Қонунларнинг ягона манбаи ва муаллифи халқимиз бўлиши керак
  • 17 Январь 2018

Қонунларнинг ягона манбаи ва муаллифи халқимиз бўлиши керак

Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг Олий Мажлисга Мурожаатномасида тараққиётимизнинг янги босқичида амалга оширилиши лозим бўлган устувор вазифалар белгилаб берилди.

Жумладан, ислоҳотлар самарасини юксалтиришда парламент, депутат ва сенаторларнинг фаол ҳамда таъсирчан иштирокига алоҳида эътибор қаратилди.

Пойтахтимизнинг муҳташам Симпозиумлар саройида бўлиб ўтган анжуман иштирокчиси сифатида таъкидлашни истардимки, давлатимиз раҳбарининг чексиз ватанпарварлик руҳи, халқ хоҳиш-иродасига эҳтироми сифатида баён қилинган Мурожаатномани жонажон Ўзбекистонимизнинг тенглар ичра тенглиги ва халқимизнинг буюк истиқболи йўлида ёниб, биз депутат ва сенаторлар, бутун халқимизга мурожаати, деб қабул қилдик.

Сенатор сифатида мен унда билдирилган мулоҳазаларни қалбимга чуқур жойлаган бўлсам-да, ҳар куни уни такрор-такрор ўқиш, уқиш, мазмун-моҳиятини бошқаларга ҳам етказишни бурчим, деб биламан. Сабаби, мазкур Мурожаатнома “шаблон-қолип”дан холи бўлиб,  юрак-юракларга етиб борди. Дунё жамоатчилиги, таниқли давлат ва жамоат арбоблари, чет эл оммавий ахборот воситалари Мурожаатномадан сўнг Ўзбекистонда, таъбир жоиз бўлса, шиддат билан янги ўзгаришлар даври бошланди, дея баҳолаётганида ҳам катта маъно мужассам. Туркиянинг етакчи иқтисодий нашрларидан бири — “Derin Ekonоmi” журнали Президент Шавкат Мирзиёевни ўз мамлакати ва минтақасидаги вазиятлар ўзгаришига сезиларли таъсир кўрсатишга қодир бўлган жаҳоннинг биринчи ўн нафар етакчиси рўйхатига киритгани ҳам бежиз эмас.

Халқ билан мулоқот қилишнинг назарий босқичидан амалий босқичига ўтилган, ҳар бир ишда халқимиз билан маслаҳатлашув амалга оширилаётган, унинг фикр-мулоҳазасига қулоқ тутилаётган бир пайтда Президентимизнинг “Қонуннинг бирдан-бир манбаи ва муаллифи том маънода халқ бўлиши шарт” деган ҳақли талаби жуда муҳим аҳамиятга эга, албатта.

Дарҳақиқат, ҳар қандай қонун халқ хоҳиш-иродасини ифода этиб, унинг манфаатларига хизмат қилиши лозим экан, қонунлар лойиҳаси муҳокамасини  қуйидан, яъни халқнинг ўзидан бошлаш зарурлиги мантиқан тўғридир. Бинобарин, оддий фуқаро, у шаҳарда яшайдими, қишлоқдами, қабул қилинаётган қонуннинг мақсад-муддаоси, моҳияти ва нормалари унинг учун тушунарлими, шахсий ҳаётидаги муаммоларини турли “бюрократик тўсиқлар”сиз ечиш имконини берадими — буни билишга ҳақли. Биз — депутат ва сенаторлар ана шу оддий ҳақиқатни ўйлаб, қонун ижод қилишимиз лозим.

Шу ўринда барчамизни хурсанд қилаётган бир янгилик ҳақида алоҳида тўхталиб ўтиш жоиз. Ҳаракатлар стратегиясини Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йилида амалга ошириш бўйича Давлат дастури лойиҳаси халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларида сенаторлар, депутатлар билан бирга кенг жамоатчилик, хусусан, давлат тузилмалари, маҳалла фаоллари, нодавлат нотижорат ташкилотлар, оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирокида муҳокама қилинмоқда. Муҳокамалар бўйича халқимизнинг фикр ва таклифлари инобатга олинаяпти. Бу ҳам ҳар бир давлат аҳамиятига молик ҳужжатни қабул қилишда, аввало, халқимизнинг хоҳиш-иродасига таянилаётганидан далолатдир.

Мурожаатномада яна бир муҳим жиҳат тилга олинди. У ҳам бўлса, расмий йиғилишлар, самарасиз назорат, қуруқ рақамларни санашдек эски одатлар билан дастурхонимиз бут, ҳаётимиз фаровон бўлиб қолмайди. Аччиқ бўлса ҳам тан олишимиз керакки, Юртбошимиз қайта-қайта таъкидлаганидек, бугун ижроия ҳокимиятининг раҳбари қабул қилган қарорларни биз, халқ вакиллари туман, шаҳар, вилоят сессияларида кўп ҳолларда ҳеч бир истисносиз маъқуллаб, тасдиқлаб берамиз. Ҳолбуки, бу ерда оддий мантиқ ишламайди: ҳоким ҳамон Кенгаш раиси ваколатига эга шахс саналиб қолаверар экан, “муқобил фикр”, “қайта ишлаш учун қайтариш” ёки “қабул қилмаслик” каби амалиёт орзулигича қолиб кетаверади.

Назаримизда, маҳаллий Кенгашлар ҳузуридаги сиёсий партиялар гуруҳлари ва доимий комиссиялар фаолиятини тубдан такомиллаштириш, вилоят, шаҳар ва туман Кенгашлари депутатларининг “сўровлари”га мансабдор шахсларнинг беписанд муносабатларига, лоқайдликларига чек қўйиш пайти келди. Зотан, бу борада жиддий ўзгариш ясамас эканмиз, эски ҳаммом, эски тос деганларидек, омма биз ўқиган зерикарли “маъруза”ларни эшитмайди, берган “ҳисобот”ларимизга ва пировардида, ҳаётбахш қонунлар қабул қилишимизга ҳам ишонмайди.

Ўрни келганда таъкидлаш зарурки, парламент ва жамоат назорати масаласида ҳам сон ортидан эмас, сифат устида тинимсиз ишлашни даврнинг ўзи тақозо этмоқда. Бошқача айтганда, бизга аниқ рақамлар эмас, аниқ натижа керак. Кўплаб оғриқли масала ва муаммоларни қоғозда “ечган”дан кўра, реал ҳаётда, кундалик турмушимизда биттагина бўлса ҳам масалани ҳал қилиб берсак, шундагина одамлар биздан рози бўлади.

Муҳаммаджон МАҚСУДОВ,

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзоси.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn