Эл-юртимиз биздан амалий натижаларни кутмоқда
  • 27 Январь 2018

Эл-юртимиз биздан амалий натижаларни кутмоқда

Тарихий воқеликка айланган 2017 йилда мамлакатимиз ва халқимиз ҳаётида ўта муҳим ўзгаришлар юз берганига гувоҳ бўлдик. Ана шу ғоят қисқа даврда мамлакатимизнинг обрў-эътибори беқиёс юксалди, жаҳон ҳамжамиятининг Ўзбекистонга муносабати тубдан ўзгарди. Халқаро майдонга, жаҳон бозорига янги, истиқболи порлоқ йўллар, янги эшиклар очилди. Қўшни давлатлар билан узилиб қолган алоқалар тикланди, халқимизнинг кўплаб муаммолари ўз ечимини топди.

Тадбиркорликка қўйилган сунъий тўсиқлар олиб ташланди. Бизнес Омбудсман институти ташкил қилинди. Президентимизнинг Халқ қабулхоналари ва Виртуал қабулхонаси жаҳоннинг ривожланган давлатлари томонидан халқ ҳокимиятининг ўзбекона модели, мўъжизаси сифатида эътироф этилди.

Жуда қисқа вақтда давлатимиз раҳбари белгилаб берган инсон қадр-қиммати, халқнинг розилиги олий қадрият ҳисобланган адолатли янги жамият қуриш учун ҳуқуқий майдон яратилди ҳамда бунинг дастлабки самаралари халқимиз қаддини кўтарди, келажакка бўлган ишончини юксалтирди.

Президентимиз ўтган йилнинг 22 декабрида Олий Мажлисга Мурожаатномаси нафақат сенаторлар, депутатлар, балки халқимизнинг юрагида қизғин акс садо берди. Мурожаатномани кексаю ёш телевидение орқали бутун вужуди билан томоша қилди, тинглади. Ўша куниёқ миллат тақдири, эртанги келажаги, фаровонлиги, тараққиётининг янги босқичига тамал тоши қўйган мазкур Мурожаатномани интернет сайтларида ўқиган юз минглаб фуқароларимиздан “Халқимиз бахтига омон бўлинг!”, “Умрингиз зиёда бўлсин” каби дуолар ёғилиб турди.

Ўша кунлари ким билан учрашмайлик, айниқса, аксарият ёши улуғ кексаларимиз, “Тандан мадор кетиб, хаста ётгандим, Президентимизнинг гаплари юрагимга мадор, куч-қувват бўлди, ўрнимдан туриб кетдим. Белимни маҳкам боғлаб кўчага чиқдим. Маҳалла оқсоқолига “Менбоп юмуш бўлса, қани, айтинг, тайёрман” дедим”, деган сўзлари халқимизнинг адолатга, ўзига бўлган ишончини нақадар мустаҳкамлаганига, Юртбошимиз атрофида янада якдил, ҳамжиҳат қилгани, янги режаларга отлантирганига гувоҳ бўлдик.

Мурожаатномада 2017 йил халқ билан яқиндан мулоқот қилиш, унинг дарду ташвишлари, ҳаётий муаммоларини самарали ҳал этиш борасида қўлга киритилган ютуқлар, амалга оширилган ишлар чуқур танқидий таҳлил қилиниши баробарида, олдимизда турган ғоят кечиктириб бўлмайдиган долзарб вазифалар белгилаб берилди.

Дарҳақиқат, уйғонишимиз керак!

...Нима учун аниқланган муаммолар ёки сайловчилар кўтараётган масалалар тегишли қонунлар қабул қилиш йўли билан ёки ижро ҳокимияти олдига масалани қатъий қўйиш билан ҳал этилмаяпти? Барчамиз бир ҳақиқатни унутмаслигимиз керак: қонуннинг бирдан-бир манбаи ҳамда муаллифи том маънода халқ бўлиши шарт.

Президентимизнинг биз, сенаторларга қарата айтган бу сўзлари, афсуски, аччиқ ҳақиқат, халқимиз олдидаги қарзимизни узолганимиз йўқ. Зотан, эл-юртимиз биздан жавоб кутмоқда, аниқ режалар, амалий ишларни талаб қилмоқда. Чунки аввало, парламент аъзолари ўзи уйғонмаса, халқни уйғотмаса, ислоҳотларнинг ичида эл-юрт билан бирга бўлмаса, одамларимизни ўйлантираётган муаммоларни, ташвишга солаётган масалаларни ҳал этишга дадил, юзма-юз чиқмаса, обрўсизланиб қолиши турган гап.

Мана, Президентимизнинг 22 январдаги Фармони билан 2017 — 2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини “Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йили”да амалга оширишга оид Давлат дастури тасдиқланди. Унга кўра, ҳаётга татбиқ қилинадиган дастуриламал ҳужжатда кўплаб ҳаётбахш мақсад ҳамда вазифалар назарда тутилган. Халқимиз фаровонлигини янада юксалтириш, турли соҳаларда одамлар эътирозига сабаб бўлаётган муаммоларни бартараф этишга қаратилган чора-тадбирлар белгиланган.

Назаримда, эндиликда халқимиз фаровонлигини юксалтириш масаласи, биринчи навбатда, парламентимиз диққат-эътиборида бўлмоғи лозим. Бунинг учун одамлар орасида кўпроқ бўлишимиз, уларнинг дардига қулоқ тутишимиз, талаб-истакларини умумлаштириб, керак бўлса, уларни рўёбга чиқариш учун тегишли қонунлар қабул қилиш билан эл-юртимиз хизматида бўлишимиз лозим.

Боиси, Юртбошимиз таъкидлаганидек, “халқимиз эртага эмас, узоқ келажакда эмас, айнан бугун ўз ҳаётида ижобий ўзгаришларни кўришни истайди. Бизнинг меҳнаткаш, оқкўнгил, бағрикенг халқимиз бунга тўла ҳақли ва муносибдир”.

Энахон СИДДИҚОВА,

Ўзбекистон Республикаси 

Олий Мажлиси Сенати аъзоси.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn