Хорижлик жангари-террорчини аниқлаш техникаси масалалари муҳокама қилинади
  • 20 Февраль 2018

Хорижлик жангари-террорчини аниқлаш техникаси масалалари муҳокама қилинади

Эртага Тошкент шаҳрида хорижлик жангари-террорчиларни идентификация қилиш ва шахсини аниқлаш техникаси масалаларига бағишланган миллий семинар ўз ишини бошлайди. Тадбир 23 февралга қадар давом этади. 

Бу ҳақда Европа Иттифоқининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси расмий сайти хабар берди. Мазкур семинар Марказий Осиё чегараларини бошқаришга кўмаклашиш дастури(БОМКА-9) доирасида ташкил этилади.

Эслатиб ўтамиз, бу мамлакатимизнинг соҳага масъул ҳуқуқ-тартибот органлари ходимлари иштирокида 2016 йилда бўлиб ўтган шу каби тадбирнинг давоми ҳисобланади. Бу гал ҳам ЕИ экспертлари ва тегишли маҳаллий идоралар мутахассислари иштирокида тизимга оид механизмлар такомиллаштирилади, ўзаро ҳамкорлик қилиш масалалари муҳокама қилинади.

Хусусан, хорижлик жангари-террорчиларни идентификация қилиш ва шахсини аниқлаш бўйича илғор тажрибалар тақдим этилади, бу борадаги асосий чора-тадбирлар ва тавсиялар ишлаб чиқилади. Ўз навбатида БМТ Хавфсизлик Кенгашининг зўравонлик экстремизмига қарши курашиш соҳасидаги тавсияларини миллий идоралар томонидан амалга оширилиши бўйича қўшимча амалий ҳаракатлар муҳокама этилади. 

Эслатиб ўтамиз, БОМКА дастури 2003 йилдан ўз фаолиятини бошлаган бўлиб, у Марказий Осиё давлатларига чегараларни бошқариш жабҳасидаги ҳамкорликни ривожлантиришга ўз ҳиссасини қўшиб келаяпти. Унинг бажарилиши доирасида 2003-2018 йиллар давомида 40,8 миллион евро йўналтирилган. Шундан қарийб 5 миллион евроси дастурнинг 2015-2018 йилларни ўз ичига олган тўққизинчи фазаси ижроси учун ажратилган.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn