Давлат дастури мазмун-моҳияти аҳоли ўртасида кенг тарғиб этилади
  • 25 Январь 2018

Давлат дастури мазмун-моҳияти аҳоли ўртасида кенг тарғиб этилади

Кеча Олий Мажлис Қонунчилик палатасида сиёсий партиялар фракцияларининг йиғилишлари бўлиб ўтди. Уларда 2017 — 2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини “Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йили”да амалга оширишга оид Давлат дастурининг халқимиз турмуш даражасини юксалтириш, мамлакат иқтисодий барқарорлигини кафолатлашдаги аҳамиятига асосий эътибор қаратилди.

Чунончи, Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партиясининг Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракцияси анжуманида ўтган йилда амалга оширилган ишлар сарҳисоб қилиниб, 2018 йилда фракция олдида турган долзарб вазифалар белгилаб олинди. Айни чоғда Давлат дастурида белгиланган ҳаётий масалаларни бажаришда депутатлар зиммасидаги масъулият ҳақида фикр алмашилди.

Қайд этилганидек, Давлат дастурида 37 та қонунни ишлаб чиқиш, 142 та норматив-ҳуқуқий ҳужжатни қабул қилиш, 52 та амалий чора-тадбирларни бажариш вазифаси қўйилган. Фракциянинг жорий йилдаги чора-тадбирлар режаси элликка яқин муҳим масалаларни ҳал этиш бўйича механизмларни ўз ичига олган. Унга мувофиқ, жорий йилда парламент назорати институтидан самарали фойдаланилади.

Хусусан, маданият вазирининг “Маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланиш тўғрисида”ги Қонуннинг ижроси ҳамда Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси раисининг Президентимизнинг 2017 йил 16 августдаги “2018-2019 йилларда туризм соҳасини ривожлантириш бўйича биринчи навбатдаги чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорининг бажарилиши бўйича ахборотларини эшитиш кўзда тутилган. Бу бежиз эмас. Фракция аъзоларининг фикрича, маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш, юртимизнинг сайёҳлик салоҳиятини юксалтириш бугунги кунда айни зарурат бўлиб, бу юртимизни ҳар жиҳатдан тараққий топтиришда муҳим аҳамият касб этади.

Шу билан бирга, Давлат дастури доирасида барча маданий ва археология мероси объектларини тўлиқ хатловдан ўтказиш, уларнинг кадастр ҳужжатларини расмийлаштириш, муҳофаза чегараларини белгилаш акс этган.

Бундан ташқари, 2018 йилда Қонунчилик палатасининг соғлиқни сақлаш соҳасидаги фаолиятини янада такомиллаштириш, депутатларнинг аҳоли саломатлигини таъминлашга оид қонун лойиҳалари ишлаб чиқишдаги фаоллигини ошириш лозимлигига аҳамият қа-ратилади. Бинобарин, Дастурда бу бўйича аниқ вазифалар кўзда тутилган.

Анжуманда, шунингдек, электорат манфаатларини ҳимоя қилиш ҳамда сайловчилар ишончини оқлаш, халқ розилигига эришиш ҳар қачонгидан муҳимлиги фракция раҳбари томонидан алоҳида эътироф этилди.

Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партиясининг Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракцияси йиғилишида Давлат дастури ижросини таъминлашда партия депутатлик корпуси олдида турган вазифалар муҳокама қилинди.

Таъкидланганидек, Дастурда кўзда тутилган қонун лойиҳаларини ишлаб чиқиш ва қабул қилишда партия фракцияси аъзолари ҳамда маҳаллий Кенгашлардаги депутатлар гуруҳлари фаол иштирок этиши зарур. Қонун лойиҳалари муҳокамаларида аҳоли кенг қатлами, мутахассислар, экспертлар ва фуқаролик жамияти институтлари қатнашиши белгилангани, шубҳасиз, қонунларнинг ҳаётийлигини таъминлашга хизмат қилади.
Депутатлар Давлат дастурида ижтимоий соҳани ривожлантириш йўналишида белгиланган вазифаларга алоҳида эътибор қаратдилар. Айни чоғда аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш ва фуқаролар соғлиғини сақлашни янада кучайтириш бўйича комплекс чора-тадбирларни рўёбга чиқариш, ижтимоий дорихоналарнинг ривожланган тармоғини яратиш, аҳоли бандлиги ва фуқароларнинг реал даромадларини оширишда масъулият билан ёндашиш зарурлиги айтилди.

Фракция аъзоларининг фикрича, Давлат дастурида соғлиқни сақлаш соҳасига “ақлли тиббиёт” тизими, инновацион технологияларни жорий қилиш, аҳолини арзон нархлардаги сифатли дори воситалари билан таъминлайдиган 2 мингта ижтимоий дорихона ташкил этиш кўзда тутилгани партия дастурий мақсадларини рўёбга чиқаришда муҳим аҳамиятга эга.

Бундан ташқари, Давлат дастурининг иқтисодиёт йўналишида, жумладан, ушбу соҳага инновациялар ва янги технологиялар жорий этишни рағбатлантирувчи механизмларни ишлаб чиқиш назарда тутилаётгани бир неча йилдан буён инновацион иқтисодиётга ўтиш ғоясини илгари суриб келаётган партия дастурий мақсадлари ҳаётийлигининг исботи экани эътироф этилди.

Депутатлар, шунингдек, ҳар ойда сайлов округларида ўтказиладиган учрашувларда Давлат дастурининг мазмун-моҳиятини аҳоли кенг қатлами орасида тарғиб қилиш ҳамда унда белгиланган устувор вазифаларнинг жойларда самарали ижро этилиши устидан парламент ва жамоатчилик назоратини ўрнатиш зарурлигини таъкидладилар.

Фракциялар йиғилишларида Давлат дастури ижросини таъминлашда аниқ вазифалар белгилаб олинди.

Зиёда АШУРОВА.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn