида собиқ ширкат хўжалигига тегишли эски бино бор. Ўтган асрда хом ғиштдан тикланган ва узоқ йиллар хўжалик маданият клуби вазифасини ўтаган бу кўримсиз иншоот ўрнида эл корига асқатадиган замонавий бино қад ростласа, қишлоқ аҳли ҳам мамнун бўларди. Зарангарилик тадбиркор Фарҳод Каримов халқ вакиллари билан мулоқотда худди шу таклифни ўртага ташлади.

— Тадбиркор авария ҳолатидаги иншоот ўрнида юз ўринга мўлжалланган  хусусий мактабгача таълим муассасаси қуриб, аҳолига қулайлик яратишдек эзгу мақсади борлигини баён қилди, — дейди Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Назир Сабиров. — Биз шу масалада унга амалий ёрдам бериш чораларини кўраяпмиз. Бундан ташқари, тумандаги ижтимоий соҳа объектлари ҳолати, улардаги шарт-шароит билан танишиб, мавжуд муаммолар имкон қадар жойида ҳал этилишига ҳаракат қилинмоқда. Хусусан, 26-умумтаълим мактабида синфхоналар иситилмаётганига гувоҳ бўлдик. Туман газлаштириш идораси мутасаддилари кўмагида 70 метр масофага қўшимча қувурлар тортилиб, мактабда иссиқлик таъминоти йўлга қўйилди.

Депутатлар аралашуви билан мазкур масала тезкор ечимини топди. Дарвоқе, 1 минг 200 нафар ўғил-қиз таҳсил олаётган ушбу мактаб биноси авария ҳолатида. Таълим муассасаси учун янги бино қуриш юзасидан депутатлар тегишли ташкилотларга мурожаат қилишди.
— Аҳоли билан мулоқотлар чоғида ҳудудда ишлаб чиқариш корхоналарининг камлиги, бандлик, ички йўлларнинг яроқсиз аҳволдалиги, электр энергияси таъминотидаги узилишлар, жамоат транспорти қатнови юзасидан кўплаб мурожаатлар тушмоқда, — дейди Н. Сабиров. — Биз бу масалаларни атрофлича ўрганиб, уларни ҳудудни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича “йўл харитаси”га киритаяпмиз.

Қорақалпоғистон Республикасининг Қонликўл тумани аҳолиси билан очиқ мулоқотда бўлган парламент вакиллари ҳудудда ҳали-ҳануз ечимини кутаётган масалалар, фойдаланилмаётган имкониятлар мавжудлигига ишонч ҳосил қилдилар.
Айниқса, туманда ишсизлик даражасини камайтириш, оилаларнинг турмуш фаровонлигини ошириш, ёшларнинг, хотин-қизларнинг муқим даромад манбаига эга бўлиши учун кўмаклашиш заруратига алоҳида эътибор қаратилди. Бинобарин, аҳоли томонидан билдирилган таклиф ва мурожаатларда ҳам, асосан, ушбу масалага урғу берилди.

Депутатларнинг аҳоли билан учрашувлари кўплаб хайрли ишларга уланиб кетди. Туманда уюшқоқлик билан ўтказилган меҳнат ярмаркаси бунга мисолдир. Аҳамиятлиси, шу куни ярмарка туфайли 300 дан зиёд кишилар доимий иш билан таъминланди.
Навоий вилоятининг Учқудуқ шаҳрида парламент аъзолари турли вазирлик ва идоралар масъул вакиллари билан биргаликда ўнлаб овулларга ташриф буюрди. Тўрт  юздан ортиқ хонадонларга кириб, одамларнинг қувонч ва ташвишлари билан яқиндан танишди.
Ижтимоий соҳа объектларидан туман марказий шифохонаси ҳамда 1-мактабгача таълим муассасасининг Бузаубой овулидаги 5-филиалида иситиш тизимидаги камчиликлар мутасадди идораларни жалб этган ҳолда бартараф қилинди.

— Туманда Бандлик дастури ижросини ўрганиб, бу масала ўта  долзарблигича қолаётганини кўрдик, — дейди Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Зафар Султонов. — Биринчи галда ёшларни иш билан таъминлаш, аҳолининг тадбиркорлик ташаббусларини қўллаб-қувватлашда  қатор муаммоларга дуч келдик. Ваҳолонки, Учқудуқ  хом ашё ресурсларига бой ҳудуд саналади. Шу маънода, туманнинг туз конларидаги тадбиркорлар билан учрашиб, маҳсулотга дастлабки ишлов бериш, уни йодлаш ва қадоқлаш ишларини кузатдик.  Айни йўналишда ишлаб чиқаришни ривожлантириш бўйича алоҳида дастур тайёрлаш мақсадга мувофиқ, деб топилди.
Учқудуқда 18 та умумий ўрта таълим мактаби ҳамда иккита давлат,  бешта корхона балансидаги мактабгача таълим муассасаси ҳамда уларнинг ўнта филиали фаолият кўрсатади. Ушбу таълим-тарбия масканларининг аксариятида  ўтган йили зарур таъмирлаш ишлари бажарилди. Қулқудуқ овулидаги 1-мактаб шулардан бири бўлиб, унинг моддий-техника базаси  тўлиқ янгиланди.

— Лекин ўқув масканимизда қозоқ тилидаги бадиий адабиётлар етишмайди, — дейди  мактаб директори Айтуар Давлетов.  —  Шунингдек, аниқ фанлар бўйича ҳам болаларнинг фикр доирасини кенгайтирадиган, математика, физика фанларидан мустақил тайёрланиш имконини берадиган адабиётлар деярли йўқ. Депутатлар мактабимизга келганида, бу борада амалий ёрдам сўрадик.

Туман марказидан 150, вилоят марказидан 480 километр олисда жойлашган Узунқудуқ овулида ўтган йили Бухоро шаҳридан келган шифокор ҳамда икки нафар ёш ўқитувчи ўз фаолиятини бошлади. Бу мутахассислар ҳамда овул профилактика инспекторига Президентимизнинг  “Навоий вилоятининг олис чўл туманлари аҳолиси турмуш даражасини янада оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори асосида уй-жой ва бошқа имтиёзлар берилди.

Депутатлар туман аҳолисига кўрсатилаётган тиббий хизмат сифати билан ҳам қизиқдилар. Бу ерда пойтахтдаги етакчи клиникалар тажрибали шифокорларининг мунтазам қабуллари ташкил қилинаётгани эътироф этилди. Шунингдек, мулоқотлар асносида ўртага ташланган транспорт қатнови, кўмир ёқилғиси, чорва учун омихта ем таъминоти каби масалаларда ҳал қилиниши лозим бўлган долзарб вазифалар ҳам борлиги аниқланди.
Парламент аъзоларининг ҳудудларда аҳоли билан учрашувлари давом этмоқда.
Истам ИБРОҲИМОВ,
Ҳидоят АҲМЕДОВ,
Темур ЭШБОЕВ,
«Халқ сўзи» мухбирлари.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn