Тиббий хизмат сифатини янада оширишда янгича ёндашувлар
  • 16 Январь 2018

Тиббий хизмат сифатини янада оширишда янгича ёндашувлар

Президентимиз томонидан соғлиқни сақлаш соҳасига қаратилаётган эътибор ва ғамхўрлик туфайли кўплаб тиббиёт муассасалари замонавий қиёфа касб этаётган бўлса, уларни юқори технологиялар ҳамда малакали кадрлар билан таъминлаш масаласи кун тартибига қўйилаётгани аҳолига кўрсатилаётган тиббий хизмат сифатини янада оширишда муҳим ўрин тутмоқда.

Эътироф этиш керакки, тиббиёт муассасаларида фуқароларнинг даволаниши ҳамда саломатлигини тиклаши учун кенг имкониятлар яратилаяпти.

Сўнгги пайтларда давлатимиз раҳбари халқимизнинг иши кўп тушадиган мазкур соҳани тубдан яхшилаш мақсадида такрор ва такрор йиғилишлар ўтказиб, эскича ишлашдан воз кечиш, аҳолига замонавий ва тезкор тиббий хизмат кўрсатиш лозимлиги ҳақида куюнчаклик билан гапирмоқда. Бунинг амалий самараси ўлароқ, Соғлиқни сақлаш вазирлиги тизимидаги тиббиёт  муассасаларида, шифо масканларидаги аҳвол ва шароитлар яхшиланиб бораяпти, шифокорларнинг ишга муносабати ўзгармоқда.

Бироқ бундай ютуқ билан бир қаторда, камчиликлар ҳам ҳанузгача мавжудлигини инкор эта олмаймиз.

2017 йилнинг 22 декабрь куни Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг Олий Мажлисга Мурожаатномасини тинглаб, шундай хулоса қилиш мумкин. Сабаби, Юртбошимиз бугунги раҳбарлар, қонун чиқарувчи ва ижро ҳокимияти мутасаддилари қандай ишлаши кераклигини очиқ-ошкора, қатъий баён этди. Ҳар бир соҳа ва тармоқнинг энг нозик жиҳатларигача эътибор қаратиб, чуқур таҳлил қилди. Бундан хулоса чиқаришимиз зарур. Энди ишимизда шунчаки “кучайтириш”, “янги босқичга олиб чиқиш” каби одатий гаплар кетмайди. Вазифаларни фақат қоғозларда адо этиш эмас, амалда ростакамига натижадорликка эришиш керак. Ушбу самаралар эса халқимиз ҳаётида ўзининг тўлиқ аксини топиши зарур.

Президентимизнинг парламентга Мурожаатномасида ҳам аҳоли саломатлигини муҳофаза қилиш борасида сўнгги вақтда олиб борилаётган ишларга қарамасдан, афсуски, жойларда кўплаб муаммолар ҳамон сақланиб қолаётгани таъкидлаб ўтилди.

Хўш, мазкур муаммолар қандай ҳал этилади?

Давлатимиз раҳбари бу борада бир муҳим гапни айтди. Ҳудудлар аҳолиси учун қулай бўлган, сифатли ва замонавий тиббий ёрдам кўрсатиш, касалликларни барвақт аниқлаш бўйича бошланган ишлар изчил давом эттирилиши, бу борада масофадан туриб профилактика қилишни таъминлайдиган “Ақлли тиббиёт” ва “Ягона тиббий ахборот маркази” концепцияларини ўз шароитимизга мослаштириб татбиқ этишимиз зарурлигини таъкидлади.

Мен тиббиёт вакили сифатида тизимда “Ақлли тиббиёт”нинг жорий этилиши, яъни масофадан туриб юртдошларимизнинг саломатлигини сақлаш, профилактика қилиш, керак бўлса, муолажаларни олиб бориш соҳада туб бурилиш ясашига ишонаман.

Тўғри, бу юқори малакали мутахассисларсиз, юқори технологияли тиббиёт асбоб-ускуналарисиз рўёбга чиқиши қийин. Аслида, ушбу масала кўпдан бери бизни ҳам ўйлантирарди. Яъни энг малакали, қўли енгил, тажрибаси катта ҳамкасбларимиздан айримлари дурустроқ даромад топиш илинжида кўпроқ ҳақ тўланадиган давлатларга кетиб қолаётганини эшитиб, ачинардик. Айниқса, шифокорларнинг аксарияти пойтахтда ишлашга интилар, шу боисдан ҳудудларда юқори малакали мутахассисларга эҳтиёж тобора ошиб бораётган эди.

Ўзингиз айтинг: бундай шароитда юқори малакали мутахассис топиш мумкинми?

Бу масалани Президентимиз Шавкат Мирзиёев еча олди. Давлат раҳбари сифатида ўтган бир йил мобайнида пойтахтдан вилоятларга, чекка-чекка туман ва қишлоқларга бориб ишлаш истагини билдирган шифокорларни уй-жой, етарлича маош билан таъминлаш, меҳнат ҳақига устамалар қўшиб бериш бўйича кўрсатаётган қатъиятлари барчани бирдек мамнун қилди.

Кадрлар масаласида гап кетганда ҳам Президентимиз Мурожаатномада ўзига хос ечимни кўрсатиб берди: чет эллик мутахассислар мамлакатимизда доимий фаолият юритишини таъминлашга қаратилган ишларни янада кучайтирамиз, деди. Шавкат Мирзиёевнинг бу гапи барчамизни руҳлантирди.

Дарҳақиқат, тиббиёт ходимлари ижтимоий-ҳуқуқий жиҳатдан қанча кўп муҳофаза қилинса, соҳада натижадорлик, ютуқ ва ижобий ўзгаришлар шунча кўп бўлиши, шубҳасиз.

Арипжон ҚУДРАТОВ,

Ўзбекистон Республикаси

 

Олий Мажлиси Сенати аъзоси.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn