Рональд Жеймс Поллетт: Ўзбекистон ҳар томонлама улкан салоҳиятга эга мамлакат 
  • 16 Февраль 2018

Рональд Жеймс Поллетт: Ўзбекистон ҳар томонлама улкан салоҳиятга эга мамлакат 

Мамлакатимизда амалий ташриф билан бўлиб турган АҚШнинг етакчи компанияларидан бири «Женерал электрик» корпорацияси вице-президенти Рональд Жеймс Поллетт юртимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар ва ўзаро ҳамкорлик истиқболлари ҳақида фикрларини билдирди:

— Аввало, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевга самимий қабул, мазмунли ва самарали мулоқот учун чин дилдан миннатдорлик билдираман. 

Мен Ўзбекистон Президенти билан учинчи маротаба учрашаяпман. Бугунги учрашувда Президент Жаноби Олийлари компаниямиз Ўзбекистонга нафақат юқори технологияли ускуналар етказиши, балки уларни маҳаллийлаштириш имкониятларини ўрганиш, глобал таълим ресурслари ва «Женерал электрик» компанияси мезонларидан фойдаланган ҳолда мутахассислар тайёрлаш, малакасини оширишга оид дастурларни амалга ошириш масалаларига алоҳида тўхталди. 

Ўзбекистонда рўй бераётган барча ўзгариш ва янгиланишларни, мамлакатнинг халқаро ҳамжамият билан тенг шериклик асосидаги ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш борасидаги саъй-ҳаракатларини алоҳида қайд этмоқчиман. Ўзбекистон халқи азалдан билими, меҳнаткашлиги ва юксак салоҳияти билан машҳур. Биз мана шундай кенг имкониятларга эга мамлакатда фаолият бошлаган хорижий компаниялардан бири бўлганимиздан мамнунмиз.

Кейинги вақтларда Ўзбекистонда амалга оширилаётган кенг кўламли иқтисодий ислоҳотлар, сармоядорлар учун яратилган қулай инвестициявий муҳит ва имтиёзлар АҚШ ишбилармонларининг ҳам мамлакатингиз билан узоқ муддатли ва ўзаро манфаатли ҳамкорлик муносабатларини ривожлантиришга қизиқишини оширмоқда. Хусусан, валюта сиёсати, жумладан, эркин конвертация тизими жорий этилгани, аэропортларда «яшил йўлак» йўлга қўйилгани хорижлик ишбилармонлар ва сайёҳлар учун кенг имкониятлар яратади. 

Ўзбекистон менга жуда ёқади. Айниқса, Самарқанд, Бухоро ва Хива каби қадимий шаҳарлар ҳақида кўп ўқиганман. Қани эди, имкони бўлса, бемалол томоша қилардим. Бу менинг орзуим. 

ЎзА.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn