«Менинг фикрим» веб-портали концепцияси муҳокама қилинди
  • 16 Февраль 2018

«Менинг фикрим» веб-портали концепцияси муҳокама қилинди

Пойтахтимизда Олий Мажлис ҳузуридаги Қонунчилик муаммолари ва парламент тадқиқотлари институти ҳамда Қонунчилик палатаси Ахборот ва коммуникация технологиялари масалалари қўмитаси ҳамкорлигида “Менинг фикрим” веб-портали концепцияси муҳокамасига бағишланган давра суҳбати ўтказилди. 

Анжуманда ушбу портал мамлакатимизда халқчил принципларни янада ривожлантириш, давлат ва жамиятни бошқаришда фуқаролар иштирокини кенгайтириш ва давлат ҳокимияти органларининг очиқлигини таъминлашга хизмат қилиши қайд этилди. Бу веб-портални тузиш Ҳаракатлар стратегиясини “Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йили”да амалга оширишга оид Давлат дастурида илгари сурилган вазифалардан бири бўлиб, ўтган даврда шу асосда муайян ишлар амалга оширилди.

Иштирокчилар эътироф этганидек, мазкур веб-портал, аввало, мамлакат парламенти томонидан сайловчилар, умуман, барча фуқаролар билан ўзаро мулоқотларни ўрнатишда самарали механизм бўлган “электрон парламент” тизимини ривожлантириш имконини беради.

Шунингдек, фуқароларнинг энг муҳим ҳаётий масалаларига дахлдор қарор лойиҳалари бўйича жамоатчилик муҳокамаси ҳамда жамоатчилик экспертизасини ўтказиш амалиётини жонлантириш, тараққий топган давлатларда кенг ишлатиладиган ахборот-коммуникацияларнинг замонавий шакллари ва воситаларини парламент амалиётига жорий қилишда алоҳида ўрин тутади.

Веб-портал концепцияси юзасидан жойларда ўтказилган муҳокамаларда фуқаролар ўзлари муҳим деб ҳисоблаган ташаббусларни илгари суришлари учун интернетда махсус майдон ташкил этиш, бир гуруҳ фуқаролар томонидан маъқулланган ташаббуслар Олий Мажлис палаталари ҳамда маҳаллий Кенгашлар томонидан мажбурий равишда кўриб чиқилиши масалаларига оид билдирилган таклифлар уни такомиллаштиришда айни муддао бўлди.  

Анжуман иштирокчилари, шунингдек, “Менинг фикрим” веб-портали концепциясининг муҳим жиҳатлари, шу жумладан, фуқароларнинг электрон мурожаатлари билан боғлиқ асосий тушунча ҳамда атамалар, улар турлари, электрон жамоавий мурожаатларнинг мазмуни ва моҳияти, бу каби мурожаатларни кўриб чиқадиган парламент палаталари ваколатли органи ҳамда фуқароларнинг электрон жамоавий мурожаатни киритиш ҳуқуқи кафолатлари бўйича фикр-мулоҳазалар билдиришди.

Якунда бу веб-портал концепциясини янада ривожлантириш юзасидан тавсиялар ишлаб чиқилди.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn