«Ўзбекистон қисқа давр ичида озиқ-овқат ва ғалла мустақиллигига эришгани эътирофга лойиқ»
  • 10 Июнь 2014

«Ўзбекистон қисқа давр ичида озиқ-овқат ва ғалла мустақиллигига эришгани эътирофга лойиқ»

Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан 5-6 июнь кунлари юртимизда ташкил этилган “Ўзбекистонда озиқ-овқат дастурини амалга оширишнинг муҳим захиралари” мавзуидаги халқаро конференция юксак савияда ўтказилди. Буни мазкур анжуманда 40 та мамлакат ва 20 та халқаро ташкилотдан иштирок этган 200 нафардан зиёд меҳмонлар ҳам алоҳида эътироф этди. Мухбиримиз улардан айримларининг таассуротлари билан қизиқди.

Сўз — халқаро конференция иштирокчиларига Питер БАТТОН, Ўсимликларнинг янги навларини ҳимоя қилиш халқаро иттифоқи вице-котиби (Швейцария):

— Ўзбекистон ижтимоий-иқтисодий ҳаётнинг турли соҳалари қаторида қишлоқ хўжалиги тармоқларида ҳам салмоқли ютуқларни қўлга киритаяпти. Мазкур нуфузли анжуман улардан бохабар бўлиш, бу борада тўпланган бой тажриба билан яқиндан танишиш имконини берди. Айниқса, халқаро конференциянинг очилиш маросимида Президент Ислом Каримовнинг нутқини катта қизиқиш билан эшитдик. Унда озиқ-овқат захираларининг бугунги кундаги долзарб масалалари, Ўзбекистонда ушбу йўналишда олиб борилаётган оқилона сиёсат, сабзавот, мева ва узум етиштириш бўйича тўпланган катта салоҳият, соҳада мавжуд муаммоларни ечиш ҳамда глобал озиқ-овқат дастурини ҳаётга татбиқ этишда мамлакатингизнинг қўшаётган ҳиссасини ошириш имкониятлари ҳақида янада муфассал маълумотлар тақдим этилди. Ана шундай узоқни кўзлаб амалга оширилаётган ислоҳотлар натижасида юртингиз қисқа давр ичида озиқ-овқат ва ғалла мустақиллигига эришгани эътирофга лойиқ. Бундан ўрнак олса арзийди. 

Фритц ван дер ХААР, Эмори университети профессори(АҚШ):

— Ҳозирги даврда озиқ-овқат дастурини амалга оширишнинг муҳим захираларини яратиш, озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш ҳар бир давлат учун ҳаётий аҳамиятга эга. Президент Ислом Каримов ташаббуси билан ўтказилган мазкур анжуман бу борада салмоқли ютуқларни қўлга киритаётган Ўзбекистоннинг тараққиёт моделидан чуқурроқ хабардор бўлишда айни муддаодир. Бинобарин, йирик тадбирнинг очилиш маросимида давлатингиз раҳбарининг нутқини диққат билан тингладик, катта таассурот олдик.

Айниқса, жаҳонда камдан-кам учрайдиган табиий тупроқ-иқлим шароитларининг уйғунлиги туфайли дунёдаги энг мазали ва энг фойдали мева-сабзавотлар минтақангизда етиштирилиши мумкинлиги тўғрисидаги фикрларига ушбу йирик форумда иштирок этганларнинг барчаси тўлиқ қўшилади, десам, айни ҳақиқатни айтган бўламан.    

Сир эмас, кўплаб жабҳалар, хусусан, агросаноатда ижобий натижани қўлга киритиш осон кечмайди. Оддийгина уруғни ерга қадаш ёки ниҳолни ўтқазиш билан иш битмайди. Унга катта масъулият ва эътиборни талаб этадиган парвариш керак. Тупроқ унумдорлигини сақлаш, агротехника тадбирлари, тежамкор ва инновацион технологиялар, илмий изланишлару тадқиқотлардан самарали фойдаланишдан тортиб, зарур инфратузилма, индустрия ва логистика тизимларини яратишгача бўлган жараёнларнинг барчаси изчил чора-тадбирлар кўриш, машаққатли меҳнат қилишни тақозо этади. Юртингизда бу амаллар оғишмай рўёбга чиқарилаётгани ўз самарасини бераяпти.

Лийинг НИУ, Қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлаш институти тадқиқотчиси(Хитой): 

— Айни пайтда Ер юзида аҳоли сони кўпайиб бораяпти. Бу эса озиқ-овқат, хусусан, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларига бўлган талабни ҳам оширмоқда. Боз устига, кўплаб минтақаларда юз берган табиий офатлар, сув тақчиллиги, қурғоқчилик, инқироз асоратлари жаҳон бозорида бирламчи эҳтиёж маҳсулотлари янада қимматлашувига сабаб бўлаётир. БМТ ахборотига кўра, сўнгги йилларда дунё аҳолисининг 840 миллиондан ортиғи тўйиб овқат емаяпти.

Бу муаммога ечим топиш учун кўплаб изланишлар олиб борилаяпти. Инсоннинг тўйиб овқатланишига эришишга қаратилган лойиҳалар ҳаётга татбиқ этилмоқда. “Истеъмол савати”нинг мақбул тузилмасини шакллантириш, инновацион технологияларни амалиётга жорий этиш, тупроқ унумдорлиги, экинлар ҳосилдорлигини кўпайтириш чоралари кўрилмоқда. Шу маънода, озиқ-овқатнинг муҳим захираларини шакллантириш, тегишли инфратузилмаларни ривожлантириш бўйича Ўзбекистон тажрибаси ибрат қилиб кўрсатишга арзигуликдир. Ушбу конференция айни шу тажриба билан муфассал танишиш имкониятини берди, десам, янглишмайман.

Имре ХУБАИ, Венгрия қишлоқ хўжалик тармоғи палатаси вице-президенти:

— Серқуёш Ўзбекистон заминида етиштириладиган мева-сабзавот, полиз неъматлари, гўшт ва сут, улардан тайёрланаётган маҳсулотлар ўзининг хуш таъми, витаминларга бойлиги, экологик софлиги билан алоҳида ажралиб турар экан. Бунга бозорлар, интенсив боғлар ва саноат корхоналарига бориб, тўлиқ амин бўлдик. Айниқса, бозорлар тўкинлиги ҳайратимни оширди. Бу мамлакатингиз иқтисодий тараққиётининг ёрқин кўзгусидир. Гилос, ўрик, тарвузнинг таъми тилимда қолди. Самарқанд нонларининг таърифи ҳақида ҳам узоқ гапириш мумкин. Қишлоқ хўжалиги, озиқ-овқат саноатида эришилаётган ижобий натижалар, аҳоли саломатлигини мустаҳкамлашдаги ютуқларнинг боиси нимада, деган саволга анжуман очилиш маросимида давлатингиз раҳбари нутқини диққат билан тинглаб, жавоб олдим. Унда Президент Ислом Каримов томонидан ўзбек халқининг меҳнаткашлиги, мард ва олижаноблиги, меҳмондўстлиги ҳамда бағрикенглиги бу борадаги энг асосий, ҳал қилувчи омил эканлиги алоҳида таъкидлаб ўтилди.

Одамларингиздаги мана шундай фазилатларга барча қатори мен ҳам бевосита гувоҳ бўлдим. Ўз навбатида, халқаро конференция сабаб юртингиздаги меъморий обидалар, тарихий ёдгорликлар бетакрорлигидан ҳам олам-олам завқландим. Диёрингиздаги осуда ва фаровон ҳаёт, одамларингиз юзидаги самимий табассум ва бахтиёрликдан қувват олдим, руҳландим. Бундай юртда яшаш улкан бахтдир.

Нуфузли форум ишида соҳага оид барча жиҳатлар қамраб олингани, у юксак савияда ўтказилганидан иштирокчилар мамнун бўлганини алоҳида айтиб ўтмоқчиман.

Ясухиса КУНИМИ, Токио қишлоқ хўжалиги ватехнология университетининг таълим бўйича вице-президенти(Япония):

— Ўзбекистонга тез-тез келиб тураман. Бу ердаги ўзгаришлар, одамлар кўзидаги шодлик, халқингизнинг меҳмондўстлиги кишига катта куч, маънавий қувват бахш этади. Шуни алоҳида айтиб ўтишни истардимки, Президент Ислом Каримов ташаббуси билан ўтказилган халқаро конференцияда иштирок этганимдан беҳад хурсандман.

Таълим муассасамиз Ўзбекистон Миллий университети билан ҳамкорлик қилиб келади. Шу ҳамкорлик туфайли юртингизда давлат раҳбари эътибори, Фармон ва қарорлари асосида қишлоқ хўжалиги, озиқ-овқат индустрияси жадал равнақ топаётганидан хабардорман. Айни чоғда Ўзбекистонда озиқ-овқат экинлари экиладиган майдонлар оптималлаштирилиб, маҳсулот етиштиришни кўпайтириш, ҳосилдорлигини кўтариш чора-тадбирлари кўрилаётгани, соҳада тадбиркорлар, инвесторларга катта имтиёзлар, преференциялар тақдим этилаётгани алоҳида аҳамиятга молик. Бу эса халқ учун зарур бўлган сабзавот, полиз, картошка, узумчилик ва боғдорчилик маҳсулотларини етказиб бериш ҳажмини оширишда айни муддаодир. Аҳоли фаровонлиги, саломатлиги, келажаги йўлида мана шундай оқилона сиёсат олиб борилаётгани озиқ-овқат маҳсулотлари тақчиллиги, уларнинг нархлари ошиб кетишининг олдини олишда муҳим мезон ҳисобланади.

С. ҚОСИМЖОНОВ ёзиб олди.

 

 

 

 

 

 

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn