Пойтахтимизда халқ депутатлари туман Кенгашларининг илк сессияси бўлиб ўтди
  • 17 Январь 2018

Пойтахтимизда халқ депутатлари туман Кенгашларининг илк сессияси бўлиб ўтди

2017 йилнинг 24 декабрь куни пойтахт ижтимоий-иқтисодий ҳаётида муҳим аҳамиятга эга тадбир — халқ депутатлари туман Кенгашларига сайлов уюшқоқлик билан ўтказилди.

Давлатимиз раҳбари таклиф ва ғоялари асосида Тошкент шаҳри туманларида халқ депутатлари Кенгашлари тузилиши жойларда аҳолини ўйлантираётган муаммо ҳамда камчиликларни чуқурроқ ўрганиб, барча жабҳада қонун устуворлиги ва қонунийликни кафолатлашда жамоатчилик иштирокини кенгайтириш, ислоҳотлар самарадорлигини юксалтиришда депутатлик назорати таъсирчанлигини ошириш имконини беради.

Шу кунларда пойтахтимизда халқ депутатлари туман Кенгашларининг биринчи сессияси бўлиб ўтмоқда.

Олмазор тумани сайлов комиссияси раиси Садриддин Турабжановнинг айтишича, ҳудудда 30 та сайлов округи ҳамда 106 та сайлов участкаси ташкил этилиб, фуқароларнинг ўз конституциявий ҳуқуқини эмин-эркин амалга ошириши учун барча шароит яратилди. Ҳудудда сайловчиларнинг 85,7 фоизи овоз беришда қатнашди. Натижаларга кўра, 25 нафар номзод халқ депутатлари Олмазор тумани Кенгаши депутати этиб сайланди. Шу билан бирга, 5 та сайлов округида номзодларнинг етарли овоз ололмагани аниқланди ва уларда шу йилнинг 7 январь куни “Халқ депутатлари вилоят, шаҳар ва туман Кенгашларига сайлов тўғрисида”ги Қонунга мувофиқ, такрорий овоз бериш ташкил қилинди.

Сессияда халқ депутатлари Олмазор тумани Кенгашига сайланган депутатлар рўйхати ҳавола этилди. Келтириш ўринлики, туман Кенгаши депутатлик корпусида энг кўп ўринни Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати — Ўзбекистон Либерал-демократик партияси номзодлари (12 нафар) эгаллади. Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларидан 8 нафар, Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси ва Ўзбекистон Халқ демократик партиясидан 4 нафардан ҳамда Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партиясидан 2 нафар депутат ўрин олди.

Сайланган депутатларга депутатлик гувоҳномалари топширилди.

Халқ депутатлари Олмазор тумани Кенгаши Регламенти, доимий комиссиялари тўғрисидаги Низом ҳамда доимий комиссиялар таркиби тасдиқланди.

Фарида МАҲКАМОВА,

 

«Халқ сўзи» мухбири.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn