Суд ҳокимияти мустақиллигини таъминлашнинг муҳим кафолати
  • 19 Январь 2018

Суд ҳокимияти мустақиллигини таъминлашнинг муҳим кафолати

Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 93-моддаси 7-бандига мувофиқ, Ўзбекистон Республикасининг Президенти Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисига мамлакат ички ва ташқи сиёсатини амалга оширишнинг энг муҳим масалалари юзасидан мурожаат қилиш ҳуқуқига эга. Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг Олий Мажлисга биринчи марта тақдим этган Мурожаатномаси ушбу конституциявий ҳуқуқ рўёбининг ёрқин ифодасидир. 

Мурожаатномада тараққиётимизнинг янги босқичи бўлган 2017 йилда бажарилган асосий ишлар якуни, шунингдек, Ўзбекистонда “Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йили” деб эълон қилинган 2018 йилда давлат ҳамда жамият қурилиши тизимини такомиллаштириш, қонун устуворлигини таъминлаш ва суд-ҳуқуқ тизимини янада ислоҳ этиш, иқтисодиётни ривожлантириш ҳамда либераллаштириш, ижтимоий соҳани равнақ топтириш, хавфсизлик, миллатлараро тотувлик ва диний бағрикенгликни таъминлаш ҳамда ташқи сиёсат соҳасининг устувор йўналишлари бўйича мамлакатимиз тараққиётини таъминлашга қаратилган, амалга оширилиши лозим бўлган асосий вазифалар аниқ белгилаб берилди. 

Дунёдаги кўпчилик тараққий топган мамлакатларда давлат раҳбарининг миллий парламент аъзолари ҳузурида энг асосий ҳамда долзарб сиёсий, ижтимоий-иқтисодий масалалар ва жамиятни демократик ривожлантириш бўйича Мурожаатнома билан чиқиш тажрибаси мавжуд. Масалан, Россия Федерацияси Конституциясининг 84-моддасига асосан, Россия Федерацияси Президенти Россия Федерацияси парламентига мамлакатдаги ҳолат, давлатнинг ички ва ташқи сиёсатининг асосий йўналишлари тўғрисида мурожаат қилади.

Франция Конституциясининг 18-моддасида Президент парламентнинг ҳар икки палатаси билан мурожаатномалар воситасида муносабатда бўлади. Парламент ушбу масала юзасидан алоҳида тўпланади. Бундай мурожаатномалар палаталар мажлисида ўқиб эшиттирилади ва муҳокама қилинмайди.

Президентимиз Мурожаатномасида баён этилган иккинчи йўналиш, яъни қонун устуворлигини таъминлаш ҳамда суд-ҳуқуқ тизимини янада ислоҳ қилишнинг устувор йўналишлари давлатимиз раҳбарининг илгариги маъруза ва нутқлари, айниқса, Конституциямиз қабул қилинганининг 25 йиллигига бағишланган тантанали йиғилишдаги маърузаси ҳамда 2017 йил 13 июнда Ўзбекистон судьялари иштирокидаги учрашувда қилган маърузаси билан боғлиқ ҳолда ўрганилиши мақсадга мувофиқ. Чунки Президентимизнинг аввалги маърузаларида баён қилинган ғоялар Мурожаатномада янада ривожлантирилди ва бойитилди.

Маълумки, Конституциямизнинг 14-моддасига кўра, давлат ўз фаолиятини инсон ҳамда жамият фаровонлигини кўзлаб, ижтимоий адолат ва қонунийлик принциплари асосида амалга оширади. Мурожаатнома иккинчи йўналишининг асосий ғояси ҳам ижтимоий адолат ва қонунийлик принципининг сўзсиз таъминланиши учун бажаришимиз лозим бўлган энг муҳим чора-тадбирларни белгилаб беришга қаратилган.

Шунинг учун ҳам Мурожаатномада “Мен бир фикрни такрорлашдан чарчамайман: халқимиз ҳамма нарсадан устун қўядиган адолатни ҳаётимизда том маънода қарор топтириш энг асосий вазифамизга айланиши шарт”; “Суд идоралари ҳали-ҳамон ҳар қандай ҳолатда адолат қарор топадиган масканга айлангани йўқ”; “Мазкур идоралардаги барча ходимлар фаолияти фуқароларнинг конституциявий ҳуқуқларини ҳимоя қилишга тўлиқ сафарбар этилмоқда, деб айтолмаймиз. Шу сабабли бу соҳадаги ислоҳотларни келгусида ҳам қатъий ва изчил давом эттирамиз”, деб алоҳида урғу берилди. Бу эса судьяларга ва суд идораларининг барча ходимларига мамлакатимизда адолатни том маънода қарор топтиришга қаратилган саъй-ҳаракатларда катта масъулият юклайди.

Адолатни том маънода қарор топтириш барча судьялар фаолиятининг асосини ташкил қилмоғи керак. Шунинг учун биз, судьялар судларни халқимиз томонидан “Адолат қўрғони” деб тан олинишига эришишни биринчи навбатдаги вазифа сифатида кўришимиз лозим.

Мурожаатномада суд ҳокимияти мустақиллигини янада мустаҳкамлаш мақсадида Олий Мажлис ҳузурида Суд ҳокимияти мустақиллигини таъминлашга кўмаклашиш комиссиясини ташкил этиш зарурлиги кўрсатиб ўтилди. Одамлардан келиб тушаётган мурожаатлар, халқ билан бевосита учрашув ва мулоқот жараёнида кўтарилаётган масалаларни умумлаштириш, парламент сўрови орқали ҳаққоний вазиятни таҳлил қилиш, Олий суд ва Судьялар олий кенгаши билан бирга муаммоларни ҳал этиш чораларини кўриш ушбу комиссиянинг асосий вазифаларидан бўлиши лозимлиги белгилаб берилди.

“Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Регламенти тўғрисида”ги Қонуннинг 8-моддаси ва “Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Регламенти тўғрисида”ги Қонуннинг 

8-моддасига мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг қўшма қарори билан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг комиссиялари (парламент комиссиялари) ташкил этилиши мумкин. Зарур бўлган ҳолларда, комиссиялар ишига давлат органларининг ва бошқа органларнинг вакиллари, шунингдек, фуқаролик жамияти институтларининг вакиллари жалб этилиши мумкин. Шу ўринда ҳозирги кунда Олий Мажлис ҳузурида Нодавлат нотижорат ташкилотларини ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди, шунингдек, фонд маблағларини бошқариш бўйича Парламент комиссияси муваффақиятли фаолият юритиб келаётганини айтиш ўринли.

Мурожаатномада белгиланган вазифаларни ҳисобга олган ҳолда, Суд ҳокимияти мустақиллигини таъминлашга кўмаклашиш комиссиясининг низомини ишлаб чиқиб қабул қилиш лозим бўлади. Низом лойиҳасини тайёрлаш жараёнида юқоридаги ҳужжатларда белгиланган Ўзбекистон Республикаси Олий суди раиси, Бош прокурори, суриштирув ва тергов органлари раҳбарлари номига йўлланган парламент сўрови уларнинг иш юритувидаги муайян ишлар ва материалларга тааллуқли бўлиши мумкин эмаслиги тўғрисидаги қоида ҳисобга олиниши мақсадга мувофиқ. 

Маълумки, Ҳаракатлар стратегиясига мувофиқ, мамлакатимизда суд-ҳуқуқ тизимини ислоҳ қилиш, суд ҳокимияти ҳақиқий мустақиллигини таъминлаш, инсон ҳуқуқлари таъминланиши кафолатларини мустаҳкамлаш мақсадида Конституциямизга бир қатор қўшимча ва ўзгартишлар, шу жумладан, Ўзбекистон Республикаси Конституциявий судининг мустақиллигини мустаҳкамлаш, Конституциявий суд судьяларини танлаш ва сайлаш жараёнларини такомиллаштириш мақсадида Конституциямизнинг 108 ва 109-моддаларига муҳим қўшимча ва ўзгартишлар киритилди. “Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суди тўғрисида”ги  Конституциявий қонун янги таҳрирда қабул қилинди. 

Уларга мувофиқ, Конституциявий суд Ўзбекистон Республикасининг Президенти томонидан имзолангунига қадар Конституциявий қонунларнинг, халқаро шартномаларни ратификация қилиш тўғрисидаги қонунларнинг Конституцияга мувофиқлигини аниқлаш, конституциявий судлов ишларини юритиш амалиётини умумлаштириш натижалари юзасидан ҳар йили Олий Мажлис палаталарига ва Ўзбекистон Республикаси Президентига мамлакатдаги конституциявий қонунийликнинг ҳолати тўғрисида ахборот тақдим этиш каби янги ваколатларга эга бўлди. Бу ваколатларни амалга оширишнинг ҳуқуқий механизмлари яратилишида Конституциявий суднинг судьялари фаол иштирок этишлари лозим бўлади.

Умуман айтганда, Президентимизнинг Олий Мажлисга Мурожаатномаси бугун Ўзбекистонда олиб борилаётган кенг кўламли ислоҳотларга, авваламбор, халқ билан мулоқот принципига ғоят уйғун ва ҳамоҳанг бўлиб, мамлакатимиз ҳам сиёсий, ҳам иқтисодий, ҳам социал-маданий тараққиётининг, халқимиз фаровонлигининг, юртимизда тинчлик-тотувликнинг таъминланишида ўзининг катта самарасини бериши, шубҳасиздир. 

Бахтиёр МИРБОБОЕВ, 

Ўзбекистон Республикаси

Конституциявий судининг раиси,

юридик фанлар номзоди, доцент.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn