Парламент дипломатияси фаоллашмоқда
  • 17 Февраль 2018

Парламент дипломатияси фаоллашмоқда

Хорижий сиёсатшунос экспертларнинг фикрича, Марказий Осиёда қисқа муддат мобайнида мутлақо янги сиёсий муҳит шаклланди. Ўзбекистон томонидан Ҳаракатлар стратегияси асосида қўйилаётган оқилона қадамлар ижтимоий-сиёсий, иқтисодий, маданий мулоқот доирасида дунёнинг кўплаб давлатлари билан ҳамкорликни мустаҳкамлаш имконини берди.

Олий даражадаги мунтазам учрашувлар, шунингдек, савдо муносабатларининг фаоллашуви  мамлакатимизнинг жаҳон ҳамжамиятидаги ҳурмати янада ортишига, фаровонлик кафолати бўлган тинчлик, барқарорлик ва хавфсизликни таъминлашга ижобий таъсир кўрсатди.

Бугунги кун талабидан келиб чиққан ҳолда, Ўзбекистон иқтисодий алоқаларни кенгайтиришга алоҳида аҳамият бермоқда. Президентимиз Шавкат Мирзиёев Олий Мажлисга Мурожаатномасида ХХР билан амалга оширилаётган “Бир макон, бир йўл” лойиҳаси доирасида Ўзбекистоннинг транспорт-коммуникация инфратузилмаси имкониятларини ошириш заруратини қайд этди. Шундан келиб чиқиб, асосий экспорт юкларимизни транзит мамлакатлар, хусусан, Туркманистон, Эрон, Қозоғистон, Россия, Озарбайжон ва Грузия ҳудудидан олиб ўтишда имтиёзларга эга бўлиш тўғрисида жиддий ўйлаб кўриш керак. Хорижий ва маҳаллий инвесторларнинг аниқ логистик лойиҳаларни амалга ошириш бўйича ташаббусларини рағбатлантириш лозим.  

Иқтисодиётни ривожлантириш, товар айланмасини ошириш, иш ўринларини ташкил этиш аҳоли даромадлари ва турмуш сифатини янада юксалтиришнинг муҳим омиллари сифатида кўрилмоқда. Бу вазифаларни ҳал қилиш механизмларидан бири қатор мамлакатлар билан кўп қиррали ҳамкорликни янада ривожлантириш бўйича “йўл хариталари”ни ўз вақтида ва сўзсиз бажаришдан иборат. Бунда давлатимиз имиджини юксалтириш, туристик ҳамда инвестициявий салоҳиятини намоён этишга жиддий эътибор берилмоқда.

Бугунги кунда ташқи иқтисодий ва сиёсий алоқаларни ривожлантириш масаласи айрим вазирлик ва идораларнинг алоҳида ваколати бўлмай қолди. Бу умуммиллий вазифа бўлиб, уни ҳал қилишда парламент дипломатияси, бошқача айтганда, халқ дипломатияси катта ўрин тутади.

Парламентлараро мулоқот мамлакатлар ўртасидаги муносабатларда қулай муҳитни шакллантириш, ўзаро ишончни юксалтириш, ҳамкорликнинг ҳуқуқий негизини мустаҳкамлашга хизмат қилади. Айнан шу омил давлатлар ўртасидаги муносабатларни янада ривожлантиришга замин яратади.  

Бу йўналишда Германия, Буюк Британия, Бельгия, Канада, Япония, Корея Республикаси, Италия, Франция, Болгария, Латвия каби мамлакатлар билан ҳамкорлик бўйича парламентлараро гуруҳлар тузилди. Ўтган йили Ўзбекистон ўзининг Парламентлараро иттифоқдаги аъзолигини тиклади, бу эса кенг доирадаги масалалар бўйича самарали ҳамкорлик борасида қўшимча имкониятлар эшигини очди.   

Халқаро муносабатлар, ташқи иқтисодий алоқалар, мамлакатимиз халқаро нуфузини мустаҳкамлаш соҳасида тизимли парламент назоратини ўрнатиш халқ вакиллари олдида турган долзарб вазифалигича қолмоқда. Олий Мажлис парламентлараро ҳамкорликка янги, прагматик мазмун ва аҳамият бахш этишга интилмоқда. 

Бунда парламент ҳамкорлиги механизмлари парламент мулоқотини йўлга қўйиш, тажриба алмашиш, жаҳон жамоатчилигини Ўзбекистоннинг ички ҳамда ташқи сиёсатидан, мамлакатимизнинг бой маънавий ва маданий меросидан, юртимизда олиб борилаётган ислоҳотлардан хабардор қилиш вазифалари билан чекланиб қолмайди. Парламентлараро мулоқот минтақавий алоқаларни, савдо-иқтисодий ҳамкорликни ривожлантиришнинг, инновацион тараққиёт, таълим, туризм каби йўналишларда тажриба алмашишнинг самарали воситасига айланди.

Ҳамкорликни ва парламентлараро алоқаларни кенгайтириш делегациялар алмашишда, қўшма лойиҳаларни амалга оширишда, халқаро миқёсдаги тадбирларни ўтказишда кўмак беради. Масалан, бу йил Олий Мажлис Сенати томонидан Россия Федерацияси Федерация Кенгаши билан ҳамкорликда Тошкентда Минтақалар форумини ўтказиш режалаштирилган. Бу савдо-иқтисодий, инновацион ва маданий-гуманитар соҳаларда мамлакатларимиз ўртасида ўзаро манфаатли соҳалар сонини ошириш имконини беради. Шунга ўхшаш ишлар қозоғистонлик ва қирғизистонлик ҳамкасблар билан ҳам олиб борилмоқда.

Умуман, Парламентлараро мулоқот механизмлари ҳаётий зарурат экани ўз тасдиғини топди, айни вақтда парламент дипломатияси серқирра мазмунга эга бўлиб, фуқаролик жамиятининг хоҳиш-иродасини самарали ифода этмоқда, халқаро мулоқотни ривожлантиришда давлатнинг тенг ҳуқуқли ҳамкори бўлиб қолмоқда. Бизнингча, қонун ижодкорлиги соҳасида мамлакатлар ҳамкорлиги кўплаб долзарб масалаларни ҳал қилишда ишончли алоқаларни қўллаб-қувватлашга салмоқли ҳисса қўшади.

Алишер КУРМАНОВ,

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг 

Халқаро муносабатлар, ташқи иқтисодий алоқалар, хорижий инвестициялар ва 

туризм масалалари қўмитаси раиси.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn