Парламентлараро алоқалар фаоллашмоқда
  • 01 Декабрь 2017

Парламентлараро алоқалар фаоллашмоқда

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ва Сенатида Россия Федерацияси Федерал Йиғилиши Федерация Кенгаши Раиси ўринбосари И. Умаханов бошчилигидаги делегация вакиллари билан учрашувлар бўлиб ўтди.

Учрашувларда Ўзбекистон Республикаси ҳамда Россия Федерацияси ўртасида дипломатик муносабатлар ўрнатилганидан сўнг 25 йил давомида икки томонлама ҳамкорлик алоқалари изчил ривожланиб бораётгани эътироф этилди. Хусусан, жорий йилда бу борадаги муносабатлар янада фаоллашди. Икки давлат ўртасидаги шериклик алоқалари янгича мазмун ва суръат билан бойиди.

Россия делегацияси аъзоларига Ўзбекистонда Ҳаракатлар стратегияси асосида амалга оширилаётган кенг кўламли исло-ҳотлар, шунингдек, парламентимиз фаолияти ҳақида атрофлича маълумот берилди.

Томонлар икки мамлакат парламент ҳамкорлиги натижаларини таҳлил қилиб, стратегик шерикликни янада кенгайтириш учун зарур ҳуқуқий асосларни яратиш борасида парламентлараро алоқаларни мустаҳкамлашнинг аҳамиятига эътибор қаратишди. Бунинг учун катта салоҳият, қатъий сиёсий хоҳиш борлиги таъкидланди.

— Ўтган ўн бир ой давомида мамлакатларимиз ўртасидаги ҳамкорлик алоқалари сезиларли даражада фаоллашди, — деди И. Умаханов. — Россия парламенти, сиёсий ҳамда иқтисодий доираларида Ўзбекистон билан муносабатларни мустаҳкамлаш стратегик аҳамиятга эга, деб билишади. Буни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг шу йил апрель ойида Россияга амалга оширган давлат ташрифи ва Президент Владимир Путин билан олиб борилган олий даражадаги музокаралари ҳам яққол тасдиқлайди. Ташриф доирасида муҳим келишувларга эришилди. Бугун икки давлат ўртасида савдо-иқтисодий алоқалар жадал олиб борилаяпти. Парламентларимиз ушбу жараённинг ҳуқуқий асосларини изчил такомиллаштириб, мустаҳкамлаб бориши айни заруратдир.

Шу куни парламентимиз юқори палатасида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати ҳамда Россия Федерацияси Федерал Йиғилиши Федерация Кенгаши Ҳамкорлик бўйича комиссиясининг мажлиси бўлиб ўтди.

Мажлисда Ўзбекистон ва Россия парламентлари ҳамкорлигининг асосий йўналишлари кўриб чиқилди. Чуқур таҳлиллар асосида Парламентлараро комиссиянинг икки томонлама фаолиятини янада такомиллаштириш ҳамда фаоллаштириш бўйича аниқ таклифлар ишлаб чиқилди. Хусусан, турли даражаларда ташрифлар алмашинуви, биргаликда давра суҳбатлари, конференциялар, семинарлар ўтказиш ва қабул қилинаётган қонунлар ҳамда бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ҳақида ахборот алмашиш йўли билан ушбу йўналишдаги ҳамкорликни кучайтириш зарурлиги кўрсатиб ўтилди.

Мажлис қатнашчилари Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати ва Россия Федерацияси Федерал Йиғилиши Федерация Кенгаши ўртасида ҳамкорлик тўғрисидаги янгиланган битимни, шунингдек, 2018 йилда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати ҳамда Россия Федерацияси Федерал Йиғилиши Федерация Кенгаши ўртасида икки томонлама парламентлараро ҳамкорликни ривожлантириш бўйича Амалий тадбирлар режасини — “йўл харитаси”ни маъқуллашди.

Мажлисда, шунингдек, 2018 йилнинг биринчи ярим йиллигида Тошкентда ҳудудлар форумини ўтказишнинг ташкилий масалалари муҳокама қилинди. Қайд этилганидек, бу форум Ўзбекистон ва Россия ҳудудлари ўртасида савдо-иқтисодий, инвестициявий ҳамда маданий-гуманитар ҳамкорликни янада ривожлантиришга хизмат қилади.

Қобил ХИДИРОВ.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn