Маданий-маънавий мерос
  • 06 Июнь 2014

Маданий-маънавий мерос

Уни асраб-авайлаш масъулиятли вазифадир.

Ҳозиргача етиб келган тарихий ёдгорликлар ва ёзма манбалар диёримизда узоқ мозийда, айниқса, ўрта асрларда илм-фан, маданият гуллаб-яшнаганидан дарак беради. Бугунги кунда мамлакатимиз ҳудудидаги
7000 дан ортиқ маданий мерос дурдоналари, минглаб археологик объектлар ва қазилмалар бунинг тасдиғидир.
Улар қадим тарихдаги маданий ҳаёт, аждодларимиз турмуш тарзини ўрганишда беқиёс аҳамиятга эга. Бинобарин, истиқлолнинг дастлабки йилларидан бошлаб юртимизда ана шу ёдгорликларни қайта тиклаш, таъмирлаш, реставрация қилиш, археологик изланишлар олиб бориш ишларини қўллаб-қувватлаш, янги музейлар барпо этишга катта эътибор қаратиб келинаяпти.
Бунинг учун зарур ташкилий-ҳуқуқий пойдевор яратилди. Энг аввало, Конституциямизнинг 49-моддасида фуқаролар Ўзбекистон халқининг тарихий, маънавий ва маданий меросини авайлаб асрашга мажбурлиги, маданият ёдгорликлари давлат муҳофазасида эканлиги белгилаб қўйилди. Шу асосда 2001 йилда “Маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланиш тўғрисида”ги, 2008 йилда “Музейлар тўғрисида”ги, 2009 йилда “Археология мероси объектларини муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланиш тўғрисида”ги қонунлар қабул қилинди. Уларнинг ижросини таъминлаш мақсадида Вазирлар Маҳкамасининг тегишли қарорлари ҳаётга татбиқ этилди. Аниқ мақсадли чора-тадбирлар ишлаб чиқилиб, амалга оширилаяпти, музейлар фаолияти тартибга солинмоқда.
“Маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланиш тўғрисида”ги Қонун асосида мамлакатимизда кўплаб маданий мерос объектлари давлат муҳофазасига олинди. Жаҳон цивилизациясида катта ўрин тутган меъморий обидалар, археологик объектлар, тарихий шаҳристонлар, монументал санъат ёдгорликларини ўрганиш, ҳисобга олиш, асраб-авайлаш, уларни келажак авлодга етказишга йўналтирилган ишлар белгиланди.
Тарихий, маданий ва маънавий меросимизни ўрганиш, илмий хулосалар бериш бўйича бугунги кунда нафақат Ўзбекистон олимлари шуғулланаётгани, балки бунга хорижлик экспертлар катта қизиқиш билдираётгани ҳам диққатга сазовор. Жумладан, улар ташкил қилинаётган кўплаб илмий экспедицияларда иштирок этишмоқда.
Халқаро ташкилотлар томонидан тарихий обидаларни сақлаб қолишга оид қатор норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинган. Жумладан, Самарқанд, Бухоро, Хива шаҳарлари ва республикамизнинг бошқа ҳудудларидаги бир қанча маданий мерос объектлари ЮНЕСКО ташкилоти томонидан рўйхатга олиниб, муҳофаза қилиб келинаяпти. Авлоддан-авлодга ўтиб келаётган Наврўз байрами, Сурхондарё вилоятидаги Бойсун номоддий маданий мероси ушбу нуфузли ташкилотнинг Репрезентатив рўйхатидан ўрин олган. Сир эмас, буюк аждодларимизнинг кашфиётлари бугунги кунда юксак технологияларни яратишда асос бўлиб хизмат қилаётир. Буларнинг барчаси юртдошларимиз қалбида чексиз ғурур, ифтихор ва ҳайрат туйғуларини жўш урдиради.
Шуларга уйғун тарзда 15-16 май кунлари Самарқандда ўтказилган “Ўрта асрлар Шарқ алломалари ва мутафаккирларининг тарихий мероси, унинг замонавий цивилизация ривожидаги роли ва аҳамияти” мавзуидаги халқаро илмий конференцияда хорижий мамлакатларнинг нуфузли илмий муассасалари раҳбарлари, хорижий экспертларнинг эътирофи дунё матбуотида акс садо берди.
Бу ўринда Юртбошимиз томонидан “Юксак маънавият — енгилмас куч” асарида таъкидлаб ўтилган бой маданий меросимизни асраб-авайлаш билан бирга, дунё ҳамжамияти эътиборини қаратиш, тарихимизни дунёга намоён этиш ва биз буюк аждодлар вакили эканлигимизни тараннум этиш, уларга муносиб фарзандларни тарбиялаш тўғрисидаги фикрлари ана шу нуфузли анжуман иштирокчиларининг юксак баҳосига амалий муштарак эканлигини англаш қийин эмас. Яъни Шарқ мутафаккирларининг дунё тамаддунига қўшган салмоқли ҳиссасининг жаҳон миқёсида тан олиниши кўп нарсани англатади. Зеро, фаровон заминимизда яшаб ўтган жаҳонга машҳур алломаларимиз ўзларининг чуқур дунёқараши, изланишлари, бебаҳо ихтиролари билан тарихда ўчмас из қолдиришган.
Яъни Буюк Ипак йўлида жойлашган, Шарқ ва ўарбни мустаҳкам боғлаб турган, қадим ва бетакрор юртимиз азалдан таниқли илм-фан намояндалари билан довруқ қозонган. Уларнинг тарих, адабиёт, санъат, фалсафа, тиббиёт, математика, кимё, астрономия, меъморчилик, деҳқончилик, педагогика каби соҳалардаги асарлари нафақат халқимизнинг, балки бутун инсониятнинг бебаҳо бойлигидир. Президентимиз томонидан айтиб ўтилганидек, бундай бой меросга эга бўлган халқ дунёда камдан-кам топилади.
Фанга алгоритм ва алгебра тушунчаларини киритган Муҳаммад ал-Хоразмий, ўарбда ал-Фраганус номи билан танилган Аҳмад ал-Фарғоний, қомусий тафаккур соҳиби Абу Райҳон Беруний, тиббий фанлар асосчиси ҳисобланадиган Абу Али ибн Сино, араб тили грамматикасини мукаммал тарзда ишлаб чиққан Маҳмуд Замахшарий, юлдузлар жойлашуви харитаси ва астрономик жадваллар яратган Мирзо Улуғбек... Бундай юксак эҳтиромга сазовор номларни узоқ давом эттириш мумкин.
Юқоридагиларга уйғун тарзда айтиш керакки, юртимизда барқарор ривожланишни таъминлашга, жумладан, илм-фан, маданият, таълимни равнақ топтиришга қаратилган давлат сиёсати ўзининг изчил самараларини бермоқда. Зотан, юксак илмий салоҳият, сиёсий барқарорлик, ёшлар таълим-тарбиясига қаратилаётган алоҳида эътибор Ўзбекистон тараққиётининг бош омилларидандир. Чунончи, Президентимиз ташаббуси билан Самарқанд шаҳрида ЮНЕСКОнинг Марказий Осиё тадқиқотлари халқаро институти ташкил этилди. Мирзо Улуғбек мактаби анъаналарини давом эттирадиган мазкур муассаса халқаро илмий алоқаларни янада ривожлантириш, энг илғор фан ютуқларини тарғиб этишга хизмат қилиши билан аҳамиятлидир.
Дарҳақиқат, буюк аждодларимизнинг улкан илмий кашфиётлари яна минг йиллар давомида фарзандларимизнинг баркамол авлод сифатида вояга етишида муҳим маъно-мазмун касб этади. Истиқлол йилларида таълим тараққиёти йўлида қилинаётган кенг кўламли ишлар азалий эзгу қадриятларни давом эттириш, илму фан арбобларининг янги авлоди шаклланишида мустаҳкам асосдир. Ўз навбатида, Самарқанд мезбонлик қилган халқаро конференция нафақат Шарқ алломалари илмий хазинасидан баҳраманд бўлиш учун йиғилган дунёнинг етакчи олимлари форуми сифатида тарихда қолади. Шу билан бирга, навқирон авлодга бой маънавий-маданий меросимизни янада чуқур ўрганиш ва англаб етиш учун кенг имкониятларни очиб беради.

Шуҳрат ТУРСУНБОЕВ,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn