Ижтимоий адолат тамойили қабул қилинаётган қонунларда ўз ифодасини топиши керак
  • 12 Декабрь 2017

Ижтимоий адолат тамойили қабул қилинаётган қонунларда ўз ифодасини топиши керак

 

Кеча Олий Мажлис Қонунчилик палатасида сиёсий партиялар фракцияларининг Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганининг 25 йиллигига бағишланган тантанали маросимдаги “Конституция — эркин ва фаровон ҳаётимиз, мамлакатимизни янада тараққий эттиришнинг мустаҳкам пойдеворидир” номли маърузасининг мазмун-моҳиятига бағишланган тадбирлари бўлиб ўтди. Йиғилишларда мазкур маърузанинг аҳамиятини аҳоли орасида кенг тарғиб қилиш юзасидан партия ташкилотлари ҳамда уларнинг парламентдаги фракциялари олдида турган муҳим вазифалар муҳокама этилди.

Чунончи, Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати — Ўзбекистон Либерал-демократик партиясининг парламент қуйи палатасидаги фракцияси аъзолари дастурий маърузада юртимизда барча соҳада олиб борилаётган ислоҳотлардан кўзланган мақсад-муддао инсонни эъзозлаш ва халққа хизмат қилиш эканлиги таъкидланганини билдиришди.

Депутатлар маърузада кўтарилган ҳар бир йўналиш юртимиз эртанги куни учун ғоят долзарблигини эътироф этди. Айниқса, тадбиркорлик фаолиятининг эркинлиги, хусусий мулк дахлсизлигини амалда таъминлаш бундан буён ҳам давлат сиёсатида устувор йўналиш бўлиб қолади, деган сўзлар, ҳақиқатан ҳам, мамлакатимизда ушбу соҳа ривожига катта эътибор қаратилаётганидан далолат беради. Бу ҳақда мамлакатимиз раҳбари айтиб ўтганидек, ана шу конституциявий қоиданинг изчил амалга оширилиши ижтимоий йўналтирилган бозор иқтисодиётини жадал ривожлантириш бўйича олиб бораётган барча ишларимизнинг мазмун-моҳиятини белгилаб беради.

Фракция аъзолари мамлакатимиз раҳбари ўз маърузасида кичик бизнес ҳамда хусусий тадбиркорлик ривожига алоҳида эътибор қаратаётгани бежиз эмаслигини айтиб ўтишди. Уларнинг фикрича, бугун тадбиркорлик нафақат иқтисодий юксалиш омили, балки аҳоли бандлиги, халқ фаровонлигининг муҳим шартига ҳам айланган. Республикамиздаги иш билан банд аҳолининг катта қисми айнан тадбиркорлик ҳиссасига тўғри келаётгани ҳам соҳанинг жамиятимиз ҳаётида қандай ўрин тутишини яққол кўрсатмоқда.

Йиғилишда бу борада ЎзЛиДеП фракцияси олдида турган вазифалар муҳокама қилиниб, халқимизга давлатимиз раҳбари маърузасининг мазмун-моҳиятини, айниқса, тадбиркорлик ҳаракати ҳимояси билан боғлиқ фикрлари, йўл-йўриқларини атрофлича тушунтиришга алоҳида эътибор қаратиш лозимлиги таъкидланди.

Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партиясининг Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракцияси ва партия Марказий кенгаши ижроия қўмитасининг қўшма йиғилишида Президент маърузасидаги парламент, халқ депутатлари Кенгашларининг мамлакатимиз ижтимоий-сиёсий ҳаётидаги роли ҳамда аҳамиятига оид билдирилган фикр-мулоҳазалар, парламент ва жамоатчилик назорати институтларини мустаҳкамлашга доир таклифлар иштирокчилар диққат-эътиборида бўлди. Фракция аъзолари фикрича, бу борада янада фаол ҳамда ташаббускор бўлиш, ҳар бир ишга юксак масъулият билан ёндашиш айни муддаодир.

Муҳокамаларда сўзга чиққанлар маърузада илгари сурилган энг муҳим саккизта устувор масаланинг ҳар бири ўта ҳаётий ва долзарб эканини, унинг ижросини сифатли ҳамда самарали таъминлаш, аввало, халқ фаровонлигини юксалтириш, инсон ҳуқуқ ва манфаатларини кафолатлаш, одамларнинг ҳаётдан рози бўлиб яшашига шарт-шароит яратишга хизмат қилишини эътироф этди.

Шу боис депутатлар ҳаётий ҳамда халқчил қонунлар ишлаб чиқиш партия фракцияси олдида турган долзарб вазифалардан бири эканлигини таъкидлади. Айни чоғда қонунларнинг тўлиқлиги, ҳаётийлиги ва тўғридан-тўғри амалга ошириш механизмларини киритиш, аҳоли билан ўзаро ахборот алмашиш механизмларини такомиллаштириш, шунингдек, қонун ва қарорлар ижросини, уларнинг самарадорлигини доимий равишда ўрганиб боришда парламент ҳамда депутатлик назоратининг самарали усулларидан кенг фойдаланиш муҳимлигига эътибор қаратилди.

Айниқса, сайловчилар, фуқаролар мурожаатини эътибор билан кўриб чиқиш, электорат манфаатларини таъминлаш нафақат жорий йил, балки келгуси йиллар учун ҳам долзарб экани қайд этилди.

Бундан ташқари, давлатимиз раҳбари маърузасининг мазмун-моҳиятини аҳоли қатламларига етказиш юзасидан турли тадбирлар, хусусан, жойларда учрашувлар ўтказиш бўйича аниқ таклифлар илгари сурилди.

Ўзбекистон Халқ демократик партиясининг Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракцияси аъзолари, партия -фаоллари бугунги кунда Конституция инсон ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлашда муҳим асос бўлаётганини таъкидладилар. Айниқса, ижтимоий соҳада олиб борилаётган саъй-ҳаракатлар одамларнинг турмушини енгиллаштириш баробарида, шукроналикда умргузаронлик қилишларини таъминламоқда.

Муҳокамаларда “Буюк келажагимиз бугундан бошланади” деган шиор асосида халқимизнинг фаровон ҳаётини таъминлаш бўйича амалга оширилиши лозим бўлган масалалар юзасидан қизғин фикр алмашилди.

Жумладан, “Халқ давлат органларига эмас, давлат органлари халққа хизмат қилиши керак” деган принцип барча учун асосий қоидага айланиши лозимлиги қайд этилди. Айни чоғда депутатларнинг жойларга чиқиб, одамларнинг эҳтиёжлари, муаммолари билан яшаши, ўз ишига масъулият билан қараши, бу борада янада фаолроқ, ташаббускор бўлиши талаб қилинади.

Таъкидланганидек, бунинг учун, энг аввало, жорий йилдаги ўрганишлар натижаларини яна бир бор пухта таҳлил этиб, фойдаланилмаган имкониятларни тўла ишга солиш, сайловчилар билан ишлашнинг замонавий ҳамда самарадор воситаларини қўллаш, бу борада хорижнинг илғор тажрибаларини ҳам ўрганиш мақсадга мувофиқдир.

Маърузада яна бир жиҳат — фаолиятимиз энг муҳим конституциявий қоидага — ижтимоий адолат тамойилини таъминлашга қаратилиши шарт экани назарда тутилди. Фракция аъзолари мазкур масала партия дастурий мақсадларига тўла ҳамоҳанг эканлигидан келиб чиқиб, келгусида ижтимоий адолат тамойилини қарор топтириш борасидаги вазифаларни бажаришда адолатли қонунлар қабул қилиш айни муддао эканини ҳамда бу депутатлик корпуси учун дастуриламал бўлиши лозимлигини билдирдилар.

Президентимизнинг кўппартиявийлик тизими, партиялараро баҳс-мунозара, фикрлар ва дастурлар ўртасидаги рақобатни жадал ривожлантириш борасида билдирган фикрлари келгусида партия, унинг фракцияси фаолиятининг асосини ташкил этиши лозимлиги айтиб ўтилди. Бу бўйича иштирокчилар томонидан қатор таклифлар ўртага ташланди ҳамда муҳокама қилинди.

Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партиясининг Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракцияси аъзолари давлатимиз раҳбари маърузасининг туб-моҳиятига эътибор қаратиб, ўтган қисқа даврда давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг фуқаролар билан мулоқот қилишнинг самарали тизими йўлга қўйилгани, парламент ҳамда жамоатчилик назорати институтлари мустаҳкамланаётгани, суд-ҳуқуқ тизимининг тубдан ислоҳ қилинганини эътироф этишди.

Айниқса, Ўзбекистон тарихида биринчи маротаба судлар томонидан ҳукм қилинган 2 минг 700 нафар шахс Президент Фармони билан афв этилгани, давлат органларига кадрларни танлашдаги “эски тизим” бартараф қилинаётгани ҳамда коррупцияга қарши курашишнинг яхлит тизими яратилгани Ўзбекистон “Адолат” СДП сайловолди дастурида илгари сурилган устувор вазифаларнинг амалиётда ўз ижросини топишида муҳим роль ўйнаганлигини таъкидладилар.

Шу билан бирга, жорий йилда Мактабгача таълим вазирлиги ва Инновацион ривожланиш вазирлигининг ташкил этилгани ҳам партия томонидан таълим, илм-фан ва инновацияларни ривожлантириш соҳасида илгари сурилган ташаббусларнинг рўёбга чиқишида муҳим аҳамиятга эга бўлаётганлиги сўзга чиққанлар томонидан алоҳида таъкидланди.

Муҳокамаларда Президентимиз томонидан белгилаб берилган устувор вазифалар ижросини таъминлашда партия депутатлик корпусининг фаол иштирокини таъминлаш юзасидан фикр ва таклифлар билдирилди.

Айтиб ўтилганидек, парламент, вакиллик ҳамда жамоатчилик назорати механизмларини янада ривожлантиришда партия депутатлик корпусининг фаол иштирокини таъминлаш, партия лойиҳалари доирасида жойларда ўрганилаётган ижтимоий масалалар юзасидан ижроия ҳокимияти органлари ва мутасадди ташкилотлар мансабдор шахсларининг ҳисоботларини эшитишни кенг йўлга қўйиш, сайловчилар билан доимий мулоқот ўрнатган ҳолда уларнинг ўз вакиллари фаолияти ҳақида хабардорлигини таъминлаш лозим.

Шунингдек, малакали тиббий ёрдам кўрсатиш тизимини такомиллаштириш, касалликлар профилактикаси, патронаж ҳамда скрининг хизматларини замонавий даражага кўтариш, аҳолини арзон ва сифатли дори-дармон воситалари билан таъминлаш тизими самарадорлигини оширишга қаратилган вазифалар ижроси устидан жамоатчилик назорати самарадорлигини ошириш партия депутатларининг доимий эътиборида бўлади.

Йиғилишлар якунида ҳар бир сиёсий партия фракцияси томонидан Президентимиз маърузасида белгиланган вазифалар ижроси бўйича аниқ чора-тадбирлар белгилаб олинди ҳамда тегишли қарорлар қабул қилинди.

Зиёда АШУРОВА.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn