Памела Спратлен: Президент Шавкат Мирзиёев ўз давлатини янгича йўлдан олиб бормоқда
  • 17 Январь 2018

Памела Спратлен: Президент Шавкат Мирзиёев ўз давлатини янгича йўлдан олиб бормоқда

Халқаро экспертлар, сиёсатшунослар ва таҳлилчилар Ўзбекистонда кечаётган ўзгаришларни диққат билан кузатмоқда, амалга оширилаётган ислоҳотларга юқори баҳо бермоқда.

Америка Қўшма Штатларининг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Памела Спратленнинг “Америка овози” телерадиоси мухбири Навбаҳор Имомовага берган интервьюсида ҳам бу ўз ифодасини топди.

Қуйида ушбу суҳбат баёни эътиборингизга ҳавола этилмоқда.

Ўзбекистонда иш бошлаганимга уч йил бўлди, деди Памела Спратлен. 2015 йил 27 январда Президент Ислом Каримовга ишонч ёрлиғи топширганман. Ўша давр билан таққослаганда, ҳозирги Ўзбекистон ғайратга тўла. Ўзгариш учун хоҳиш кучли. Ўзбекистоннинг дунёдаги ўрнини мустаҳкамлаш ва уни ривожлантириш бўйича самимий ва очиқ муҳокама кетмоқда. Жуда ҳаяжонли, қувончли давр.

Шавкат Мирзиёев етакчи сифатида кўплаб минтақавий масалалар ечими томон жонбозлик қилмоқда. Ўзбекистон Президенти 2016 йилнинг сентябрида сўзлаган нутқида янгича қўшничилик сиёсати ҳақида гапириб, Ўзбекистон қўшни давлатлар билан алоқани мустаҳкамлайди, деган эди.

Бу тезда амалга оширилиб, Президент аввал Туркманистонга, кейин Қозоғистон ва бошқа давлатларга борди. Бу Марказий Осиё билан ишлаб келаётган томонлар учун жуда қувончли. Минтақа катта потенциалга эга деб келганмиз ва энди буни минтақанинг ўзи исботлашга ҳаракат қилмоқда. Ҳамма умидга тўла.

Ўзбекистон қўшни Афғонистон билан ҳам ҳамкорликни ривожлантира бошлади. Афғонистон Президенти Ашраф ўани Ўзбекистонда жуда яхши кутиб олинди. Мен Президентларнинг расмий қабул маросимида қатнашиш шарафига муяссар бўлдим. Ажойиб ришталар. Президент Ашраф ўани Бухорога ҳам борди ва унга Бухоро давлат университетининг фахрий доктори унвони берилди.

Ўзбекистоннинг Марказий Осиё давлатлари, қолаверса, Афғонистон билан алоқаларини кузатсангиз, 2015 йилга қараганда ер билан осмонча фарқни кўрасиз.

АҚШ элчиси Президентимиз фаолиятининг ўзига хос жиҳатлари, мамлакатимиздаги ислоҳотлар ҳақида ўз фикрларини билдирди.

Президент Шавкат Мирзиёев жуда очиқ одам, назаримда. Раҳбарликка келиши биланоқ бу кўзга ташланди. Одамлар билан яқиндан очиқ мулоқот қилишни хоҳлайди, сизни қунт билан тинглайди. Гаплашаётганда сиз томон эгилади. Шавкат Мирзиёев АҚШ Президенти маслаҳатчиси ўринбосари, Миллий хавфсизлик кенгашининг Жанубий ва Марказий Осиё бўйича катта директори Лиза Кёртис билан учрашганида ҳам шундай мулоқот қилди.

Президент Шавкат Мирзиёев кўп жиҳатдан ташқи дунёга ёпиқ бўлган давлатнинг ҳамма учун очиқ эканини кўрсатмоқда. Шу маънода, Мирзиёевни ўз давлатини янгича йўлдан олиб боришга тайёр раҳбар, деб ҳисоблаймиз.

Шавкат Мирзиёевнинг раҳбарликка танланиши пухта, чуқур мулоҳазали бир қарор бўлди. Халқаро ҳамжамиятда ҳеч ким Ислом Каримов ўрнига шу одам келади, деб кутмаган эди. Шу маънода, Шавкат Мирзиёев ҳаммани, жумладан, мени ҳам жуда кўп жиҳатдан ҳайрон қолдирган ва ҳайрон қолдиради. У одамлар билан ишлашни хоҳлайди, ҳамжиҳатлик тарафдори. Президент лавозимига келганидан бери давлат ва халқни яқинлаштириш ҳаракатида. Барча даражадаги раҳбарларга халқ манфаатларини ўйланг, у билан мулоқот қилинг, деб уқтирмоқда. Бундай ёндашувни одамлар, назаримда, кутмаган эди.

Унинг бошлаган ишлари самара бера бошлади. Бир нарса ойдай равшан: у давлат органлари золим бўлишини хоҳламайди, аксинча, давлат органлари халққа хизмат қилсин, дейди.

Ҳукумат тизимида эски даврдан қолган тажрибали одамлар ҳам бўлса-да, иқтидорли ёш раҳбарлар кўпчиликни ташкил этади. Чет элда ўқиганларга кенг йўл очилаётгани ҳам улкан ўзгаришдир. Ёшларга эътибор катта. Хорижда ишлаётганларга ҳам ижобий қаралаётгани таҳсинга сазовор.

Бозор иқтисодиёти ҳам силжий бошлади. Олдинда қилинадиган ишлар талай. Президентнинг бу борада БМТда ва бошқа минбарлардан туриб гапириши, янги йўналишга ўтиш, Нью-Йоркда АҚШ бизнес доираларига бу борада очиқ айтиши кенг олқишланди.

Ҳар куни хушхабар. Олдинлари Ўзбекистонга шошмай, асталик билан ҳаракат қиладиган халқ ва ҳукумат, деб қарашар эди. Лекин бугунги сигнал шуки, Ўзбекистон олдинга шахдам қадам ташламоқда.

Президент Мирзиёев дадиллик билан кўпроқ бизнесменларни жалб этмоқчи, мамлакатда тўғридан-тўғри сармоя оқими кўпайсин, демоқда. 2017 йил сентябрда конвертация очилгани шунга бел боғланганидан дарак беради. Шундай экан, яна кўплаб хушхабарлар кутиб қоламиз.

Ҳозирча ўзгаришлар ортида унинг ўзи турибди. Мирзиёев шу қадар тез ва талабчанки, у билан ёнма-ён кетиш қийин.

Тўғри, босим кучли. Ўзгариш қилиш керак. Бу — имконият аслида. Имкониятлардан фойдаланиб қолиш зарур, чунки уларнинг муддати бор. Айримлар фикрича, 2-3 йил.

АҚШ сиёсий доиралари вакиллари Ўзбекистон Президентига ислоҳотчи, деб қарайди. У кўтараётган масалалар, нутқларида аҳамият қаратаётган мавзулар — мисли кўрилмаган чиқишлар. Олий Мажлисга Мурожаатнома маросимида мен йўқ эдим. Конституция кунидаги нутқини тингладим. Қийноқларга қарши гапирди. Бу — тарихий ўзгариш. Бу — ислоҳот. “Қора рўйхатлар” бекор қилиниши, одамлар ундан чиқарилиши — катта ислоҳот.

Шавкат Мирзиёев у қилаётган ишлар тўғри баҳоланишини истайди. У бошлаётган ислоҳотлар тан олиниб, қувватланишини, бугунги Ўзбекистон олдинги Ўзбекистон эмас — шунинг тан олинишини хоҳлайди. Халқ ҳукуматдан узоқ эди, шуни ўзгартирмоқчи. У ислоҳотчи сифатида майдонга чиқмоқда.

Памела Спратленнинг интервьюсида Ўзбекистон — АҚШ муносабатларига ҳам алоҳида эътибор қаратилди.

Президент Шавкат Мирзиёев АҚШнинг иқтисодий жиҳатдан фаол бўлишини хоҳлайди, айниқса, савдо бобида. Ўзбекистонда шароит яхшиланган сари сармоячилар ҳам кўпаяверади. Бизнесменларимиз ўзи боради.

Америка — Ўзбекистон савдо палатасининг сентябрда Нью-Йоркдаги йиғилишида АҚШда Ўзбекистонга нисбатан қизиқиш катта экани сезилди. Мана шу қизиқиш энди амалда қандай акс этади? Шунинг устида ишлаш керак.

АҚШ ва Ўзбекистон давлат раҳбарлари ўртасида олий даражада учрашув бўлса, мен элчи сифатида жон дейман. Ўтган ойда Президентлар телефон орқали мулоқот қилдилар. Самарали, ижобий мулоқот. Кейинги қадамлар устида ҳаракат кетмоқда. Вашингтонга ташриф, албатта, энг ажойиб воқеа бўлади.

Марказий Осиё биз учун жуда муҳим минтақа. Вашингтонда Ўзбекистонга қизиқиш жуда юқори...

Ўзгаришлар тўхтамайди. Улар давом этиши учун Ўзбекистон халқига ва раҳбариятига куч ва матонат тилайман. Биз Ўзбекистон билан яқиндан ҳамкорлик қилишни хоҳлаймиз, бу аниқ.

 

2018 йил Президент Шавкат Мирзиёев ва Ўзбекистон халқи учун ажойиб давр бўлсин, келажаги порлоқ бўлсин, деди пировардида АҚШ элчиси.

ЎзА.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn