Қишлоқ хўжалиги натижадорлигини ошириш — долзарб вазифа
  • 12 Декабрь 2017

Қишлоқ хўжалиги натижадорлигини ошириш — долзарб вазифа

Куни кеча мамлакатимизда Ўзбекистон Республикаси қишлоқ хўжалиги ходимлари куни биринчи маротаба кенг нишонланди. Миришкор деҳқон ва фермерлар, сувчи ҳамда ирригаторлар, механизатор ва агрономларга чуқур ҳурмат-эҳтиром кўрсатилди.

Давлатимиз раҳбарининг мазкур санага бағишланган тантанали маросимдаги нутқи, унда белгиланган устувор вазифалар бу борада амалга оширилаётган саъй-ҳаракатларни янги босқичга кўтариш, соҳа фидойиларини қўллаб-қувватлашда муҳим аҳамиятга эга бўлди, десак, асло янглишмаймиз.

Дарҳақиқат, бугун юртимизда қишлоқ хўжалигини ривожлантириш, унинг ҳуқуқий асосларини такомиллаштиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Президентимиз маърузасида таъкидланганидек, жорий йилнинг ўзида қишлоқ хўжалиги соҳасига оид 5 та Қонун, 20 дан ортиқ Фармон ва қарорлар қабул қилинди, 2 та янги қўмита ҳамда 3 та уюшма тузилди. Ўзбекистон Фермерлари кенгаши эса Ўзбекистон Фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши сифатида қайта ташкил этилди. Бундан ташқари, кейинги йилларда чорвачилик тармоғини ривожлантириш дастурлари доирасида парранда, эчки, қуёнчилик, туяқуш, қорамол боқиладиган кўплаб хўжаликлар фаолияти йўлга қўйилгани диққатга сазовор.

Албатта, буларнинг барчаси халқимиз фаровонлигини кафолатлаш, юртимиз тараққиётини янада мустаҳкамлашда катта ўрин тутади. Зеро, аҳолининг ҳеч кимдан кам бўлмай умргузаронлик қилишини таъминлаш, деҳқон ҳамда фермерларнинг ердан унумли фойдаланишларига барча зарур шарт-шароит яратиш олиб борилаётган ислоҳотларнинг пировард мақсадидир.

Шу ўринда қайд этиш жоизки, мамлакатимизда ирригация ва мелиорация тадбирларининг барча харажати тўлиқ Давлат бюджети ҳисобидан қопланиб, ҳар йили 2 триллион 400 миллиард сўмдан зиёд маблағ йўналтирилмоқда. Ҳосилдорлиги паст ерларда давлат эҳтиёжлари учун пахта етиштирадиган фермер хўжаликларини молиявий қўллаб-қувватлаш мақсадида Давлат бюджетидан маблағ ажратиш ҳажми йилдан-йилга ортиб бораяпти. Бу эса, шак-шубҳасиз, фермер ҳамда деҳқон хўжаликларини янада ривожлантиришда муҳим аҳамият касб этади.

Давлатимиз раҳбари ўз нутқида қишлоқ хўжалиги соҳасида эришилаётган ютуқ ва натижалар билан бир қаторда, ҳали ишга солинмаган имкониятлар, ўз ечимини кутаётган муаммо ҳамда камчиликларга ҳам алоҳида тўхталиб ўтди.

Чунончи, жойларда қатъий назорат йўқлиги оқибатида суғориладиган ерларни фермерлар ва бошқа мутасадди раҳбарлар томонидан сотиш, ўзбошимчалик билан эгаллаб олиш ҳамда талон-торож қилиш ҳолатлари мавжудлиги, аҳолини сифатли гўшт, сут, тухум ва балиқ маҳсулотлари билан таъминлаш, мева-сабзавот етиштиришни янада кўпайтириш, уни сифатли тарзда аҳолига етказиш ҳамда экспортга чиқариш ишларининг етарли даражада эмаслиги, энг унумдор ер аҳолига томорқа сифатида берилганлиги ҳамда ундан самарали фойдаланилмаётганлиги танқид остига олинди. Шунингдек, пахта ва ғалла экилаётган паст рентабелли майдонларни йилдан-йилга қисқартириб, уларнинг ўрнига интенсив боғлар, ёнғоқзор ҳамда токзорлар барпо этиш, сердаромад бўлган соя, қалампир ва кўкатлар экиш режаларини амалга ошириш зарурлиги таъкидланди.

Ўз навбатида, биз, депутатлар маърузада белгилаб берилган устувор йўналишларни самарали таъминлашда парламент назоратининг таъсирчан механизмларидан фойдаланиш, шу билан бирга, соҳанинг ҳуқуқий базасини янада мустаҳкамлаш ҳамда такомиллаштиришни долзарб вазифа, деб ҳисоблаймиз. Бунда Ўзбекистон Республикасининг “Парламент назорати тўғрисида”ги ва бошқа қонун ҳужжатларидан фойдаланиб, ўз режа ҳамда мақсадларимизни белгилаб оламиз.

Давлатимиз раҳбарининг мазкур дастурий нутқида назарда тутилган чора-тадбирлар халқимизнинг озиқ-овқат маҳсулотларига бўлган эҳтиёжини тўлақонли таъминлаш, мамлакат экспорт салоҳиятини ошириш, тадбиркорлар, фермер ҳамда деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгаларига янада кенг имкониятлар яратишга хизмат қилади.

Тўлқин ЭШНАЗАРОВ,

Ўзбекистон Республикаси

Олий Мажлиси

Қонунчилик палатаси 

Аграр ва сув хўжалиги масалалари 

қўмитаси раиси.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn