“Мактабгача таълим тўғрисида”ги қонун лойиҳаси ишлаб чиқилаяпти
“Мактабгача таълим тўғрисида”ги қонун лойиҳаси ишлаб чиқилаяпти Фото: farzand.uz
  • 09 Февраль 2018

“Мактабгача таълим тўғрисида”ги қонун лойиҳаси ишлаб чиқилаяпти

Бу ҳақда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Фан, таълим, маданият ва спорт масалалари қўмитаси томонидан ташкил этилган семинарда айтиб ўтилди.

Таъкидлаш жоиз, қуйи палата депутатлари туманларга бориб, тегишли қонунчиликни тезда такомиллаштириш учун энг зарур ҳаётий маълумотларни олишаяпти. Январь ойидаги ўрганишлар шуни кўрсатдики, жойларда болаларни мактабгача таълим тизимига қамраб олиш жабҳасида ҳамон муаммолар мавжуд. Хусусан, бу кўрсаткич шаҳарларга қараганда қишлоқ ҳудудларида пастдир. Бинобарин, навқирон авлодни мактабга тайёрлаш долзарблигича қолаяпти.

Депутатлар соҳа мутахассислари билан ҳамкорликда давлат раҳбари томонидан маткабгача таълим тизимини тубдан ислоҳ этиш бўйича қабул қилинган ҳужжатларнинг ижро этилиши масаласини муҳокамадан ўтказишди. Хусусан, ўтган йилда 107 та мактабгача таълим муассасаси реконструкция қилинди ва қурилди, 195 та боғча капитал таъмирланди.

Шу йил 1 январдан бошлаб давлат-хусусий шериклик асосида мактабгача таълим муассасаларини ташкил этиш тартиби эксперимент сифатида амалиётга жорий қилинмоқда. Инвесторларга замонавий ва ижтимоий имкониятлари кенг МТМни ташкил этишлари учун “ноль” қийматда ер участкалари ва бўшаб ётган бинолар берилади. Нодавлат боғчаларга электр энергияси ва табиий газ хизматлари учун тўловнинг 50 фоизи давлат бюджети ҳисобидан тўланади. Тарбияланувчиларни соғлом овқатлантириш ва уларга берилаётган озиқ-овқат маҳсулотлари сифатини таъминлаш мақсадида ҳар бир мактабгача таълим муассасасига 10-15 та фермер хўжалиги бириктириб қўйилди.

Иштирокчилар тарбия жараёнларига янги таълим механизмларини татбиқ этиш муҳимлигига урғу бердилар. Уларнинг фикрича, аниқланган камчиликларни бартараф этиш МТМ тармоғини ривожлантиришга масъул бўлган таълим бошқаруви органлари фаолиятига боғлиқ. Қолаверса, жойларда давлат ҳокимияти органларининг молиявий имкониятлари чекланган. Шундай экан соҳага хусусий капитални жалб этиш катта истиқболларга эга. 

Парламент қуйи палатаси аъзоларининг таъкидлашича, тизимга оид қонуннинг қабул қилиниши соҳани янада модернизация қилиш, йиғилиб қолган муаммоларни бартараф этиш, жумладан, малакали педагог кадрлар тайёрлашда муҳим аҳамият касб этади. 

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn