Ўзбекистон — Афғонистон: Тинчлик, хавфсизлик ва тараққиёт йўлидаги ҳамкорлик
  • 01 Февраль 2018

Ўзбекистон — Афғонистон: Тинчлик, хавфсизлик ва тараққиёт йўлидаги ҳамкорлик

Ўзбекистон ва Афғонистон ўртасидаги муносабатлар узоқ тарихга эга бўлиб, миллий урф-одатларимиз ҳамда анъаналаримиз ўхшаш. Ана шу жиҳатлар бугунги кунда кўплаб масалалар бўйича яқин мулоқотни давом эттириш имконини бераяпти.

Мустақилликнинг дастлабки йилларидан бошлаб Ўзбекистон Афғонистон муаммосини ҳал қилишда ўзининг мақсад ва принципиал позициясига содиқ қолмоқда. Расмий Тошкент Афғонистондаги вазиятни барқарорлаштиришга кўмак беришда тинчликсевар лойиҳаларни амалга ошириш, қўшни давлатнинг узоқ муддатли урушдан вайрон бўлган иқтисодиётини тиклашда иштирок этиш орқали ўз қатъиятини намойиш қилиб келаяпти.

Ўзбекистон Президенти минтақавий ҳамда халқаро хавфсизликни таъминлашда Афғонистонда тинчлик ва барқарорлик ўрнатишнинг стратегик аҳамиятини инобатга олиб, энг юқори мартабали минбарлардан туриб, жаҳон афкор оммасининг эътиборини афғон можаросини ҳал қилиш заруратига қаратаётир. Хусусан, Шавкат Мирзиёев 2017 йилнинг сентябрь ойида БМТ Бош Ассамблеясининг 72-сессиясида, орадан бир ой ўтиб, МДҲ Давлат раҳбарлари кенгаши мажлисида ҳамда 2017 йилнинг ноябрь ойида Самарқанд шаҳрида ўтган “Марказий Осиё: ягона тарих ва умумий келажак, барқарор ривожланиш ва тараққиёт йўлидаги ҳамкорлик” мавзуидаги халқаро конференцияда сўзлаган нутқида таъкидлаганидек, “Афғонистонда тинчликка эришишнинг ягона йўли — марказий ҳукумат ва мамлакат ичидаги асосий сиёсий кучлар ўртасида олдиндан ҳеч қандай шарт қўймасдан, тўғридан-тўғри мулоқот олиб боришдир. Афғонистон масаласи глобал миқёсдаги масалалар марказида бўлиши лозим. Халқаро ҳамжамиятнинг саъй-ҳаракатлари, биринчи навбатда, Афғонистондаги ўткир ижтимоий-иқтисодий муаммоларни ҳал қилишга қаратилиши керак”.

Ўзбекистон ҳамда Афғонистон ўртасидаги замонавий муносабатлар икки мамлакат халқларининг фаровонлигини оширишга, шунингдек, минтақада тинчлик ва барқарорликни таъминлашга қаратилган кўп томонлама сиёсий ҳамкорликни мустаҳкамлаш ҳамда савдо-иқтисодий алоқаларни кенгайтириш билан тавсифланади.

Ўзбекистон ва Афғонистоннинг конструктив ҳамда дўстона муносабатлар ўрнатиш борасидаги жиддий интилишлари туфайли 2017 йил томонлар ҳамкорлиги учун мисли кўрилмаган даражада янги истиқбол очди, дейиш мумкин.

Икки давлат раҳбарларининг учрашувлари, вазирликлар ва идоралар ўртасидаги мулоқотлар мунтазамлик касб этди. Чунончи, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ҳамда Афғонистон Президенти Ашраф ўани Шанхай ҳамкорлик ташкилоти, Ислом ҳамкорлик ташкилоти (Остона) саммитлари, шунингдек, БМТ Бош Ассамблеяси доирасида (Нью-Йорк) учрашди. 2017 йилнинг 4 — 6 декабрь кунлари Афғонистон Президентининг мамлакатимизга ташрифи икки давлат муносабатларида янги саҳифа очди. Ташриф якунига кўра, сиёсий, савдо-иқтисодий ва маданий-гуманитар соҳаларга оид 20 ҳужжат имзоланди. Уларнинг аксарияти нафақат Афғонистон ҳамда Ўзбекистон, балки бутун минтақа учун стратегик аҳамиятга эга. Жумладан, томонлар Ўзбекистон мутахассислари томонидан Мозори Шариф — Ҳирот темир йўли ва Сурхон — Пули Хумри электр узатиш линияси қуриш бўйича йирик лойиҳаларни амалга ошириш юзасидан келишувларга эришди.

2017 йил якунлари бўйича Ўзбекистон ҳамда Афғонистон ўртасидаги ўзаро товар айирбошлаш ҳажми 39,6 фоиз ошиб, 599 миллион АҚШ долларини ташкил қилди. Томонлар ўзаро савдо ҳажмини жорий йилда бир миллиард долларга етказиш учун яна кўплаб захиралар ва имкониятларга эга.

Афғонистон ишбилармонлари ўзбекистонлик шериклари билан ўзаро манфаатли ҳамкорликни кенгайтиришга катта қизиқиш билдираяпти. Мамлакатимизда Афғонистон томони иштирокида 70 та корхона, шу жумладан, 100 фоиз хорижий капитал эвазига ташкил этилган 20 та корхона фаолият юритаётгани бунинг яққол тасдиғидир.

Шунингдек, икки томонлама муносабатларни мустаҳкамлаш йўлида 2017 йилнинг 8 декабридан Кобулдан Тошкентга тўғридан-тўғри парвозлар амалга оширила бошлангани муҳим амалий қадамлардан бири бўлди.

Аввалги келишувларнинг мантиқий давоми сифатида жорий йилнинг бошида бир қатор муҳим воқеалар кузатилди. Бу Ўзбекистоннинг нафақат Афғонистон муаммосига, балки ушбу мамлакат билан муносабатларида изчиллик касб этаётганини кўрсатади.

Биринчидан, Тошкентда Афғонистон бўйича халқаро конференция ташкиллаштирилади. Маълумки, 19 январь куни Нью-Йоркда бўлиб ўтган БМТ Хавфсизлик Кенгашининг Марказий Осиё ва Афғонистон масалаларига бағишланган муҳокамаларида Ўзбекистон Республикаси ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов Афғонистон билан жорий йил март ойининг охирида Тошкентда “Афғонистон — тинч келажак сари йўл” мавзуида халқаро вазирлар конференцияси ўтказилишини маълум қилди. Унинг мақсадлари: Афғонистондаги тинчлик музокараларининг асосий тамойилларини мувофиқлаштириш, Афғонистон ҳукумати ҳамда қуролли мухолифат ўртасида музокаралар олиб бориш механизмини ишлаб чиқиш, музокаралар жараёнини қўллаб-қувватлаш учун халқаро қўшма тадбирларни мувофиқлаштириш.

Ўзбекистон ташқи ишлар вазирининг таъкидлашича, Тошкент конференциясининг самарадорлиги ва натижадорлигини таъминлаш мақсадида БМТ Бош котиби Антониу Гутерриш, БМТ Бош котибининг Афғонистондаги махсус вакили Тадамичи Ямамото, Европа иттифоқининг Ташқи ишлар ва хавфсизлик масалалари бўйича Олий вакили Федерика Могерини, шунингдек, Россия, Хитой, АҚШ, Ҳиндистон, Эрон, Покистон, Туркия, Саудия Арабистони ҳамда Марказий Осиё мамлакатларининг ташқи ишлар идоралари раҳбарлари қатнашиши кутилмоқда.

Бугун Афғонистонда тинчлик ўрнатилиши Евросиё минтақасининг барча мамлакатига катта наф келтириши ҳеч кимга сир эмас. Бу яқинда БМТ Хавфсизлик Кенгашининг Афғонистонда вазиятни бартараф этишга бағишланган учрашувида ҳам қўшни давлатлар вакиллари ва асосий ташқи иштирокчилар томонидан бир овоздан таъкидланди. Уларнинг сўзларига кўра, сўнгги 20 йиллик тажрибага таянилса, Афғонистон Ислом Республикасидаги мавжуд муаммоларни куч билан ҳал қилишга уринишлар самарасизлигини аниқ кўрсатмоқда. Шу муносабат билан Афғонистондаги тинчлик ҳамда хавфсизликнинг асосий масалалари, шунингдек, марказий ҳукумат ва қуролли мухолифат кучлари ўртасида бевосита мулоқот орқали ўзаро келишувга эришиш бўйича кенг миқёсли халқаро консенсусга эришиш ҳар қачонгидан ҳам кўпроқ заруратдир.

Шу нуқтаи назардан қараганда, Тошкент конференцияси ташаббуси бугунги кунда Афғонистондаги вазиятни ҳал этиш жараёнига жалб қилинган кўплаб давлатлар томонидан қўллаб-қувватланмоқда. Хусусан, БМТ Хавфсизлик Кенгаши йиғилишида Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавров “Россия шу йилнинг мартида бўлиб ўтадиган Афғонистон масалалари бўйича вазирлар учрашуви йиғилиши ташаббусини илгари сурган Ўзбекистонни қўллаб-қувватлайди”, деди.

Хорижлик экспертларнинг айтишича, 1999 йилда Тошкентда Ўзбекистон ташаббуси билан “6+2” мулоқот гуруҳи йиғилиши низолашаётган томонлар вакиллари, хусусан, “Толибон” ҳамда Афғонистоннинг қўшни мамлакатлари ташқи ишлар вазирлари ўринбосарлари, Россия ва Америка Қўшма Штатлари иштирокида бўлиб ўтган эди. Музокаралар якунида Афғонистондаги можароларни тинч йўл билан ҳал этиш юзасидан Тошкент декларацияси қабул қилинди. Халқаро кузатувчилар Ўзбекистоннинг Афғонистонда тинчлик жараёнини тарғиб этиш бўйича муваффақиятли тажрибасини ҳисобга олган ҳолда, олдинда турган навбатдаги йиғилиш афғон муаммосини ҳал қилишда муҳим қадам бўлиши мумкин, деб таъкидлашди.

Иккинчидан, Мозори Шариф — Ҳирот темир йўлини қуриш бўйича музокаралар жараёни бошланди. Жорий йилнинг 20 январь куни Бош вазир ўринбосари, молия вазири Жамшид Қўчқоров бошчилигидаги Ўзбекистон ҳукумати делегацияси Афғонистонга амалий ташриф билан борди. Ташриф асносида Афғонистон Президенти Ашраф ўани, ижро ҳокимияти раҳбари Абдулла Абдулла, молия вазири Эклил Ҳакимий ҳамда бошқа расмий шахслар ва ҳукумат аъзолари, шунингдек, Жаҳон банки, Осиё тараққиёт банки, Осиё инфраструктура инвестициялари банки раҳбарияти вакиллари билан музокаралар олиб борилди.

Кобулдаги музокараларда Тошкентда 2017 йилнинг декабрь ойида бўлиб ўтган Ўзбекистон — Афғонистон олий даражадаги мулоқотларида эришилган келишувларни амалга оширишнинг амалий жиҳатлари муҳокама этилди ҳамда Мозори Шариф — Ҳирот темир йўли йўналишлари ҳамда лойиҳани молия институтлари томонидан ташқи молиялаштириш масалалари бўйича вазирликлараро маслаҳатлашувлар ўтказилди.

Афғонистон раҳбари учрашувда мамлакатлар ўртасида, шу жумладан, инфратузилма соҳасида ҳамкорликнинг кенгайиши аҳоли турмуш сифатини яхшилаш ва минтақа ривожига хизмат қилишини қайд этди. Шу маънода айтганда, чет эллик мутахассислар Ўзбекистоннинг темир йўл лойиҳасини ишлаб чиқиш ҳамда қуриш бўйича ижобий тажрибасидан фойдаланиш Афғонистон иқтисодиёти учун муҳим аҳамият касб этишини кўрсатиб ўтишди. Мозори Шариф — Ҳирот темир йўли лойиҳасининг амалиётга татбиқ этилиши Марказий ҳамда Жанубий Осиё ва Яқин Шарқ мамлакатлари ўртасида минтақавий савдо-иқтисодий ҳамкорликни ривожлантиришга ижобий туртки бўлади.

Учинчидан, Афғонистон фуқароларини ўқитиш таълим маркази очилди. Жорий йилнинг 22 январь куни Сурхондарё вилоятининг Термиз туманида Афғонистон раҳбарининг инфратузилмалар, технологиялар ва инсон ресурслари масалалари бўйича катта маслаҳатчиси Ҳумаюн Қаюмий бошчилигидаги делегация аъзолари иштирокида Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ҳузуридаги Афғонистон фуқароларини ўқитиш таълим маркази очилиш маросими бўлиб ўтди.

Янги таълим марказида афғон ёшлари икки, тўрт ва олти йиллик кундузги таълим дастурлари бўйича сабоқ олишади. Афғонистон тарафининг эҳтиёжларини инобатга олган ҳолда, олий таълим бўйича 17 та йўналишда, ўрта махсус, касб-ҳунар таълими бўйича 16 та йўналишда ўқув режалари ишлаб чиқилди. Афғон талабаларини ўқитиш учун марказга мамлакатимизнинг энг малакали профессор-ўқитувчилари жалб қилинган.

Марказнинг кўп қаватли муҳташам ўқув биноси, 110 ўринга мўлжалланган талабалар ётоқхонаси, ахборот-ресурс маркази, спорт зали ҳамда спорт майдончалари, ошхона афғонистонлик талабалар учун хизмат қилади. Бинода кимё ва физика каби фанларни чуқур ўзлаштириш, темир йўл транспорти тизимини пухта ўрганиш учун махсус кабинетлар, лингафон хоналари, лабораториялар ташкил этилган. Маиший, савдо ҳамда бошқа хизматлар кўрсатадиган шохобчалар мавжуд. Ахборот-ресурс маркази иқтисодий-техник ва ижтимоий-гуманитар йўналишлардаги фанлар бўйича етарли ўқув ҳамда ёрдамчи дарсликлар, бадиий ва ижтимоий-сиёсий адабиётлар, Ўзбекистонда ишланган 50 дан ортиқ бадиий ҳамда ҳужжатли фильмлар, аудиотўпламлар дисклари билан тўлдирилган.

Келгусида марказни янада кенгайтириш, ёзги ошхона ва новвойхона, ҳаммом ҳамда кир ювиш биносини янгидан қуриш режалаштирилган. 300 ўринли қўшимча ётоқхона қуриш мўлжалланган.

Таълим марказининг илк талабалари — 96 нафар афғонистонлик йигит-қиз ўзбек тили ва адабиёти йўналишига қабул қилинди. Улар икки йил мобайнида соҳа бўйича етук мутахассис бўлиб етишади. “Термизда барпо этилган ушбу таълим муассасаси мактаб ҳамда боғчаларимиздаги ўзбек тили мутахассисларига бўлган эҳтиёжни таъминлайди. Келгусида темир йўл, энергетика ва бошқа соҳаларда ҳам малакали мутахассислар тайёрлаб беради”, деди Афғонистон Ислом Республикаси Президентининг МДҲ давлатлари билан ҳамкорликни ривожлантириш бўйича махсус вакили Шокир Коргар ушбу муҳим тадбир ҳақида.

Умуман, ўтган йили икки томонлама муносабатларда эришилган ижобий натижалар, турли даражада ўзаро мулоқотлар жадал кенгайиб боргани Ўзбекистон ҳамда Афғонистон ўртасида тўлақонли ҳамкорликни янада ривожлантириш ва чуқурлаштириш учун мустаҳкам асос бўлди ҳамда икки мамлакат муносабатларини сифат жиҳатидан янги босқичга олиб чиқди. Бу эса нафақат Ўзбекистон ва Афғонистоннинг миллий манфаатларига мос келади, айни пайтда Марказий Осиёда минтақавий хавфсизликни таъминлаш ҳамда ривожлантиришга хизмат қилади.

Бахтиёр МУСТАФОЕВ,

Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти маркази раҳбари.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn