Маҳаллий Кенгашлар фаолиятини жонлантириш — давр талаби
Маҳаллий Кенгашлар фаолиятини жонлантириш — давр талаби Фото: mahallakengashi.uz
  • 20 Февраль 2018

Маҳаллий Кенгашлар фаолиятини жонлантириш — давр талаби

Юртимиз тараққиётининг бугунги янги босқичида ислоҳотларнинг янада самарали бўлиши барча соҳада ечимини кутаётган масала ва муаммоларни тезроқ бартараф қилишга бевосита боғлиқ. Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йил 22 декабрь куни мамлакатимиз тарихида биринчи марта Олий Мажлисга Мурожаатнома билан чиққани, унда давлат аҳамиятига молик бир қатор муаммолар кўтарилгани бежиз эмас.

Ўтган йил давомида мамлакатимизни иқтисодий-ижтимоий ривожлантириш бўйича Ҳаракатлар стратегиясида кўзда тутилган мақсад ва вазифаларни бажариш учун давлатимиз ҳамда жамиятимизнинг бор куч ва имкониятлари сафарбар этилди. Бироқ ҳали ечимини кутаётган муаммолар оз эмас.
Давлатимиз раҳбарининг Олий Мажлисга Мурожаатномасида парламент аъзолари зиммасига ғоят муҳим ва ўта долзарб вазифалар юклатилди. Фаолиятимизга танқидий баҳо берилди. Биз, сенаторлар мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг қамровли ислоҳотларнинг янада самарадорлигини таъминлаш учун ҳамиша фаол ва изчил иш олиб боришимиз зарурлигини чуқур ҳис этдик. Юртдошларимизни юксак марралар сари руҳлантиришимиз, ижтимоий-иқтисодий тараққиётга тўсиқ бўлаётган масалаларга изчил ечим топиш учун ташаббускорлик ва ташкилотчиликни кучайтиришимиз лозимлигини англаб етдик.

Бу ўринда тиббиётда кечаётган ислоҳотларни жадаллаштиришимиз муҳим аҳамиятга эгадир. Шу боис ҳам Президентимизнинг соҳа ишини янги босқичга кўтаришга қаратилган Фармон ва қарорларида белгиланган вазифаларни ҳаётга тўла-тўкис татбиқ қилишга эришиш чоралари кўрилаётир. Масалан, йил бошидан Наманган вилояти соғлиқни сақлаш тизимида сезиларли ўзгаришлар амалга оширилмоқда, аҳоли чуқурлаштирилган тиббий кўриклар билан қамраб олинаяпти. Дастлабки босқичда туғиш ёшидаги аёллар ва болалар соғломлаштирилаётган бўлса, кейинчалик кексаю ёшлар шифокорлар кўригидан ўтказилади. Бундан ташқари, бирламчи тиббий-санитария ёрдами муассасалари билан даволаш-профилактика муассасалари фаолиятини интеграциялаш ишлари жадал олиб борилмоқда.

Вилоятда аҳоли репродуктив саломатлигини мустаҳкамлаш, ҳомиладор аёлларни тўлиқ скрининг текширувидан ўтказиш имкониятлари кенгайтирилмоқда. “Она ва бола скрининг” маркази энг замонавий тиббий ускуналар билан таъминланаяпти. Туманларда эса скрининг кабинетлари ташкил этилаётир.

Аҳолига шошилинч тиббий хизмат кўрсатиш даражаси юксалтирилмоқда. Тизимнинг дори-дармон таъминоти яхшиланмоқда. Махсус автотранспорт парки янгиланаётир. Ўтган йили кўплаб янги автомашиналар олинди. Улардан 10 таси хорижда ишлаб чиқарилган “Hyundai” автотранспортидир. Тез тиббий ёрдам ишини такомиллаштириш мақсадида автомашиналарга GPS-навигаторлари ўрнатилди. Соғлиқни сақлашнинг бошқа соҳалари фаолиятини ҳам бугунги кун талаблари даражасида ривожлантириш диққатимиз марказида. Соҳада “Ақлли тиббиёт” ғоясининг рўёбга чиқиши учун дастлабки қадамлар қўйилди. Наманган шаҳрида “Электрон поликлиника” тизими жорий этилди. Янги йилдан эса шифохоналарда “МедДата” автоматлаштирилган ахборот хизмати татбиқ қилина бошланди. Жорий йилда вилоятдаги 10 та шифохона шу тизимга ўтказилмоқда.

Албатта, бу саъй-ҳаракатлар замирида халқимиз турмуш фаровонлигини юксалтириш, одамларни рози қилишдек эзгу мақсадлар мужассамдир. Фаолиятимизга теран назар солсак, эришган натижалар билан асло қаноатланмаслигимиз лозимлиги яққол намоён бўлади. Февраль ойи биринчи ярмида Косонсой туманидаги оилаларда ижтимоий-маънавий муҳитни ўрганиш бўйича олиб борилган мониторинг якунлари ана шундай хулосалар чиқаришга ундамоқда. Юртдошларимизга муносиб турмуш шароитларини яратиш учун ҳали кўп ишлар қилиниши лозимлиги ойдинлашди. Айниқса, тиббиёт тармоғи ривожини жаҳон андозалари даражасига етказишимиз зарур.
Биз, сенаторлар бундан кейин ҳам ўз фаолиятимизни асло сусайтирмаймиз. Халқ фаровонлигини оширишдек эзгу мақсад сари дадил интилаверамиз. Бу улуғвор вазифалар натижадорлигини таъминлашда халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари ноибларини ортимиздан эргаштириш шарафли бурчимиздир.
Солижон МЎМИНОВ,
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзоси.
Наманган вилояти

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn