Ўзбекистон — Россия: Стратегик шерикликнинг 25 йили
Ўзбекистон — Россия: Стратегик шерикликнинг 25 йили ЎзА суратлари
  • 01 Декабрь 2017

Ўзбекистон — Россия: Стратегик шерикликнинг 25 йили

Пойтахтимиздаги “Ўзэкспомарказ” мажмуида “Ўзбекистон ва Россия: стратегик шерикликнинг 25 йили” мавзуида тарихий-ҳужжатли кўргазма очилди.

Унда икки мамлакат парламентлари аъзолари, давлат ҳамда жамоат ташкилотлари вакиллари, вазирлик ва идоралар раҳбарлари, дипломатик корпус ҳамда халқаро ташкилотлар ваколатхоналари ходимлари ва россиялик меҳмонлар иштирок этди.

Тантанали тадбир аввалида икки мамлакатнинг давлат мадҳиялари янгради.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг тарихий-ҳужжатли кўргазма ташкилотчилари ҳамда иштирокчиларига йўллаган табригини Президентнинг Давлат маслаҳатчиси Х. Султонов ўқиб эшиттирди.

Россия Федерацияси Президенти Владимир Путиннинг қутлов сўзини Россия Федерацияси Президентининг хорижий давлатлар билан минтақалараро ва маданий алоқалар бўйича бошқармаси бошлиғи, Россия делегацияси раҳбари В. Чернов ўқиб эшиттирди.

Тадбирда сўзга чиққан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раисининг биринчи ўринбосари С. Сафоев, Россия Федерацияси Федерал Йиғилиши Федерация Кенгаши Раисининг ўринбосари И. Умаханов, Россия Федерациясининг мамлакатимиздаги Фавқулодда ва мухтор элчиси В. Тюрденев, Ўзбекистон Республикаси халқ артисти Г. Мельникова ҳамда бошқалар Ўзбекистон — Россия муносабатлари стратегик шериклик тамойиллари асосида изчил ривожланиб бораётганини таъкидлади. Кенг қамровли сиёсий мулоқотлар, савдо-иқтисодий ҳамкорлик муносабатлари кенгаяяпти, илмий-техникавий, маданий-гуманитар алоқалар тобора чуқурлашмоқда. Мамлакатларимиз минтақавий ва халқаро аҳамиятга эга долзарб -масалалар юзасидан фаол ҳамкорлик қилиб келмоқда.

Жорий йилда Ўзбекистон Республикаси билан Россия Федерацияси ўртасида дипломатик муносабатлар ўрнатилганига 25 йил тўлди. Мазкур сана муносабати билан шу йил 20 март куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ҳамда Россия Федерацияси Президенти Владимир Путин бир-бирларини қутладилар.

Икки томонлама ҳамкорликнинг чорак асрлик даври мобайнида мамлакатларимиз ҳар томонлама ва кўп қиррали муносабатларни ривожлантиришда салмоқли натижаларга эришиш, ўзаро ҳамкорликнинг деярли барча йўналишини қамраб олган самарали шартномавий-ҳуқуқий заминни шакллантиришга муваффақ бўлди. Давлатларимиз ўртасида стратегик шериклик муносабатлари руҳига монанд равишда турли соҳалар бўйича фойдали мулоқот механизмлари йўлга қўйилди.

Ўзбекистон билан Россия ўртасидаги муносабатларда 2004 йил 16 июндаги Стратегик шерикчилик тўғрисида шартнома, 2005 йил 14 ноябрдаги Иттифоқчилик муносабатлари тўғрисида Шартнома, савдо, иқтисодиёт, энергетика, қишлоқ хўжалиги, таълим, маданият ҳамда бошқа соҳаларда тузилган икки юздан зиёд икки томонлама ҳужжатлар муҳим асос бўлмоқда.

Ўзбекистон ва Россия ўзаро муносабатларни жадал ривожлантиришга қатъий тайёр эканлигини Шавкат Мирзиёев ҳамда Владимир Путин бир қанча мулоқотлари чоғида таъкидлаганлар. Шунингдек, давлат раҳбарлари икки томонлама ҳамкорликнинг барча жабҳаси бўйича ишончли, очиқ мулоқотни чуқурлаштиришга алоҳида эътибор қаратмоқда.

Ўзбекистон ва Россия халқаро майдонда бир-бирини қўллаб-қувватлаб келмоқда. Икки мамлакатнинг ташқи сиёсат, ташқи савдо, мудофаа маҳкамалари ўртасида ўзаро маслаҳатлашувлар изчил амалга оширилаяпти. Давлатларимиз БМТ, ШҲТ, МДҲ каби халқаро тузилмалар доирасида ҳам самарали ҳамкорлик қилиб келмоқда.

Ўзбекистон — Россия муносабатларида савдо-иқтисодий алоқалар асосий ўрин тутади. 2013 — 2017 йилларга мўлжалланган иқтисодий ҳамкорлик дастури, 2015 — 2019 йилларда иқтисодий ҳамкорликни ривожлантириш ва чуқурлаштиришнинг асосий йўналишларига оид ҳукуматлараро битимга мувофиқ бу соҳадаги алоқалар жадал тараққий этаяпти.

Кўргазмада намойиш қилинаётган еттита мавзудаги 300 га яқин тарихий ҳужжатларда ана шу натижалар ўз ифодасини топган.

...Экспозицияларни кўздан кечирамиз. Улардан бири Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг жорий йил 4-5 апрель кунлари Россия Федерациясига амалга оширган давлат ташрифига бағишланган.

Қайд этиш керакки, ушбу ташриф Ўзбекистон — Россия ўртасидаги ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқишда муҳим ўринга эга бўлди. Чунончи, ташриф асносида эришилган келишувлар, имзоланган 16 миллиард АҚШ долларилик 50 дан ортиқ ҳужжатлар Ўзбекистон ҳамда Россия тараққиётига, икки мамлакат халқлари фаровонлигини янада юксалтиришга хизмат қилаяпти.

Делегациялар ташрифи, ишбилармон доиралар ҳамкорлиги фаоллашгани ҳам диққатга сазовор.

Кўргазмада Ўзбекистон — Россия ўртасидаги савдо-иқтисодий, қишлоқ хўжалиги, ахборот технологиялари, қурилиш материаллари ишлаб чиқариш, ҳарбий ва ҳарбий-техникавий ҳамкорлик сингари соҳалар, маданий-гуманитар йўналишга оид экспонатлар иштирокчиларда катта таассурот қолдирмоқда.

Яқинда Россия Федерацияси Президенти Владимир Путиннинг Фармонига мувофиқ, Ўзбекистон телевидениеси сухандони, Ўзбекистон Республикаси халқ артисти Галина Мельникова халқлар ўртасида дўстлик ва ҳамкорликни мустаҳкамлаш, миллатлараро маданиятни яқинлаштириш ҳамда ўзаро бойитишдаги хизматлари учун Россия Федерациясининг “Дружба” ордени билан тақдирланди. Кўргазма доирасида Г. Мельниковага ана шу юксак мукофот -тантанали топширилди.

Кўргазма бир ой давом этади.

* * *

Россия Федерацияси Президентининг хорижий мамлакатлар билан минтақалараро ва маданий алоқалар бўйича бошқармаси бошлиғи В. Чернов бошчилигидаги нуфузли делегация, шунингдек, М. Ломоносов номидаги Москва давлат университети Тошкент филиалида ҳам бўлди. Бу ерда ташкил этилган “Ўзбекистон ва Россия стратегик шериклигининг янги уфқлари: иқтисодиёт, хавфсизлик, ижтимоий мулоқот” мавзуидаги халқаро конференцияда икки томонлама муносабатлар истиқболи хусусида фикр-мулоҳазалар юритилди.

Омонулла ФАЙЗИЕВ,

«Халқ сўзи» мухбири.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn