Қонунларни қабул қилишда чуқур ёндашув керак
  • 01 Февраль 2018

Қонунларни қабул қилишда чуқур ёндашув керак

“Маълумки, шу йил январь ойининг бошида парламент аъзолари ҳудудларда бўлиб, аҳолини қийнаётган муаммоларни атрофлича ўрганишди. Сайловчилар кўтараётган ва уларни ўйлантираётган масалаларни ҳал этиш учун жорий йилда қандай қонунларни қабул қилиш кутилаяпти?”

Мухбиримизнинг мазкур саволига Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Қонунчилик ва суд-ҳуқуқ масалалари қўмитаси томонидан ташкил этилган матбуот анжуманида жавоб қайтарилди. 

Қўмита раиси ўринбосари Т. Абдусатторовнинг қайд этишича, депутатларнинг одамлар билан бевосита мулоқотлари қизғин ўтди. Барча соҳада муайян камчиликлар борлиги аниқланди ҳамда уларни бартараф этиш бўйича зарур чоралар кўрилди. Тўғри, сайловчилар кўтараётган масалалар ҳар жиҳатдан долзарб. Уларни тегишли қонунлар қабул қилиш йўли билан ҳал этишда ҳар томонлама чуқур ва вазмин ёндашув керак. Мисол учун, аҳоли билан мулоқотлар чоғида автомобиль фойдаланувчилари йўл қоидаларига оид айрим қоидабузарликлар бўйича жарима миқдорларини хавфлилик даражасига қараб кўриб чиқиш зарурлигини сўрашади. Ёки аҳолини сифатли дори воситалари билан таъминлашнинг ҳуқуқий асосини мустаҳкамлаш, фуқароларга тадбиркорлик билан шуғулланишлари учун ер ажратишга оид кўплаб мурожаатларни келтиришимиз мумкин.

Тадбирда қўмита аъзоси Ш. Полвонов қабул қилинадиган қонунларнинг ҳар жиҳатдан пухта, энг муҳими, оддий одамларга ҳам тушунарли бўлиши, бунинг учун қонун тили техникасини соддалаштириш мақсадга мувофиқлигини таъкидлади. Шу билан бирга, тегишли қонун лойиҳаси юзасидан фикр ва таклифларни халқдан олиш, уни кенг жамоатчилик муҳокамасига қўйиш тизимидан самарали фойдаланиш кераклигини билдирди. 

Шунчаки расмиятчиликдан холи, самимий, қизғин мунозаралар асосида ўтган анжуманда қўмитанинг 2017 йилдаги фаолияти таҳлил қилиниб, истиқболдаги режалар белгилаб олинди. 

Эътироф этилганидек, ўтган йилда қўмита томонидан 53 та қонун кўриб чиқилди. Депутатлар ташаббуси билан киритилган 11 қонун лойиҳасини ишлаб чиқишда фаол иштирок этди. Шунингдек, 2 та қонун ижроси бўйича назорат-таҳлил фаолиятини амалга оширди. 

Қўмитага келиб тушган 767 та мурожаат атрофлича ўрганилди. Уларда кўтарилган муаммоларни кўриб чиқиш ва ҳал этиш учун тегишли давлат органлари, ташкилотлар, муассасалар, корхоналар ва мансабдор шахсларга юборилди. 

Халқаро йўналишдаги саъй-ҳаракатлар эса қўмита аъзоларининг хорижий парламентлар тажрибасини таҳлил қилиш ва  амалиётга жорий этишга ёрдам берди. Чунончи, Олий Мажлисда тузилган дўстлик гуруҳларига қўмита аъзоларидан ҳам киритилган.

Анжуманда қўмита аъзолари журналистларни қизиқтирган бошқа саволларга ҳам батафсил жавоб қайтардилар.

Зиёда АШУРОВА.

 

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn