Ўзбекистон — Грузия: Парламентлараро ҳамкорлик мустаҳкамланмоқда
Ўзбекистон — Грузия: Парламентлараро ҳамкорлик мустаҳкамланмоқда Ҳасан Пайдоев олган сурат.
  • 23 Январь 2018

Ўзбекистон — Грузия: Парламентлараро ҳамкорлик мустаҳкамланмоқда

Олий Мажлис Сенати ва Қонунчилик палатасида Грузия парламенти раиси Ираклий Кобахидзе бошчилигидаги делегация билан учрашувлар бўлиб ўтди.

Мулоқотлар чоғида парламентлараро алоқаларни янада ривожлантириш ҳолати ва истиқболлари, икки мамлакатнинг савдо-иқтисодий, инновацион, транспорт-коммуникация, маданий-гуманитар ва бошқа соҳалардаги ҳамкорлиги масалалари атрофлича муҳокома қилинди.   

И. Кобахидзе мамлакатда амалга оширилаётган  ижтимоий-сиёсий ва социал-иқтисодий ислоҳотларга юқори баҳо бериб, Грузия парламенти делегациясининг Ўзбекистонга ташрифи икки мамлакат ўртасидаги парламентлараро мулоқотни кучайтириш, шунингдек, Президент Шавкат Мирзиёевнинг Нью-Йоркда БМТ Бош Ассамблеяси 72-сессияси доирасида Грузия Бош вазири Георгий Квирикашвили билан учрашуви чоғида эришилган келишувларни рўёбга чиқаришнинг амалий самараси эканини таъкидлади.

Олий Мажлис Сенати Раиси Н. Йўлдошев меҳмонларга юртимиз ҳаётининг барча соҳасида олиб борилаётган муҳим ўзгаришлар ҳақида батафсил маълумот берди. Қайд этилганидек, Ўзбекистонда Ҳаракатлар стратегиясига мувофиқ, социал-иқтисодий ва ижтимоий-сиёсий соҳалар тараққиётини жадаллаштириш, аҳоли фаровонлигини юксалтиришга йўналтирилган ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Хорижий давлатлар билан ўзаро муносабатларни мустаҳкамлашга алоҳида аҳамият қаратилаяпти. 

Учрашувда таъкидланганидек, ўтган йили икки давлат ўртасида товар айирбошлаш 70 миллион АҚШ долларини ташкил этди. Шубҳасиз, бу томонларнинг мавжуд имконият ва салоҳиятини тўлақонли намойиш этмайди. Бу борада ҳамкорликни кенгайтириш, мавжуд транзит коридори имкониятларидан самарали фойдаланиш муҳимлигига урғу берилди. 

— Грузия ва Ўзбекистонни азалдан дўстона, яқин ришталар боғлаб келади, — дейди И. Кобахидзе. — Бу сиёсий, иқтисодий алоқаларни чуқурлаштиришда муҳим асос яратади. Ташриф дастурига мувофиқ, Олий Мажлис палаталарида учрашувлар ўтказилди. Уларда ҳамкорлик муносабатларимизни янада кучайтириш ва мустаҳкамлаш масалалари атрофлича муҳокама қилинди. Бинобарин, бунинг учун катта имкониятларга эгамиз.

Қонунчилик палатасида Грузия делегацияси депутатлар, сиёсий партиялар фракциялари фаолияти билан танишди. Парламентлар ўртасидаги ҳамкорликни кучайтиришга хизмат қиладиган тадбирларни ўтказиш, ахборот алмашиш, қонун ижодкорлиги ва назорат-таҳлил фаолиятида тажриба ўрганиш масалалари муҳокама қилинди. Қайд этилганидек, икки мамлакат парламентлари савдо-иқтисодий ва маданий-гуманитар алоқаларни кенгайтириш борасида ишончли ҳуқуқий асосни яратишлари зарур. 

Мулоқот чоғида Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикери Н. Исмоилов эътироф этганидек, Ўзбекистонда ҳозирги вақтда 40 мингга яқин грузин миллати вакиллари истиқомат қилади. Мамлакатда грузин халқининг анъана ва урф-одатлари, тили, маданиятини асрашга зарур шарт-шароит яратилган. Халқимиз грузин ёзувчилари асарларини катта қизиқиш билан ўқишлари, машҳур грузин фильмларини иштиёқ билан томоша қилишлари эса эътиборга молик.        

Шу куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ва Грузия парламенти ўртасида Парламентлараро ҳамкорлик тўғрисида меморандум имзоланди.

Грузия делегацияси, шунингдек, Самарқанд ва Тошкентнинг диққатга сазовор жойлари билан танишдилар, Ўзбекистоннинг Биринчи Президенти Ислом Каримов хоки пойига, Мустақиллик майдонидаги Мустақиллик ва эзгулик монументига гуллар қўйдилар.       

Зиёда АШУРОВА,

«Халқ сўзи» мухбири.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn