Фуқаролар адлия идоралари фаолиятидан рози бўлиши керак
  • 24 Январь 2018

Фуқаролар адлия идоралари фаолиятидан рози бўлиши керак

Президентимиз Шавкат Мирзиёев Олий Мажлисга Мурожаатномасида айнан халқимиз манфаатларини ҳисобга олиб, ижтимоий адолатни таъминлаш бўйича энг муҳим институт бўлган суд-ҳуқуқ соҳасида, прокуратура ҳамда ички ишлар органлари тизимида катта ўзгаришлар амалга оширилаётганини таъкидлади.

Мана шундай шиддатли жараёнда адлия органлари ҳам давлат институтининг бир бўлаги сифатида конституциявий тамойилларга таянган ҳолда, фуқароларнинг талаби, келажакда кутаётган умид ва истакларидан келиб чиқиб, ўз фаолиятини изчил такомиллаштиришга ҳаракат қилмоқда.

Хусусан, 2017 йил давомида адлия идораларига 95 мингдан ортиқ жисмоний ҳамда юридик шахслар мурожаат этди. Уларнинг аксарияти қаноатлантирилиб, 18 мингдан ортиқ шахсларнинг бузилган ҳуқуқлари тикланди. Судларга 12 минг 717 та даъво аризаси ва аниқланган қонунбузилиш ҳолатлари юзасидан 5 минг 700 дан зиёд тақдимномалар, 1 минг 581 маъмурий ҳамда 60 та жиноий жавобгарликка тортиш юзасидан таклиф киритилди.

Ўтказилган мониторинг ва назорат тадбирлари давомида тегишли идораларга киритилган тақдимнома ҳамда огоҳномалар натижасида 1 минг 85 та ноқонуний ҳужжат ижроси тўхтатилди ва бекор қилинди. 4 минг 534 нафар мансабдор шахс тегишли интизомий жазога тортилди. Шулардан 423 нафари эгаллаб турган вазифасидан озод этилди.

Бунда асосий эътибор фуқаронинг бузилган ҳуқуқларини тиклашгина эмас, балки уларнинг ҳуқуқлари бузилишининг олдини олишга қаратилаётир. Халқ билан ўтказилаётган очиқ мулоқотлар ҳамда жисмоний ва юридик шахслардан келиб тушаётган мурожаатларни таҳлил қилиш натижаларига кўра, амалдаги қонун ҳужжатларига қўшимча ҳамда ўзгартишлар киритиш бўйича лойиҳалар ишлаб чиқилмоқда. Мисол учун, фуқароларнинг ҳаётий муаммоларини, яъни яқин қариндошлари ёки ўзининг судланганлиги муносабати билан ишга қабул қилишни рад этиш ҳолатларининг олдини олиш мақсадида Меҳнат кодексининг 78-моддасига шахсни ишга қабул қилишни ғайриқонуний равишда рад этишни тақиқловчи нормани белгилаш бўйича қонун лойиҳаси тайёрланди. Бу эса ватанпарвар, ташаббускор, билимли, интилувчан фуқароларнинг меҳнат қилиш ва эркин касб танлаш каби конституциявий ҳуқуқларини тўлиқ таъминлашга хизмат қилади.

Фуқаролик ҳолати далолатномаларини ёзиш (ФҲДЁ) бўлимлари, нотариат ҳамда адвокатура адлия органларининг бевосита фуқароларга хизмат кўрсатадиган соҳаларидир. Ҳозирги пайтда улардаги хизмат кўрсатиш сифати ва ҳолати, албатта, бизни ҳам, халқимизни ҳам қониқтирмаётганини яширишнинг ҳожати йўқ. Шу боис айни дамда бу соҳаларда шаффофликни таъминлашга долзарб вазифа сифатида қаралмоқда. Фуқароларимиз ушбу идораларга борганида навбат кутиб қолмаслиги учун уларга тез ҳамда сифатли хизмат кўрсатиш чоралари кўрилаяпти. Бу борада давлатимиз раҳбарияти томонидан қатъий вазифалар қўйилганини ҳам айтиб ўтиш жоиз.

ФҲДЁ тизимида замонавий ахборот-коммуникация технологияларидан кенг фойдаланган ҳолда туғилганлик, никоҳ ҳақида, никоҳдан ажралганлик ва бошқа далолатнома ёзувларини электрон шаклда тўлдириш жорий этилди. Натижада фуқаролик ҳолати далолатнома ёзувини қайд этиш учун кетадиган вақт ўртача 7 дақиқагача қисқарди. “ФҲДЁ ягона электрон архиви” дастурий таъминотига қайд этилган фуқаролик ҳолати далолатнома ёзувлари киритилиб, ягона база шакллантирилмоқда. Мазкур дастур келгусида тегишли манфаатдор ташкилотлар билан интеграция қилинади. Жумладан, Соғлиқни сақлаш ва Ички ишлар вазирликлари электрон базалари билан маълумотларни электрон шаклда алмашиш фуқаролар ҳамда ФҲДЁ органлари томонидан вақт тежалиши ва ҳужжатларни расмийлаштиришда турли тафовутларга йўл қўйилишининг олдини олади.

Ҳозирги кунда далолатнома ёзувларини қайд этиш билан боғлиқ давлат божи, герб йиғими ҳамда пуллик хизматлар тўловларини биллинг тизими орқали амалга ошириш, фуқаролар томонидан Ягона интерактив давлат хизматлари порталидаги шахсий кабинети орқали ФҲДЁ органларига мурожаат қилиши, мудир қабулига онлайн ёзилиши механизми яратилмоқда.

Нотариат институтига тўхталадиган бўлсак, нотариуслар фақат низосиз бўлган фактларни тасдиқлайди. Чунки нотариал ҳаракатни расмийлаштиришда тарафлар нотариусга ўз хоҳиш-иродаларига кўра ҳамда битимларни тасдиқлаш учун зарур бўлган ҳужжатлар ва белгиланган тўловларни тўлаган ҳолда мурожаат этади.

Юртимиздаги 541 давлат нотариал идорасида 749 нафар нотариус фаолият кўрсатмоқда. Нотариусларга бўлган мурожаатлар таҳлили шуни кўрсатадики, 2013-2014 йилларда 4,5 миллион, 2015-2016 йилларда 5 миллион, 2017 йил давомида 5 миллион 900 мингдан ортиқ нотариал ҳаракатлар амалга оширилган.

Бугунги кунда Адлия вазирлиги томонидан бу соҳада халқимизни қийнаётган муаммолар ҳамда йўл қўйилаётган қонунбузилишларнинг олдини олувчи, нотариат идораларининг муаммони судгача ҳал этувчи институт сифатидаги мавқеини ошириш бўйича чора-тадбирлар кўрилмоқда. Шунга асосан, нотариусларнинг ўз касб мажбуриятларини лозим даражада бажаришига шароит яратиш, фуқароларнинг ортиқча оворагарчилигининг олдини олиш мақсадида давлат нотариал идораларида жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатларини навбатма-навбат қайд этиш тартиби жорий қилинди. Унга мувофиқ, жисмоний ҳамда юридик шахслар нотариал идораларга бевосита келиб, телефон ёки интернет орқали ўзлари учун қулай ва аниқ вақтда нотариус қабулига ёзилиши мумкин. Шунингдек, кўчмас мулкнинг олди-сотди, айирбошлаш ҳамда ҳадя қилиш битимларини нотариал тасдиқлашда идоралараро электрон ҳамкорликни қўллаган ҳолда, маълумотлар олишнинг янги тартиби — “Нотариус” автоматлаштирилган ахборот тизими жорий этилиб, 2017 йил 1 июлдан эътиборан Тошкент шаҳрида ишга туширилди. Бу тартиб Ўзбекистон Республикасининг барча ҳудудида 2018 йил 1 июлдан бошлаб ҳаётга татбиқ қилинади. Натижада солиқлар, коммунал хизматлар ва электр энергияси бўйича қарздорлик йўқлиги, бино ҳамда иншоотларнинг тегишлилиги ҳақидаги маълумотларни фуқаролар томонидан қоғоз кўринишида йиғиш амалиётига чек қўйилади. Бунинг ўрнига эса мазкур маълумотларни нотариуслар идоралараро электрон ҳамкорлик тизими орқали аниқ вақт режимида мустақил олиш имконияти яратилади.

Албатта, адлия идорасига келган ҳар бир фуқаро бу маскандан рози бўлиб кетиши биз учун жуда муҳимдир. Адвокатурага келсак, 2017 йил якунида адвокатлик фаолияти билан шуғулланувчилар сони 4 минг 245 нафардан ошди. Адвокатлар ҳамда жисмоний ва юридик шахслар ўртасида юридик ёрдам кўрсатиш тўғрисида 175 мингдан ортиқ битимлар ҳамда шартномалар тузилган. Адвокатларимиз ҳимоя ҳуқуқини таъминлаш бўйича барча имкониятдан фойдаланишмоқда.

Алоҳида эътироф этиш керакки, Президентимиз томонидан адлия тизимини такомиллаштиришга катта эътибор қаратилаяпти. Биргина 2017 йилда адлия органлари фаолиятини такомиллаштиришга қаратилган Президент ва ҳукуматнинг 14 та қарорлари қабул қилинди.

Жумладан, давлатимиз раҳбарининг қарори билан давлат органлари ҳамда ташкилотлари фаолиятида қонунийликни янада мустаҳкамлаш мақсадида юридик хизматларнинг роли ва жавобгарлиги кучайтирилди. Давлат органлари ҳамда ташкилотларида, жумладан, уларнинг ҳудудий тузилмаларида, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланадиган минимал меъёр ва мезонларга асосан, мажбурий тартибда юридик хизматлар ташкил этилди.

Ҳар бир давлат органи ҳамда ташкилотининг юристларини лавозимга тайинлаш ва лавозимдан озод этиш масалалари мажбурий тартибда адлия органлари билан келишилиши белгиланди. Унга мувофиқ, адлия органлари томонидан давлат органлари ҳамда ташкилотларининг 946 нафар юристини лавозимга тайинлаш ва 356 нафарини лавозимидан озод этиш масаласи ўрганиб чиқилди.

Давлат органлари ҳамда ташкилотларининг юридик хизматига биринчи бор тайинланган 253 нафар юрист адлия органларида стажировка ўтади. Амалиётда биринчи марта давлат органлари ва ташкилотларининг юристларига адлия органлари ходимларига белгиланган мартаба даражалари берилиши мустаҳкамлаб қўйилди. Унга асосан, юридик хизмат ходимларининг 484 нафарига мартаба даражалари берилди. Бу орқали уларнинг ижтимоий ҳимояси мустаҳкамланди.

Шу ўринда таъкидлаш жоизки, Президентимизнинг 2017 йил 12 декабрдаги “Аҳолига давлат хизматлари кўрсатишнинг миллий тизимини тубдан ислоҳ қилиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони давлат хизматлари сифатини яхшилаш ҳамда кўламини кенгайтириш орқали халқимизга янада қулайликлар яратишга қаратилгани билан ниҳоятда аҳамиятли бўлди. Унга кўра, Адлия вазирлиги ҳузурида Давлат хизматлари агентлиги ташкил этилди.

Юртбошимиз ушбу Агентлик фаолияти ҳақида тўхталар экан, янги тузилманинг Халқ қабулхоналари қошида фаолият олиб борадиган Давлат хизматлари марказлари нафақат тадбиркорларга, балки бутун халқимизга тезкор ва сифатли хизмат кўрсатадиган идора бўлишига ишонч билдирди. Чиндан ҳам, моҳияти ҳамда аҳамиятига кўра, мазкур марказлар аҳоли учун давлат хизматларини тезкорлик билан кўрсатиш имконини беради, фуқароларнинг кундалик ҳаётини жиддий равишда енгиллаштиради, бюрократия, коррупция ва сансалорлик ҳолатларини бартараф этади.

Дарвоқе, 2018 — 2020 йилларда жорий этилишига қараб Давлат хизматлари марказларида “ягона дарча” тамойили бўйича кўрсатиладиган 58 та давлат хизматининг рўйхати тасдиқланди.

Мамлакатимизда ҳуқуқий ахборотни тарқатиш соҳаси бўйича ҳам сезиларли қадамлар қўйилмоқда. Шу мақсадда “Ҳуқуқий ахборотни тарқатиш ва ундан фойдаланишни таъминлаш тўғрисида”ги Қонун ҳамда Президентимиз қарорига асосан, Адлия вазирлиги ҳуқуқий ахборотни тарқатиш ва ундан фойдаланишни таъминлаш соҳасидаги махсус ваколатли давлат органи этиб белгиланди. Шу билан бирга, вазирлик, давлат қўмиталари, идоралар, хўжалик бошқаруви органлари ҳамда маҳаллий давлат ҳокимияти органларига қабул қилинган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни, уларга киритилган ўзгартириш ва қўшимчаларни ижрочиларга ўз вақтида етказишни таъминлаш вазифаси юклатилди. Бу эса, ўз навбатида, қонун ҳужжатларининг мазмун-моҳиятини кенг аҳолига тушунтиришга ҳамда тегишли қонун ҳужжатлари матнидан ҳеч қандай тўсиқларсиз фойдаланишга имкон яратади.

Қарор билан Ҳуқуқий тарғибот ва маърифат бўйича давлат органлари ишларини мувофиқлаштириш бўйича идоралараро кенгашининг ҳудудий комиссияларини ташкил этиш белгилангани диққатга сазовор. Адлия вазирлиги ҳамда давлат органлари ва ташкилотлари ўртасида қонун ҳужжатларини тезкор тарқатиш мақсадида ҳимояланган алоқа каналлари (VPN) орқали идоралараро электрон ҳамкорлик тизими ташкил қилинди. Биринчи босқичда 2017 йилнинг 1 январидан 10 декабрига қадар қабул қилинган 2 минг 163 норматив-ҳуқуқий ҳужжат “E-xat” электрон почта тизими орқали давлат органлари ва ташкилотларининг тизимига кирувчи 12,5 минг қуйи идорага тарқатилиб, 561 минг ходим эътиборига етказилди.

Бундан ташқари, Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари маълумотларининг миллий базаси — “Lex.uz”нинг норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг расмий манбалари қаторига киритилгани аҳолига ҳуқуқий ахборот етказиб бериш борасидаги ишларни янада жонлантирди. Ҳозир ўзбек ҳамда рус тилларидаги 43 мингдан ортиқ ҳужжатлар жамланган ушбу базадан бир кунда 15 мингдан ортиқ жисмоний ва юридик шахслар бепул фойдаланмоқда.

Аҳолини ҳуқуқий ахборот билан тезкор тарзда таъминлаш, самарали ва конструктив мулоқотни ташкил қилиш, бунда нафақат адлия органлари фаолияти билан боғлиқ бўлган, балки фуқаролар қонунчиликдаги ўзларини қизиқтирган саволларга онлайн тарзда жавоб олишлари учун қулайлик яратиш мақсадида “Facebook” ижтимоий тармоғида “Адлия билан мулоқот” гуруҳи ҳамда “Telegram” мессенжерида Адлия вазирлигининг “Huquqiy axborot” канали фаолияти йўлга қўйилди. Шунингдек, вазирлик веб-сайти ва www.lex.uz сайтида “онлайн-маслаҳатчи” хизмати фаолиятини кенгайтириш, шунингдек, веб-сайтда ҳуқуқий ахборот “step by step” шаклида жойлаштирилган махсус рукн яратиш бўйича ишлар амалга оширилмоқда.

Умуман олганда, адлия идораларининг фуқаролар билан ўзаро муносабатлари шаффофлашувига йўналтирилган ислоҳотлар Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йилида янада кенг қамров касб этиши назарда тутилмоқда. Буларнинг барчаси пировардида давлатимиз раҳбари томонидан қўйилаётган муҳим талаб — Конституция ҳамда қонун нормалари сўзсиз ишлаши учун ишончли кафолатларни яратиш мақсадига хизмат қилади.

Русланбек ДАВЛЕТОВ,

Ўзбекистон Республикаси

адлия вазири.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn