Сайловчилар билан мулоқот якунлари муҳокама этилди
  • 10 Июнь 2014

Сайловчилар билан мулоқот якунлари муҳокама этилди

Олий Мажлис Қонунчилик палатасида сиёсий партиялар фракцияларининг кенгайтирилган йиғилишлари бўлиб ўтди. Уларда депутатларнинг ўз сайлов округларида олиб борган ишлари, унинг якунлари, шулардан келиб чиққан хулосалар муҳокама этилди.

Таъкидлаш керакки, ҳар бир фракция жойларга чиқишдан олдин иш режасини ишлаб чиқди ва депутатлар зарур материаллар ҳамда маълумотлар билан таъминланди. Шу асосда депутатлар томонидан жойларда мурожаатлар кўриб чиқилди, фуқаролар қабуллари уюштирилди, сайловчилар билан учрашувлар, меҳнат жамоаларига ташрифлар ташкил этилди.

Мазкур жараёнларнинг барчаси марказий ҳамда маҳаллий оммавий ахборот воситаларида кенг ёритилди.

Йиғилишларда кўриб чиқилган масалалар хусусида ҳар бир фракция ўз нуқтаи назарини билдирди.

— Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати — Ўзбекистон Либерал-демократик партияси фракцияси аъзолари томонидан сайлов округларидаги учрашувларда юртимизда ишбилармонлик муҳитини яхшилаш, тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлаш бўйича амалга оширилаётган туб ислоҳотларга урғу берилди, — деди ЎзЛиДеП фракцияси аъзоси Фахриддин Солиев. — Соҳага оид Президент Фармон ва қарорларининг жойлардаги ижроси, мавжуд муаммолар сабабини ўрганиш, фермерлик ҳаракатини ривожлантириш йўналишидаги ишларга ҳам алоҳида эътибор қаратилди.

Фракция йиғилишида электорат билан мулоқотлардан келиб чиқиб, тадбиркорлик субъектлари эркинлигини янада кенг таъминлаш лозимлигига тўхталиб ўтдик. Чунончи, молия ва кредит муносабатларини янада либераллаштиришга қаратилган “Лизинг тўғрисида”ги Қонунга ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш мақсадга мувофиқ. Мавжуд бўшлиқлар ва турлича талқин қилинишини бартараф этиш учун оилавий тадбиркорликни ривожлантириш масалаларини тартибга солувчи меъёрий-ҳуқуқий базани маромига етказиш зарур. Шунингдек, ҳудудларда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни жадал ривожлантириш учун қатъий парламент назоратини ўрнатиш лозим. Бундан ташқари, марказда ва жойлардаги ижро этувчи ҳокимият органларига парламент сўровларини юбориш бўйича комплекс чора-тадбирлар белгилаб олинди.

— Ўзбекистон Халқ демократик партияси фракцияси аъзолари сайлов округидаги фаолияти давомида мамлакатимизда ёшлар бандлигини таъминлаш борасида олиб борилаётган кенг кўламли ишларга урғу бердилар, — деди ЎзХДП фракцияси аъзоси Назира Матёқубова. —  Хусусан, Иш ўринларини ташкил этиш ва аҳоли бандлигини таъминлаш дастурининг ижроси доирасида касб-ҳунар коллежлари битирувчиларини ўз мутахассисликларига мувофиқ, иш билан таъминлаш масаласига алоҳида эътибор қаратишди. Таъкидлаш лозимки, касб-ҳунар коллежлари битирувчилари бандлигини таъминлашда уларнинг ўз мутахассислиги бўйича амалий кўникмаларни пухта ва мукаммал эгаллаганлиги ниҳоятда муҳим. Шундан келиб чиққан ҳолда, касб-ҳунар коллежлари ўқувчиларининг ўзлари бириктирилган корхоналарда ишлаб чиқариш амалиётини самарали ўташлари учун яратилган шарт-шароитларни ўрганиш депутатларнинг диққат-эътиборида бўлди. Жумладан, фракция аъзолари сайлов округидаги қисқа муддатли фаолияти давомида бир қатор корхоналарда бўлиб, мазкур масалани ўргандилар ҳамда аниқланган камчиликлар Маҳаллий кенгашлардаги доимий комиссиялар, ЎзХДП депутатлик гуруҳларининг йиғилишларида муҳокама қилинди.

Депутатлар томонидан ушбу йўналишда ўрганилган масалалар таҳлилидан келиб чиқиб, фракция ташаббуси билан касб-ҳунар коллежлари битирувчиларини эгаллаган мутахассисликларига мувофиқ иш билан таъминлаш борасидаги чора-тадбирлар бажарилишининг самарадорлигини ошириш, кейинги йиллар учун бундай дастурларни ишлаб чиқиш механизми ва услубларини янада такомиллаштириш мақсадида парламент эшитуви ўтказишга қарор қилинди.

ЎзМТДП фракцияси аъзоси Шуҳрат Деҳқоновнинг айтишича, яқинда кучга кирган ҳуқуқий ҳужжатлар, қуйи палатада ишлаб чиқилаётган қонун лойиҳалари, парламент назоратини ривожлантириш, буларда депутатларимиз иштирокини кучайтириш масалалари Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси фракцияси диққат-эътиборида бўлди. 

— Шунга уйғун тарзда сайловолди дастурига муштарак тарзда учрашувларда маданий мерос объектлари, музей экспонатларини муҳофаза қилиш масалалари ҳам кўриб чиқилди, — деди у. — Бундан ташқари, ҳудудларда мактабгача таълим муассасаларининг бугунги фаолияти, моддий-техник базаси, малакали кадрлар билан таъминлаш ҳолати, мазкур масканларга болаларни қамраб олиш, ҳунармандчиликни равнақ топтириш йўлида қилинаётган ишлар таҳлил қилиниб, мавжуд камчиликлар  ўрганилди. 

Фракция йиғилишида электорат билан мулоқотлар чоғида олинган хулосаларга мувофиқ, бир қатор ташаббусларни билдирдик. Чунончи, маданият ва спорт ишлари вазирига парламент сўрови юбориш белгиланди. Айни чоғда халқ таълими вазирининг парламент эшитуви ўтказилишига келишиб олинди. Булар эса маданий мерос дурдоналарини янада асраб-авайлаш, уларни келажак авлодга бекаму кўст етказиш, таълим, хусусан, мактабгача таълим муассасалари фаолиятини янада жонлантириш, самарадорлигини оширишга йўналтирилгани билан муҳим аҳамият касб этади.

— Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси фракцияси аъзоларининг электорат билан мулоқоти муҳим мавзуларга бағишланди, — деди “Адолат” СДП фракцияси аъзоси Умид Жуманиёзов. —  Чунки уларда янги қабул қилинган қонунлар, Президентимизнинг Фармон ва қарорлари, “Соғлом бола йили” Давлат дастури мазмун-моҳияти, ижросига муфассал тўхталиб ўтилди. Шулар баробарида, учрашувларда партия дастурий ғоялари асосида серқуёш диёримизда муқобил энергия манбаларини ривожлантириш имкониятлари, соҳага оид қонунчиликни такомиллаштириш бўйича қилинаётган ишлар юзасидан фикр алмашилди.

Фракция йиғилишида амалдаги қонун ҳужжатларини ҳаётга татбиқ этишда учраётган камчиликлар, уларнинг сабаблари таҳлил қилинди. Хусусан, жойларда соғлиқни сақлаш, давлат санитария назоратига оид қонунчилик ҳужжатлари ижросини янада қатъийлаштириш лозим. Фракция аъзолари бу борада депутатлик назоратини кучайтириш керак, деб ҳисоблайди. Қолаверса, таълим муассасаларида тиббий хизматни йўлга қўйишнинг ҳолати устидан назорат-таҳлил ишларини изчил олиб бориш зарурлиги таъкидланди. Юқоридагилар жамиятда соғлом турмуш тарзини янада чуқур қарор топтириш, ҳар томонлама баркамол авлодни вояга етказиш, тиббий хизмат сифатини янада ошириш, “Соғлом бола йили” Давлат дастури ва ҳудудий дастурларнинг самарали рўёбида салмоқли роль ўйнайди.

Фракция йиғилишларида сиёсий партиялар фаолиятини янада ривожлантириш, жонлантириш, уларнинг сайловчилар билан иш олиб боришини янада фаоллаштириш давр талаби эканлиги таъкидланди. Якунда кўрилган масалалар юзасидан олинган таклифлар, хулосалар умумлаштирилиб, қарорлар қабул қилинди ҳамда тегишли вазифалар белгиланди.

Саиджон МАХСУМОВ,

«Халқ сўзи» мухбири.

 

 

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn