Халқимиз иштирокида яратилган тарихий аҳамиятга эга ҳужжат
  • 25 Январь 2018

Халқимиз иштирокида яратилган тарихий аҳамиятга эга ҳужжат

2018 йил 22 январь куни Президентимизнинг “2017 — 2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини “Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йили”да амалга оширишга оид Давлат дастури тўғрисида”ги Фармони қабул қилинди. Унга кўра, ҳаётга татбиқ этиладиган дастуриламал ҳужжатда Ҳаракатлар стратегиясида белгиланган йўналишлар бўйича қандай аниқ мақсад ва вазифалар назарда тутилмоқда? Халқимиз фаровонлигини янада юксалтириш, турли соҳаларда одамлар эътирозига сабаб бўлаётган муаммоларни бартараф қилишга қаратилган чора-тадбирларнинг моҳияти, аҳамияти қандай?
Бу борада халқ вакиллари — парламент аъзоларининг фикр-мулоҳазаларини келтирамиз.

Толибжон МАДУМАРОВ, Олий Мажлис Сенатининг Қонунчилик ва суд-ҳуқуқ масалалари қўмитаси раиси ўринбосари:

— Бугун ҳаётимизнинг барча жабҳасида шиддатли ўзгариш ҳамда янгиланишлар кузатилмоқда. Буни ҳар биримиз кўриб, ҳис қилаяпмиз. Президентимиз Фармони билан тасдиқланган Давлат дастури доирасида 37 та қонун ишлаб чиқилиши, 142 та норматив-ҳуқуқий ҳужжат қабул қилиниши, турли соҳаларни қамраб оладиган 52 та амалий чора-тадбирларнинг кўзда тутилгани жорий йилда ислоҳотлар янада жадаллашишидан дарак беради. Биргина мисол. 2018 йилда қабул қилиниши кутилаётган муҳим ҳужжатлардан бири — “Давлат хизмати тўғрисида”ги қонун давлат идораларида хизматни ҳақиқатда нуфузли фаолиятга айлантиришга, давлат хизматчиларининг меҳнат ҳақи ва ижтимоий ҳимояси учун муносиб тизимни шакллантиришга замин яратади. Бундай эътибору қўллаб-қувватловга яраша, албатта, муносиб жавоб қайтарилмоғи лозим. Шу маънода, энди ҳар бир давлат хизматчиси эгаллаб турган лавозимга муносиб эканини ҳар куни исботлаши шарт, деган талаб қўйилаётгани бежиз эмас.

Давлат дастурида яна бир долзарб масала кун тартибига қўйилган. Яъни Президентимиз Шавкат Мирзиёев бир нечта йиғилишда куйиниб гапирган вазифа — давлат функциялари ва ваколатларининг амалдаги марказлашган тизимига барҳам берилади.

Жумладан, ҳукуматнинг алоҳида функциялари вазирлик ва идоралар ҳамда маҳаллий давлат ҳокимияти органларига ўтказилади, тегишли ҳудудда давлат сиёсатини амалга ошириш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш учун масъул мансабдор шахслар сифатида барча даражадаги ҳокимларнинг ваколатлари кенгайтирилиб, мавқеи кўтарилади.

Давлат дастурида кўзда тутилган бу каби тадбирлар давлат бошқарувида демократик тамойилларни изчил қарор топтиришга ёрдам бериши шубҳасиз.

Ботир МАТМУРАТОВ, Олий Мажлис Сенатининг Қонунчилик ва суд-ҳуқуқ масалалари қўмитаси раиси:

— Қонун устуворлигини таъминлаш ва суд-ҳуқуқ тизимини янада ислоҳ қилиш Давлат дастурининг энг муҳим йўналишларидан ҳисобланади. 2018 — 2021 йилларда жиноят ва жиноят-процессуал қонунчилигини такомиллаштириш бўйича концепцияни ишлаб чиқиш, шахсни жиноий жавобгарликка тортиш муддатларини қайта кўриб чиқиш, жиноий ва маъмурий жавобгарликни либераллаштириш, процессуал нормаларни такомиллаштириш кўзда тутилгани фикримиз далилидир.

Айни кунларда Давлат дастурида акс этган яна бир янгилик — прописка ва паспорт тизимини соддалаштиришга доир чора-тадбирлар халқимизни жуда мамнун қилмоқда. Тошкент шаҳри ва пойтахт вилоятида вақтинча ёки доимий пропискасиз ёхуд турган жойи бўйича ҳисобда турмаган фуқароларни ишга қабул қилишга бўлган тақиқ, шунинг-дек, вақтинча ёки доимий пропискасиз ёхуд турган жойи бўйича ҳисобда турмасдан яшаб турган фуқароларни ишга қабул қилганлик учун иш берувчининг жавобгарлиги бекор қилиниши кенг халқ оммаси томонидан, айниқса, ижтимоий тармоқларда қизғин қўллаб-қувватланаяпти. Шу билан бирга, Дастурда Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида доимий пропискаси бўлмаган фуқаролар учун иккиламчи бозордан кўчмас мулк харид қилиш имкониятини яратишга доир ҳужжатларни ишлаб чиқиш белгилангани ҳам -барчани хурсанд қилмоқда.

Бундан ташқари, Давлат дастурига мувофиқ, дастлабки тергов устидан суд назоратини кучайтириш учун тинтув ва телефон сўзлашувларини эшитишга санкция бериш ваколати судга ўтказилиши, Олий Мажлис ҳузурида Суд ҳокимияти мустақиллигини таъминлашга кўмаклашиш бўйича комиссияни ташкил этиш орқали янада мустаҳкамлаш масаласи жорий йилда суд-ҳуқуқ тизимида шаффофликни таъминлаш йўлида амалга ошириладиган устувор вазифалардан бири бўлади. Тергов изоляторлари ва жазони ижро этиш муассасалари видеокузатув воситалари билан жиҳозланиши режалаштирилгани ҳам соҳада инсон ҳуқуқларини қоғозда эмас, амалда таъминлашга хизмат қилади, деб ўйлаймиз.

Муҳамет ЖУМАГАЛДИЕВ, Олий Мажлис Сенатининг Бюджет ва иқтисодий -ислоҳотлар масалалари қўмитаси раиси:

— Давлат дастури халқ муҳокамасига қўйилиб, фуқароларнинг талаб ва таклифлари инобатга олингани диққатга моликдир. Хусусан, илғор ғоялар, “смарт” технологиялар ва “ноу-хау”ларга асосланган инновацион тараққиётнинг янги моделига босқичма-босқич ўтиш режалаштирилмоқда. Шунингдек, аҳоли маблағларини иқтисодиёт ривожига манфаатли жалб қилиш борасидаги таклифлар, қимматли қоғозлар бозорини ривожлантириш, венчур фондлар, венчур молиялаштиришни ташкил этиш, иқтисодиётга инновациялар ва янги технологиялар жорий этишни рағбатлантирувчи механизмлар ишлаб чиқилиши соҳа ривожига ҳисса қўшиши табиий. Валюта -либераллаштирилганидан кейинги қадам — инфляциянинг кескин ошиб кетишининг олдини олиш, нархлар барқарорлигини таъминлаш, тадбиркорлик субъектларига янада эркинлик ва имкониятлар яратиш, солиқ ва божхона сиёсатини такомиллаштириш ва оптималлаштириш, солиқ юкини камайтиришга доир чоралар кўрилиши ҳам халқимиз ҳаётида кўплаб янгиликлар яратади, деб ишонамиз.

Абдурауф АБДУЛЛАЕВ, халқ депутатлари Андижон вилояти Кенгаши депутати:

— Давлат дастури халқимизнинг эзгу мақсадларини амалга оширишга қаратилган, десак, муболаға бўлмайди. Боиси унда юртдошларимиз дилидаги, ечимини кутиб турган кўплаб муаммоларга эътибор қаратилган. Депутатлик ваколатимдан фойдаланган ҳолда, куни кеча Пахтаобод туманида хонадонларга кириб, фуқаролар билан суҳбатлашдим. Шунда амин бўлдимки, бизнинг ҳали бажаришимиз керак бўлган ишлар кўп экан. Жумладан, ҳамон чекка ҳудудларда тиббий хизматни шакллантириш борасида оқсоқлик кузатилаяпти. Аҳолига тиббий хизмат кўрсатиш самарадорлигини оширишдаги муаммоларни бартараф этиш учун Давлат дастурида белгилаб берилган вазифаларни -изчиллик билан рўёбга чиқариш ушбу муаммолар ечимига айланиши турган гап.

Бугунги шиддатли янгиланишлар даврида ҳар бир депутатнинг ўрни маҳаллада, аҳоли даврасида бўлмоғи керак. Зеро, бизни халқнинг ўзи сайлаган экан, унинг ишончли вакили эканлигимизни амалда исботлашимиз даркор. Бу борада бизга Давлат дастури дастуриламал вазифасини ўтайди.

Алишер КУРМАНОВ, Олий Мажлис Сенатининг Халқаро муносабатлар, ташқи иқтисодий алоқалар, хорижий инвестициялар ва туризм масалалари қўмитаси раиси:

— Давлат дастурида ўтган йили халқ билан бевосита мулоқот натижасида аниқланган тизимли муаммо ва камчиликларга халқчил чоралар, амалий ечимлар кўзда тутилган. Хорижда фуқароларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш тизимининг самарадорлигини кучайтириш бўйича комплекс чора-тадбирларни амалга ошириш режалаштирилаётгани, айниқса, диққатга сазовордир. Тан олишимиз керак, охирги пайтлар чет элларда меҳнат қилаётган, илмий фаолият юритаётган, таълим олаётган юртдошларимиз тақдирига кўп ҳам қизиқмай қўйган эдик. Уларга нисбатан бегоналардек муносабатда бўлганимиз ватандошларимизнинг ҳақли эътирозига сабаб бўлаётган эди. Давлат дастурига кўра, жорий йилда хорижда яшаётган ва ишлаётган юртдошларимиз билан ҳамкорлик қилиш бўйича давлат сиёсати концепцияси ишлаб чиқилади ва қабул қилинади.

Умуман айтганда, Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг Ташқи ишлар вазирлиги ва мамлакатимизнинг хорижий давлатлардаги элчихоналари фаолиятига бағишланган йиғилишда аниқ вазифаларни белгилаб бергани, қолаверса, Давлат дастурида ушбу йўналишда аниқ чоралар кўзда тутилгани йўл қўйган ана шу камчиликларимиз ўрнини тўлдиришда катта аҳамият касб этади.

«Халқ сўзи» мухбирлари

Қобил ХИДИРОВ,

Саминжон ҲУСАНОВ ёзиб олди.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn