Президентимиз Мурожаатномаси — хорижий жамоатчилик эътиборида
  • 17 Январь 2018

Президентимиз Мурожаатномаси — хорижий жамоатчилик эътиборида

Олий Мажлис Қонунчилик палатасида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг парламентга Мурожаатномаси мазмун-моҳиятини, шунингдек, “Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йили” Давлат дастури лойиҳаси аҳамиятини кенг хорижий жамоатчиликка етказишга бағишланган брифинг ўтказилди.

Депутатлар, сенаторлар, тегишли вазирлик ҳамда идоралар масъуллари ва мамлакатимизда аккредитациядан ўтказилган хорижий оммавий ахборот воситалари вакиллари, маҳаллий журналистлар қатнашган тадбирда кун тартибидаги долзарб масалалар юзасидан муфассал маълумот тақдим қилинди.

Олий Мажлис Сенати Раиси биринчи ўринбосари С. Сафоев Мурожаатнома Ўзбекистонда жамиятнинг уйғониш даврини белгилаб берган тарихий ҳужжат эканини, унда мамлакатимиз ижтимоий-сиёсий ҳаётини тубдан ўзгартиришга, иқтисодий барқарорлигини таъминлашга оид аниқ чора-тадбирлар белгилаб берилганини алоҳида таъкидлади. Маърузачи иқтисодиётимизни мутлақо янги асосда ташкил этиш ҳамда янада эркинлаштириш, унинг ҳуқуқий асосларини такомиллаштириш бўйича қатор қонунлар, Фармон ва қарорлар, пухта ўйланган дастурлар қабул қилингани ҳамда улар изчил амалга оширилаётганини айтиб ўтди. Жумладан, мамлакатимизда қисқа муддатда 161 йирик саноат объекти ишга туширилди. Бу нимани англатади? Бу бизга келгуси йилда қўшимча 1,5 триллион сўмлик маҳсулот ишлаб чиқариш имконини беради, деганидир. Қолаверса, ўтган йилда экспорт ҳажми қарийб 15 фоиз кўпайди. Миллий валютамизни эркин конвертация қилишга киришилди. Натижада юридик ва жисмоний шахслар хорижий валютани тижорат банкларидан чекловсиз сотиб олиш ҳамда эркин сотиш имконига эга бўлди. Бу реал рақамлар. Давлатимиз раҳбари Мурожаатномада иқтисодий сиёсатимизда нореал рақамлар ортидан қувиш, амалга ошмайдиган хомхаёлларни ҳақиқат сифатида тақдим этишдек номаъқул иш услубини жиддий танқид қилди. Амалий натижадорлик, инсон манфаати ва яна бир бор инсон манфаати ислоҳотларнинг бош мақсади этиб белгиланди. Айни шу асосда амалга оширилган чора-тадбирлар натижасида аҳолининг ўз турмушидан рози бўлиб яшаши кафолатланаяпти.

Очиғини айтиш керак, ўтган даврда шаҳару қишлоқларимизда жами 3,5 миллион квадрат метрдан зиёд намунавий уйлар ҳамда кўп қаватли уй-жойлар барпо қилинди. Бу рақамни аввалги йиллардагига таққослайдиган бўлсак, 2007 йилдагига нисбатан 20 баробар, 2010 йилдагига нисбатан 3,5 баробар, 2014 йилдагига нисбатан эса 2 баробар кўп уй-жой қурилганини кўришимиз мумкин.

С. Сафоев иштирокчилар эътиборини ташқи сиёсатимизнинг прагматик ҳамда очиқлик принципларига, энг асосийси, қўшни давлатлар билан дўстона ва амалий муносабатларни ривожлантириш, Ватанимиз суверенитети ҳамда мустақиллигини мустаҳкамлаш масалаларига қаратди. Яқинда янги таҳрирда қабул қилинган мамлакатимиз Мудофаа доктринасининг мазмун-моҳияти ҳақида алоҳида тўхталиб ўтди. Таъкидланганидек, биринчи марта очиқлик хусусиятига эга бўлган мазкур ҳужжат қоидаларининг қоғозда қолиб кетмаслиги учун уларни ҳаётга сўзсиз жорий этишни таъминлашда парламент аъзолари ташаббускор бўлишлари давр талабидир.

Мурожаатномада парламентнинг қонун ижодкорлиги, назорат-таҳлил фаолиятини такомиллаштириш, одамларни қийнаётган муаммоларни тегишли қонунлар қабул қилиш ёки ижро ҳокимияти олдига масалани қатъий қўйиш билан ҳал этиш орқали ечимини топишга оид аниқ вазифалар белгиланди. Бу ҳақда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикери ўринбосари С. Отамуротов батафсил тўхталди.

Маърузачи айтиб ўтганидек, бугунги кунда Ўзбекистон парламенти соғлиқни сақлаш тизими, жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш ҳамда маҳаллий Кенгашлардаги фаолиятни самарали ташкил қилиш бўйича муайян саъй-ҳаракатларни олиб бормоқда. Бироқ ушбу йўналишдаги ишларнинг натижалари ҳаётимизда деярли кўринмаяпти. Жумладан, қуйи палатанинг соғлиқни сақлаш соҳасига масъуллигини назарда тутиб айтганда, ҳозирги вақтда биронта ҳам ҳудудда ушбу тизим аҳоли учун муносиб хизмат қиладиган даражада ташкил этилган, деб бўлмайди. Демак, амалий ишларга ўтиш вақти келди. Мурожаатномада белгиланган вазифалардан келиб чиқиб, яқинда Қонунчилик палатасида Фуқароларнинг соғлиғини сақлаш масалалари қўмитаси ташкил қилинди. Асосан ҳудудларда фаолият кўрсатадиган ушбу қўмита аъзолари айни пайтда жойларда соғлиқни сақлаш тизимидаги ҳолатни ўрганмоқда.

Бундан ташқари, парламентнинг қонун ижодкорлиги фаолиятини ҳам камчилик ва нуқсонлардан холи, деб бўлмайди. Ўтган йилда жами

136 та қонунчилик ташаббусидан, бор-йўғи, 27 таси депутатларга тегишли бўлиб, улар ҳам, асосан, амалдаги қонунларга Президентнинг Фармон ҳамда қарорларидан келиб чиқадиган ўзгартиш ва қўшимчалардир. Шунинг ўзи фаолият самараси етарли эмаслигини кўрсатади. Мамлакат раҳбари томонидан илгари сурилган таклифларни ҳаётга татбиқ этиш мақсадида яқинда Олий Мажлис ҳузурида Қонунчилик муаммолари ва парламент тадқиқотлари институти фаолияти йўлга қўйилди.

Спикер ўринбосари брифингда қонунлар муҳокамасига кенг халқ оммасини жалб қилиш, интернетда мамлакатимиз фуқаролари давлат ҳамда жамият ҳаётига дахлдор муҳим масалалар бўйича ўз фикрларини билдиришлари учун “Менинг фикрим” деб номланган махсус веб-саҳифа ташкил этиш, парламент назоратининг таъсирчан механизмларидан фойдаланиш, партиялараро рақобатни кучайтириш масалаларига эътибор қаратди. Айни чоғда Қонунчилик ва норматив ҳужжатлар ижодкорлигини такомиллаштиришга доир концепция, халқаро норма ҳамда стандартларга жавоб берадиган ягона Сайлов кодексини ишлаб чиқиш ва қабул қилишда сиёсий партиялар фракциялари ўз позицияларини билдиришини маълум қилди.

Ташқи ишлар вазири ўринбосари С. Ниязходжаев мамлакатимизда ташқи сиёсат соҳасида барча узоқ ҳамда яқин давлатлар, аввало, қўшни мамлакатлар, халқаро ташкилотлар билан дўстона ва ўзаро манфаатли ҳамкорлик алоқалари изчил ривожланаётганини таъкидлади. Мисол учун, Россия ҳамда Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлигининг бошқа мамлакатлари, Хитой, АҚШ, Жанубий Корея, Туркия, шунингдек, Европа ва Осиё қитъаларидаги бир қатор давлатлар билан муносабатлар сезиларли даражада мустаҳкамланди. Бирлашган Миллатлар Ташкилоти, Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти, Шанхай ҳамкорлик ташкилоти, Ислом ҳамкорлик ташкилоти ҳамда бошқа нуфузли халқаро тузилмалар ва молиявий институтлар билан алоқалар сифат жиҳатидан янги босқичга кўтарилди.

Маърузачи Президентимиз Мурожаатномасида Ўзбекистоннинг ташқи сиёсат соҳасидаги фаолиятини кучайтириш ҳамда самарасини ошириш ғоят муҳим вазифа қилиб қўйилганини, шу боис ушбу йўналишдаги фаолиятни танқидий қайта кўриб чиқиш мақсадга мувофиқлигини қайд этди. Жумладан, ташқи иқтисодий алоқаларни кенгайтириш, экспортни қўллаб-қувватлаш ва инвестицияларни жалб қилиш, туризмни ҳар томонлама ривожлантириш, хориждаги фуқароларимиз ҳамда ватандошларимиз билан тизимли ишлашни йўлга қўйиш айни муддаодир. Ташқи ишлар вазири ўринбосарининг эътироф этишича, буларнинг барчаси мамлакатимиз тараққиётини, халқимиз фаровонлигини янада юксак босқичга кўтаришга хизмат қилади.

“Тараққиёт стратегияси” маркази ижрочи директори, депутат А. Бурҳонов “Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йили” Давлат дастури лойиҳасининг асосий қоидалари тўғрисида маълумот берди.

Таъкидлаб ўтилганидек, 2018 йилги Давлат дастури лойиҳасининг кенг муҳокамаси www.regulation.gov.uz портали ҳамда www.2018.strategy.uz сайтида йўлга қўйилди. Қисқа вақтда аҳолидан 4 мингдан ортиқ фикр-мулоҳазалар ва таклифлар келиб тушди. Бу 2017 йилги Давлат дастури муҳокамаси пайтидагига нисбатан уч баробар кўпдир. 2018 йилнинг 20 январигача бўлган муддатда жамоатчилик муҳокамаси натижалари ҳамда келиб тушган таклифлар таҳлили асосида Давлат дастурининг такомилига етказилган лойиҳаси тасдиқлаш учун киритилади.

Анжуманда ОАВ вакилларининг саволларига батафсил жавоб берилди.

 

Зиёда АШУРОВА.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn