Депутатлик гуруҳлари иши кескин танқид қилинди
  • 09 Февраль 2018

Депутатлик гуруҳлари иши кескин танқид қилинди

Пойтахтимизда Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси сиёсий кенгашининг навбатдаги пленуми бўлиб ўтди. Унда партиянинг барча даражадаги тузилмалари ҳамда депутатлик корпусининг ўтган йилда амалга оширган ишлари, эришилган ютуқлар баробарида, йўл қўйилган камчиликлар танқидий ва таҳлилий кўриб чиқилди, 2018 йилдаги фаолиятнинг асосий йўналишлари қизғин муҳокама қилинди.

Ҳисобот даврида партиянинг аҳоли орасига кириб бориши, халқ билан бевосита мулоқот ўрнатиши таъминлангани ва тарғибот-ташвиқот тадбирларида қарийб уч миллион иштирокчилар қамраб олингани қайд этилди. Хусусан, “Адолат — қонун устуворлигида” лойиҳаси доирасида ҳар ҳафтанинг чоршанба кунлари мунтазам равишда маҳаллаларда халқ билан юзма-юз мулоқотлар йўлга қўйилди. 

Шунингдек, ўтган йилда ёшлар билан ишлашга доир фаолият танқидий таҳлил қилиниб, белгиланган вазифалар доирасида бу борадаги ёндашув тубдан ўзгартирилди. Хусусан, партиянинг Жиззах, Самарқанд, Навоий вилоятлари кенгашлари томонидан маҳаллалар кесимида ўқимайдиган, тайин бир машғулотга эга бўлмаган, турли сабабларга кўра чет элга чиқиб кетган ёшларнинг маълумотлар базаси шакллантирилди. Бундай ёшлар ва уларнинг ота-оналари билан доимий учрашувлар ўтказилди. Натижада Жиззах вилоятида 1396 нафар уюшмаган ёш иш билан таъминланди, чет элда юрганларнинг 1537 нафари Ўзбекистонга қайтарилди. Бошқа ҳудудларда ҳам бу бўйича муайян ишлар олиб борилмоқда. 

Депутатлик гуруҳлари томонидан Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, халқ депутатлари вилоятлар ва Тошкент шаҳар Кенгашлари сессияларига 15 та, туман, шаҳар Кенгашлари сессияларига эса 107 та масала киритишга эришилди. Шунга қарамай, ҳисобот даврида партиянинг баъзи вилоят ва туман кенгашларидаги депутатлик гуруҳлари сессиялар ҳамда доимий комиссияларга бирорта масала ёки таклиф кирита олмагани кескин танқид қилинди. 

Партиянинг Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракцияси аъзолари 15 та қонун лойиҳасига ташаббускор бўлдилар. Шунингдек, 2 та алоҳида қонун лойиҳаси фракция аъзолари томонидан қонунчилик ташаббуси ҳуқуқи асосида ишлаб чиқилиб, қуйи палата муҳокамасига киритилди ва қабул қилинди.

Пленумда “Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йили” Давлат дастури ижросида партиянинг иштироки масаласи ҳам атрофлича муҳокама этилиб, ушбу мақсадда партия тузилмалари, депутатлик гуруҳлари ва фаолларининг куч ҳамда имкониятларини сафарбар қилишга доир таклифлар билдирилди.

З. ИСМОИЛОВА.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn