Фуқаролар эмас, ҳужжатлар ҳаракатланади
  • 02 Февраль 2018

Фуқаролар эмас, ҳужжатлар ҳаракатланади

Президентимизнинг виртуал қабулхонаси ва Халқ қабулхоналарига келиб тушган мурожаатлар таҳлили аҳолига давлат хизматлари кўрсатиш соҳасида тизимли муаммо ҳамда камчиликлар мавжудлигини кўрсатди.

Гарчи 2003 йилдан буён тадбиркорлик субъектларини “Ягона дарча” тамойили бўйича рўйхатдан ўтказиш шаҳар, туман ҳокимликлари ҳузуридаги махсус инспекциялар томонидан амалга ошириб келинган, 2016 йилдан улар негизида мазкур тамойил асосида давлат хизматлари кўрсатиш марказлари иш юритган бўлса-да, бугунги шиддатли ислоҳотлар даврида соҳа фаолияти халқнинг талаб ва истакларига етарли эмаслиги кўзга яққол ташланди. Яъни узундан-узун навбатлар, сансалорлик ҳамда оворагарчиликлар, бюрократия, коррупция, бир масалада бир нечта идораларга мурожаат этиш каби камчиликлар ҳам давлат билан халқ ўртасидаги мулоқотни янги босқичга кўтаришни кун тартибига олиб чиқди. Шу мақсадда Президентимизнинг “Аҳолига давлат хизматлари кўрсатишнинг миллий тизимини тубдан ислоҳ қилиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони қабул қилинди. Мазкур ҳужжат билан Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳузуридаги Давлат хизматлари агентлиги ташкил этилди. Ушбу тузилма халқимиз ишончини қозонган ва фаолияти самарасини амалда кўрсатган Халқ қабулхоналари негизида яратилгани, айниқса, диққатга сазовордир.

Инсон ҳар бир қадамида давлат органларига дуч келиши, уларга иши тушиши мумкин. Халқ оғирини енгил қилиш, давлат — фуқаро муносабатларида уларга қулайлик яратиш ва шаффофликни таъминлашда Президентимиз томонидан илгари сурилган давлат хизматлари кўрсатишнинг янги концепцияси ниҳоятда аҳамиятлидир. Чунки мазкур концепцияда асосий эътибор навбатда туришларни кескин камайтириш, сансалорликлар олдини олиш, халқнинг давлат идораларидан рози бўлишига қаратилди. Дейлик, кундалик ҳаётда ҳар биримиз рўпара келадиган жараёнлар — никоҳни қайд этиш, фарзанднинг дунёга келиши, болаларни мактабгача таълим муассасаларига жойлаштириш, улар билан боғлиқ ҳужжатларни расмийлаштириш, тегишли тўловлар эндиликда Давлат хизматлари марказлари орқали амалга оширилади. Бу одамларимиз учун ортиқча сарф-харажатларни камайтириш билан бир қаторда, вақтни тежаш имконини ҳам беради.

Айни пайтда Давлат хизматлари марказларида аҳолига инновацион технологиялар ва замон талабларига мос равишда 37 турдаги хизмат кўрсатилмоқда. Жорий йилнинг 1 апрелидан улар сони 50 тага етиши ҳамда давлат хизматлари юридик шахслар билан бир қаторда, жисмоний шахсларга ҳам кўрсатилиши йўлга қўйилиши кутилаяпти.

Шу ўринда Наманган вилоятида бу борада ижобий тажриба тўпланганини таъкидлаш жоиз. Гап шундаки, Адлия вазирлиги томонидан “Наманган тажрибаси” лойиҳаси амалга оширилаётир. Бундан кўзланган мақсад соҳадаги муаммо ва камчиликларни аниқлаш, ижобий тажрибани республикамизнинг барча ҳудудига кенг татбиқ этиш, халқимизга ана шу хизматнинг роли ҳамда вазифасини, аҳамиятини тушунтириш, “Нима қилсак, халқимизга осон бўлади?” каби саволларга ойдинлик киритиш, унинг самарали жиҳатларини намуна сифатида кўрсатишдан иборатдир.

Таъкидлаш керакки, ҳозирги кунгача вилоятдаги туман (шаҳар) Давлат хизматлари марказлари томонидан жами мингга яқин давлат хизматлари кўрсатилади. Дори воситалари чакана савдоси билан шуғулланиш учун рухсатнома олиш, ер участкасига бўлган ҳуқуқни ва ипотека тўғрисидаги шартномаларни рўйхатдан ўтказиш, тиббий фаолиятни амалга ошириш ҳуқуқини лицензиялаш, электрон рақамли имзо калитларини рўйхатга олиш, қурилиш-монтаж ишларини амалга ошириш учун рухсат бериш ҳамда бошқалар шулар жумласидандир.

“Наманган тажрибаси” лойиҳаси шуни кўрсатдики, Давлат хизматлари марказлари вазифаси ҳақида юридик шахсларда етарлича тасаввур бўлса-да, лекин оддий одамлар бундан яхши хабардор эмас. Ваҳолонки, юқорида таъкидланганидек, жорий йил 1 апрелдан фуқароларга ҳам давлат хизматлари кўрсатилади. Ушбу муаммога амалий ечим топиш мақсадида Давлат хизматлари агентлиги томонидан вилоятнинг энг олис, чекка ҳудудларида истиқомат қилувчи аҳоли, тадбиркорлик фаолиятини бошлаш истагидаги ёшлар, тадбиркорлар билан учрашувлар ташкил қилинди. Мулоқотларда аҳоли марказлар фаолияти, давлат хизматлари турлари билан яқиндан таништирилди.

Шу билан бирга, туман ва шаҳарлардаги аҳоли гавжум ҳудудлар, бозорлар, савдо мажмуалари, шунингдек, реклама устунларига давлат хизматлари, уларнинг турлари ҳамда механизми ёритилган плакатлар, баннерлар ва флаерлар (кўргазмали тарғибот материаллари) тарқатилди. Вилоятдаги 770 та фуқаролар йиғини биносида Давлат хизматлари марказлари орқали кўрсатиладиган хизматлар ҳамда бошқа маълумотлар жойлаштирилди.

Шу ўринда яна бир жиҳат. Олис ҳудудларда яшовчи аҳолига зарур мобиль давлат хизматлари кўрсатилишини таъминлаш мақсадида Наманган вилояти ҳокимлиги ташаббуси билан Давлат хизматлари марказларига “Дамас” русумли автомобиллар ва замонавий ноутбуклар ажратилди. Натижада вилоятнинг энг чекка ҳудудлари аҳолиси ҳам мобиль хизматлар билан қамраб олинмоқда.

“Наманган тажрибаси” асосида жорий йилнинг 31 январидан Наманган шаҳар Давлат хизматлари маркази орқали жисмоний шахсларга солиқ ҳамда бошқа тўловлардан қарзи йўқлиги (борлиги) ҳақидаги маълумотномани ва солиқ тўловчининг идентификацион рақамини (СТИР) бериш, ер участкаларига, бинолар, иншоотлар ҳамда кўп йиллик дов-дарахтларга бўлган ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказиш ва тегишли гувоҳномалар бериш каби хизматлари белгиланган муддатидан аввал кўрсатилиши амалиётга татбиқ этилди.

Кўриниб турибдики, бугун жойлардаги Давлат хизматлари марказлари орқали аҳоли ҳамда тадбиркорлик субъектларининг кундалик муаммоларига тезкорлик билан ечим топилмоқда. Бу юртдошларимизга беқиёс қулайликлар яратилгани, халқимизга замонавий ва инновацион хизмат кўрсатишнинг истиқболли тизими ишга тушганидан далолат беради.

Севара ЗАКИРОВА,

Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳузуридаги 

Давлат хизматлари агентлиги бўлим бошлиғи.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn