Бажарилган ишлар таҳлил этилди, аниқ таклифлар илгари сурилди
  • 27 Январь 2018

Бажарилган ишлар таҳлил этилди, аниқ таклифлар илгари сурилди

Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Демократик институтлар, нодавлат ташкилотлар ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари қўмитаси томонидан 2017 йилда 12 та қонун тайёрланди ҳамда қабул қилинди.

Улардан 2 таси янги қонун, битта миллий дастур, 9 таси амалдаги қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритишни назарда тутувчи қонунлардир. Шуларнинг 9 таси қўмита аъзоларининг қонунчилик ташаббуси ҳуқуқи асосида ишлаб чиқилган. Депутатлар томонидан давлат ҳокимияти ва бошқаруви ҳамда хўжалик органларига 46 та депутатлик сўрови киритилган.

Бу ҳақда парламент қуйи палатасида мазкур қўмитанинг ўтган йилдаги фаолияти якунлари ва истиқболдаги режаларга бағишлаб ўтказилган анжуманда батафсил маълумот берилди.

Депутатлар, қўмита ҳузуридаги экспертлар гуруҳи аъзолари, нодавлат нотижорат ташкилотлари ҳамда журналистлар қатнашган тадбирда қўмита ўз ишини давлатимиз раҳбари томонидан белгилаб берилган вазифалар, фуқаролик жамияти институтлари фаолиятининг ҳуқуқий асосларини яратишга оид қонунчиликни янада такомиллаштириш борасидаги йўналишларга таянган ҳолда олиб боргани таъкидланди.

Хусусан, ўтган йилда қонун ижодкорлиги самарадорлигини ошириш, қонун лойиҳалари сифатини яхшилаш, уларни мутахассислар, олимлар, амалиётчилар ва кенг жамоатчиликни жалб этган ҳолда муҳокама қилиш, парламент назоратининг барча шаклидан самарали фойдаланишга алоҳида аҳамият қаратилди. Демократик институтлар, нодавлат нотижорат ташкилотлари ҳамда фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, ёшларнинг ҳуқуқларини муҳофаза этиш соҳасидаги қонун ҳужжатлари ва Давлат дастурининг ижросини назорат қилиш ҳам эътибордан четда қолмади.

Қўмита ҳисобот даврида 3 та қонун ижроси бўйича назорат-таҳлил фаолиятини амалга оширди. Чунончи, Сирдарё вилоятида “Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари тўғрисида”ги ҳамда “Фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) ва унинг маслаҳатчилари сайлови тўғрисида”ги, Фарғона вилоятида “Ижтимоий шериклик тўғрисида”ги, Қашқадарё вилоятида “Вояга етмаганлар ўртасида назоратсизлик ва ҳуқуқбузарликларнинг профилактикаси тўғрисида”ги қонунлар бажарилишини ўрганди ҳамда уларнинг якунлари бўйича тегишли қарорлар қабул қилинди.

Халқаро йўналишдаги фаолият эса қўмита аъзоларининг хорижий парламентлар тажрибасини таҳлил этиш ва амалиётга жорий қилишига ёрдам берди. Бинобарин, Олий Мажлисда тузилган дўстлик гуруҳларига қўмитанинг бир қанча аъзолари киритилган. Улар ана шу парламентлараро гуруҳларнинг аъзоси сифатида хизмат сафарларида бўлиб, хорижий парламентлар тажрибаси билан яқиндан танишмоқдалар.

Анжуманда қўмитанинг 2018 йилдаги режалари хусусида ҳам батафсил тўхталиб ўтилди. Жорий йилда Президентимизнинг парламентга Мурожаатномасида, шунингдек, Ҳаракатлар стратегиясини “Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йили”да амалга оширишга оид Давлат дастурида белгиланган вазифаларни изчил рўёбга чиқаришда қўмита фаоллик кўрсатиши зарурлиги қайд этилди.

Энг аввало, халқимиз дуч келаётган муаммолар, қонунлар ижросидаги камчиликлар юзасидан амалий чора-тадбирларни татбиқ қилиш, бунда парламент назоратининг таъсирчан механизмларидан фойдаланиш, одамлар билан очиқ мулоқотлар ўтказишни давом эттириш лозимлиги айтилди. Айни чоғда аҳолига бепул юридик хизматлар кўрсатиш бўйича қонун лойиҳасини тайёрлаш, Сайлов кодексини ишлаб чиқиш ҳамда қабул қилишда аниқ таклифларни илгари суриш масалалари юзасидан ҳам қизғин фикр алмашилди.

 

Зиёда АШУРОВА.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn