Маркалаш тизими такомиллаштирилмоқда
Версия для печати
  • 10 Июнь 2014

Маркалаш тизими такомиллаштирилмоқда

Ички бозорни сифатли маҳсулотлар билан тўлдириш, истеъмолчиларнинг қонуний ҳуқуқларини ҳимоя қилиш юртимизда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг устувор йўналишларидан бири ҳисобланади.

Президентимизнинг 2013 йил 29 январдаги “Мамлакатимизда ишлаб чиқарилган маҳсулотларнинг рақобатдошлилигини янада ошириш ва товарларни республикага ноқонуний олиб киришга қарши курашни кучайтириш тўғрисида”ги қарори бу борадаги ислоҳотларнинг мантиқий давоми бўлди. Унда 2013 йилнинг 1 июлидан бошлаб республикамизга олиб кириладиган истеъмол товарларида ишлаб чиқарувчиларнинг давлат тилидаги маркаси бўлиши шартлиги қатъий белгилаб қўйилди. 

Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитаси томонидан мазкур ҳужжат ижроси бўйича изчил чора-тадбирлар кўрилаётгани боис ўлкамизга сифатсиз маҳсулотлар кириб келишининг олди олинмоқда. Кеча пойтахтимизда бўлиб ўтган матбуот анжуманида шу ҳақда сўз юритилди. 

Соҳа мутахассисларининг айтишича, айни пайтда давлат тилидаги маркалаш шарт бўлган озиқ-овқат маҳсулотлари, шахсий гигиена воситалари ва бошқа истеъмол молларининг 44 гуруҳи тасдиқланган.

Ушбу рўйхатдан гўшт ва сут маҳсулотлари, табиий асал, мева-сабзавот ва уларни қайта ишлаш асосида тайёрланган маҳсулотлар, ёғ ва ўсимлик мойлари, шакар ва қандолат маҳсулотлари, дори-дармон ва ичимликлар, маиший техника ва ошхона жиҳозлари, болалар ўйинчоқлари сингари кундалик ҳаётимизда ишлатиладиган муҳим истеъмол моллари ўрин олган. Уларнинг маркасида асосий истеъмол хусусиятлари, ишлаб чиқарилган санаси, ишлаб чиқарувчининг кафолат мажбуриятлари, фойдаланиш қоидалари, яроқлилик муддати, корхона манзили ва бошқа зарур маълумотлар бўлиши керак. 

2014 йилнинг ўтган 5 ойи давомида ана шу талаблардан келиб чиқиб, жами 812 миллион АҚШ долларилик истеъмол моллари импорт қилинди.  

— Эндиликда тадбиркорларимиз хорижлик ишлаб чиқарувчилар билан шартнома тузиш жараёнида товарларни юртимизга олиб киргунгача давлат тилида маркалаш талабини назарда тутишлари зарур, — дейди Давлат божхона қўмитаси Марказий божхона лабораторияси бошлиғи Б. Абдуғаниев. — Негаки, уларнинг тўғрилиги ва тўлиқлигига импортёр ҳамда сертификатлаштириш бўйича аккредитация қилинган органлар жавоб беради. 

Афсуски, белгиланган қонун-қоидаларга амал қилмасдан, сифатсиз маҳсулотларни олиб киришга уринаётган сохта тадбиркорлар ҳам учраб турибди. Шу йилнинг ўтган даврида республикамиз божхоначилари томонидан ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари билан ҳамкорликда 243 та шундай қонунбузарлик ҳолати аниқланиб, белгиланган тартибда чоралар кўрилди.    

Саид РАҲМОНОВ,

«Халқ сўзи» мухбири.

 

 

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn